Фуқаро М. Халековнинг ижтимоий тармоқда эълон қилинган мурожаати юзасидан

Аниқланишича, жиноят ишлари бўйича Бўзатов туман судининг 2022 йил 16 февралдаги ҳукмига кўра К. Садирбаева Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг «б» банди билан айбли, деб топилган. Унга нисбатан ушбу Кодекснинг 57-моддаси қўлланилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

 

Суд ҳукми устидан берилган шикоятларга асосан Қорақалпоғистон Республикаси суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 1 августдаги ажрими билан мазкур ҳукм ўзгартирилиб, К. Садирбаеванинг айбловидан мурожаатчи М. Халековдан 3.800.000 сўм миқдоридаги пулни алдаб олганлиги эпизоди ва моддий зарар ундириш билан боғлиқ қисми чиқарилган.

 

Маълумки, Жиноят-процессуал кодекси 499-моддасининг 1-қисми талабига кўра, биринчи ва апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажрими устидан маҳкум, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили, жабрланувчи ҳамда унинг вакили кассация тартибида шикоят бериши мумкин.

 

Ушбу Кодекснинг 500-моддасига асосан кассация шикояти, протести бевосита кассация инстанцияси судига – Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади.

 

Қайд этилганларга асосан М. Халековга К.Садирбаевага оид жиноят иши юзасидан қабул қилинган суд қарорларидан норози бўлган тақдирда Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят қилишга ҳақли эканлиги тушунтирилади.

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси суди  матбуот хизмати