Очиқ сайёр суд мажлисида ёшлар иштирок этди

Бугунги кунда мобиль телефонларга одамлар шунчалик тобе бўлиб қолмоқдаки, оқибатда ундан нотўғри фойдаланиш турли жиноятларнинг содир этилишига сабаб бўлмоқда.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Жиноят ишлари бўйича Нукус туман суди томонидан кенг жамоатчилик ва ёшлар иштирокида ўтказилган очиқ сайёр суд мажлисида айнан телефондаги мобиль илова орқали ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш билан боғлиқ жиноят иши кўриб чиқилди.

2004 йилда Элликқалъа туманида туғилган судланувчи А.Д. 2022 йил декабрь ойида Тахиатош туманидан янги сим картани сотиб олиб, ушбу карта орқали жабрланувчи Б.Г.нинг пластик картаси “Сlick” мобиль иловасига уланиб турганидан хабар топиб, ўзганинг мулкини қонунга хилоф равишда талон-тарож қилиш мақсадида 2023 йил январь ойидан июль ойига қадар унинг пластик картасидан жами 2 миллион 214 минг сўм пулларни яширин равишда талон-тарож қилиб, жабрланувчи Г.Б.га моддий зарар етказган. Шундай қилиб, судланувчи Д.А. ўзининг юқоридаги хатти-ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни қасддан содир қилган.

Суд мажлисида судланувчи А.Д. ўзига эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрорлигини билдириб, 2022 йил декабрь ойида Тахиатош тумани деҳқон бозоридаги пайнетдан сим карта сотиб олиб, 2023 йил январь ойида телефонига “Сlick” мобиль иловасини юклаб олганидан кейин ҳисоб рақамни текшириб кўрганида, ичида 475 минг сўм борлигини, пластик картанинг охирги рақами 5322 эканлигини билиб, уйидаги газ счётчикнинг пули тугагани ҳақида смс келганлиги туфайли опасининг пластик картасига “Сlick” орқали 150 минг сўм, уйидаги “wi-fi” тўлови учун ҳам 100 минг сўм, қолган пулни танишларига “Сlick” дастури орқали ўтказиб берганлигини, лекин кимдир пулини сўраб телефон қилса, пулларини қайтариб бераман, деб ўйлайди.Аммо етти ой давомида ҳеч кимга билдирмасдан, ҳисобдаги пулларни ечиб олиб, фойдаланган. Оқибатда эса, уни бу қилмиши суднинг қора курсисига олиб келди.

Сайёр суд мажлисида судья судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини, давлат айбловчисининг фикрини, ҳимоячи адвокатнинг музокара сўзини, судланувчининг музокара ва охирги сўзларини тинглаб, иш материаллари билан бирга солиштириб, далилларни текшириб чиқиб, ҳукм қилди. Суд ҳукми билан судланувчи А.Д. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга ушбу модда билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 1 (бир) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланиб, шахсий кафиллик эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залидан қамоққа олинди.

Ёшгина йигит энди умрининг бир йилини қамоқда ўтказади. Агар вақтида ўзи қилган қилмишини англаб етиб, ўзига ҳам, бировга ҳам жабр қилмаганда эди, бугун ўз тенгдошлари олдида юзи шувут бўлиб, кўзлари ер чизмас эди.

Суд мажлиси тугагач, унда иштирок этган ёшларга судья томонидан ўғирлик жинояти, унинг оқибатлари тўғрисида тушунчалар берилди. Ёшларни огоҳ бўлишга, вақтини беҳуда сарфламасдан, фойдали ишларга, илм олишга, китоб ўқишга чорлади. Чунки барча қилмиш ва жиноятлар айнан лоқайдлик, ишсизлик оқибатида содир бўлиши бугунги жиноят ишида яққол намоён бўлганлигини таъкидлади.

 

Азат Сейтанов,

жиноят ишлари бўйича Нукус тумани суди раиси

ОИЛАВИЙ ЗЎРАВОНЛИКЛАР

Оилавий – маиший зўравонлик муаммоси жамиятимизда учрайдиган энг кўп муммолардан бири ҳисобланади. Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали ёритилаётган оилавий зўравонлик бўйича турли резонанс ҳолатларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Бунга жавобан, мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга, болалар орасида назоратсизликнинг ва улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга, шунингдек ногиронлиги бўлган болаларни ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўсиб келаётган авлоднинг равнақига, камол топишига эътиборнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилиши, шубҳасиз, ҳар жиҳатдан таҳсинга лойиқ. Зеро, бугунги тез ўзгараётган замонда халқаро ҳамжамият ва тараққий топган мамлакатлар қаторига кўтарилиш учун ҳаракат қилаётган жамият, биринчи навбатда, бугунги униб-ўсиб келаётган фарзандларининг ҳар томонлама баркамол авлод бўлиб ҳаётга кириб боришини ўзи учун энг улуғ, керак бўлса, энг муқаддас мақсад, деб билади.

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларни ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгариш ва қўшимчлар киритиш тўғрисида” ги 829-сонли Қонуни билан Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексга ва Жиноят Кодексига ўзгаришг ва қўшимчалар киртилди.

Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси 592-моддаси билан тўлдирилиб, унга кўра, Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқни амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни, қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, башарти жиноят аломатлари, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар аломатлари мавжуд бўлмаса маъмурий жавобгарликка тортилишига ва бундай ҳуқуқбузарликлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш жазоси тайинлади.

Шунингдек, Жиноят Кодекси 1261-моддаси билан тўлдирилиб, унга кўра яъни Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, шунингдек башарти бошқа жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланди.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, оилавий зўравонлик жуда кенг ва комплекс муаммо ҳисобланиб, ҳудди шундай кенг ва комплекс ечимни талаб қилувчи иллатдир. Юқорида келтирилган маълумотлардан келиб чиққан ҳолда, ушбу иллатнинг пайдо бўлиш сабабларининг чуқур тадқиқ қилиниши, унинг ечими бўйича давлат томонидан қонунга киритилаётган ўзгаришлар ўз самарасини беришидан умидвормиз.

Р. Н. КАМАЛОВА,
Жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди

Онлайн қабул ўтказилди

Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак. Бу элпарвар тамойил давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланиб, жойларда раҳбарлар билан жонли мулоқотлар, сайёр ва онлайн қабуллар йўлга қўйилгани одамларда муаммоларини ҳал қилиш мумкинлигига катта умид ва ишонч уйғотди.

Соҳаларда ўз ечимини кўтиб турган қатор масалаларнинг бартараф этилиб, қулайлик яратилгани эса муаммоларни тизимли ҳал этиш баробарида, уларга оид мурожаатларнинг ҳам камайишига таъсир кўрсатмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси суди ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьялари малака ҳайъатининг раислари томонидан онлайн қабул ўтказилди.

Унда Хўжайли, Шуманай ва Қонликўл туманлари фуқароларининг суд-ҳуқуқ соҳасига оид мурожаатлари тингланди. Масофадан ўтказилган мазкур қабул фуқароларнинг ҳам вақтини, ҳам нақдини тежаш билан бирга, ортиқча қоғозбозлик ва оворагарчиликларнинг олдини олишга ҳам ёрдам беради.

Шуманай тумани “Айбуйир” маҳалласида яшовчи Г.Калжанова фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг суд буйриғидан норози эканлигини таъкидлаб, мутасаддиларга мурожаат қилди. Фуқаронинг коммунал тўловлардан қарздорлиги бўлганлиги учун суд буйриғига асосан ундан ундирилиши керак бўлган қарздорлик Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими томонидан нафақа пулидан ушлаб қолинган. Г.Калжановага фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш ҳуқуқи тушунтирилди.

 

 

Шуманайлик Б.Сагатов жиноят ишлари бўйича Шуманай туман судининг 2018 йилги ҳукмига асосан фуқаро А.Бекбаулиевдан ундирилиши лозим бўлган пулларни мажбурий ижро бюроси томонидан ундирилмаётганлигидан норози эканлигини билдириб Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси К.Тариховга мурожаат қилди. Унга Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

А.Қурбановага эса шартномани ҳақиқий бўлмаганлиги сабабли бекор қилиб беришни сўраб қилган мурожаати юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

 

Онлайн қабул жараёнида жами олти нафар фуқаронинг суд-ҳуқуқ соҳасига оид мурожаатлари тингланиб, тегишлилиги бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Ўрганиш учун вақт ва муддат талаб қиладиган мурожаатлар суд раиси томонидан назоратга олинди.

 

Мунтазам ўтказилаётган онлайн қабуллар инсон манфаатларини таъминлаш, одамлар билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий эҳтиёжларини ўрганиш ва мавжуд муаммоларини ҳал қилиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларнинг узвий давомидир.

 

Г.Ғаниева,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг бош консультанти

Ижтимоий тармоқларнинг бирида эълон қилинган “Қонунлари ишламаётган юрт. Қарорлар инобатга олинмаётган соҳа” номли видеомурожаат юзасидан

Беруний туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 1 ноябрдаги ҳал қилув қарорига асосан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг «OLTIN TOLA BO`STON” ишлаб чиқариш кооперативининг пахта толаларини тайёрлаш ва йиғиш ҳамда пахта етиштириш фаолиятини тугатиш тўғрисидаги аризаси тўлиқ қаноатлантирилган.

«OLTIN TOLA BO`STON” ишлаб чиқариш кооперативининг пахта толаларини тайёрлаш ва йиғиш ҳамда пахта етиштириш фаолияти тугатилган.

Мурожаатчилар буни  “ҳеч бир сабабсиз”, дея талқин қилган. Аммо, суд аксинча тугатиш учун қонуний асослар етарли бўлганлиги боис шундай тўхтамга келган. Қолаверса, мурожаатчиларнинг “суд юртимизда ишлаб чиқариш кооперативлари бўлиши мумкин эмас, кооперативимизни ёпди”, деган иддаоси ҳам мутлақо асоссиз. Зотан, Президентимизнинг 2020 йил 6 мартдаги ПҚ-4633-сонли “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг 2-банди б-кичик бандида пахта тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперациялари ташкил этилиши белгиланган.

Бироқ, айнан жавобгар кооперация ташкил қилган тумандаги пахта тозалаш корхонаси негизида Элликқалъа туманида пахтачилик-тўқимачилик йўналишида расмий равишда “БЎСТОН КЛАСТЕР” МЧЖ 2018 йил 11 январь куни ва “ELLIKQAL’A OLTIN TOLASI KLASTERI” МЧЖ 2022 йил 12 январь куни кластерлар ташкил этилиб, фаолият юритиб келган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 июндаги “Пахта хам ашёси етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 398-сонли қарорининг 3-бандида кўрсатилган қоидага зид равишда кооперация пахта етиштириш ва улар билан шартнома тузган фермер хўжаликларидан етиштирилган пахта хомашёсини қайта ишлаш бўйича кластерлар билан шартномалар тузилмаган.

Бундан ташқари, “OLTIN TOLA BO’STON” ишлаб чиқариш кооперативи 2023 йил пахта йиғим-терими мавсуми давомида 1650 тонна пахта хомашёсини Н.К номли фермер хўжалигига қарашли омборхонада очиқ майдонда, фавқулодда ҳолатлар ва ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ҳолатда сақлаб келган. Мазкур ҳолатлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси фавқулодда вазиятлар бошқармаси Элликқалъа тумани фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан 2023 йил 26 сентябрь куни далолатнома тузилиб, “OLTIN TOLA BO’STON” ишлаб чиқариш кооперативи директорига ёзма кўрсатма берилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 июлдаги 575-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги Низомнинг 12-бандида кўрсатилган талабларни тўлиқ бажармаганлиги сабабли Инспекция судга ариза билан мурожаат қилишга тўлиқ ваколатли ҳисобланади. Бундан ташқари, аризачининг талаблари ишдаги мавжуд далиллар ва тарафларнинг кўрсатмалари билан судда ўз тасдиғини топди.

Шунингдек, мурожаатда мазкур Кооперативга аъзо бўлган фермер хўжаликлари судда қатнаша олмаганлигидан ҳам норозилик билдирилган. Ҳолбуки, Суднинг 2023 йил 6 октябрдаги ажрими билан ишга 43та фермер хўжалиги ва ELLIKQAL’A NAV SINASH UCHASTKASI низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учунчи шахслар сифатида жалб қилинган. Аммо учинчи шахс вакиллари суд мажлиси куни, вақти ва жойи тўғрисидаги хабардор қилинган бўлса-да, суд мажлисига келмади.  Иқтисодий процессуал кодексининг 170-моддаси учинчи қисмида “Иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган учинчи шахслар суд мажлисига келмаса, низо уларнинг йўқлигида ҳал қилиниши мумкин”лиги белгиланган.

Айтиш жоизки, мазкур ҳал қилув қарори ҳали қонуний кучга кирмаган. Тарафларга ҳал қилув қароридан норози бўлган тақдирда ўн кунлик муддат ичида шу суд орқали Қорақалпоғистон Республикаси судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят қилишга ҳақли эканлиги тушунтирилганлиги маълум қилинади.

 

 

 

Иқтисодий судларда суд ҳужжатларини ижрога қаратиш тартиби

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 138-моддасига биноан суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар учун мажбурий ҳисобланади.

Бу каби норма Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 15-моддасида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, унга кўра қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа органлар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим.

Демак, суд ҳужжати барча учун мажбурий характерга эга бўлиши ва ижрога қаратилиши учун у қонуний кучга кирган бўлиши керак.

ИПК 192-моддасига биноан ҳал қилув қарори, агар унинг устидан апелляция тартибида шикоят қилинмаган (протест келтирилмаган) бўлса, у қабул қилинган кундан эътиборан бир ойлик муддат ўтгач, қонуний кучга киради.

Қонунчиликка биноан дарҳол ижрога қаратилиб, ижро этилиши лозим бўлган суд ҳужжатлари ҳам мавжуд бўлиб, хусусан, даъвони таъминлаш бўйича чоралар кўриш, келишув битимини тасдиқлаш, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий тартибда ижрога қаратиш учун ижро варақасини бериш, чет давлат судининг, арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ажримлар шулар жумласидандир.

Агар ИПКда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, суд ҳужжатининг ижроси суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида амалга оширилади.

Ижро варақаси – бу, суд томонидан берилган, ундирувчининг суд ҳужжатини мажбурий тартибда ижро эттириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

Албатта, ижро варақасининг мазмуни ИПКнинг 337-моддасида ва Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади)нинг 8-моддасида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Жумладан, ижро варақасида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

1) ижро ҳужжатини берган суднинг номи;

2) ижро варақаси берилган иш ва унинг рақами;

3) ижро этилиши лозим бўлган суд ҳужжати қабул қилинган сана;

4) ундирувчи ва қарздорнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, қарздор жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган жисмоний шахсларнинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларнинг реквизитлари), шунингдек қарздор юридик шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақами;

5) суд ҳужжатининг хулоса қисми;

6) ижро варақасини ижро этиш тартиби ва усули, агар бу ҳақда суд ҳужжатида кўрсатилган бўлса;

7) суд ҳужжати кучга кирган сана;

8) ижро ҳужжати берилган сана ва уни ижрога тақдим этиш муддати.

Ижро варақаси судья томонидан имзоланади ва суднинг гербли муҳри билан тасдиқланади.

ИПКнинг 336-моддасида белгиланган талабларга кўра, суд ҳужжати бўйича битта ижро варақаси берилади, бундан ИПКда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Агар суд ҳужжатини ижро этиш турли жойларда ёхуд бир нечта ундирувчи фойдасига амалга оширилиши керак бўлса, суд ундирувчиларнинг илтимосига кўра ижро этиш жойи ёхуд суд ҳужжатининг ушбу ижро варақаси бўйича ижро этилиши лозим бўлган қисмини кўрсатган ҳолда бир нечта ижро варақасини беради.

Пул суммаларини бир неча жавобгардан ундириш тўғрисидаги суд ҳужжати асосида жавобгарларнинг сони бўйича бир нечта ижро варақаси берилади. Бунда, агар солидар жавобгарлардан ундириш назарда тутилаётган бўлса, ҳар бир ижро варақасида ундирувнинг умумий суммаси кўрсатилиши ва солидар жавобгар эканлиги кўрсатилган ҳолда жавобгарларнинг ҳаммаси санаб ўтилиши керак.

Ижро варақаси суд ҳужжатини қабул қилган суд томонидан берилади.

Суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан сўнг беш кун ичида ижро варақаси ундирувчига берилади ёки унинг илтимосномасига кўра давлат ижрочисига ижро этиш учун юборилади.

Бюджетга маблағларни ундириш учун ижро варақаси қарздор турган жойдаги давлат ижрочисига суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан сўнг беш кун ичида юборилади.

Ижро варақаси электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.

Агар ижро ҳужжати ижрога топшириш муддати ўтиб кетганидан кейин юборилган бўлса ёки юқоридаги Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаса, Қонуннинг 24-моддасига биноан давлат ижрочиси ижро ҳужжатини олган кундан эътиборан уч кунлик муддат ичида қайтариб юборади.

Қайтариб юборилган ижро ҳужжати уни берган суд ёки бошқа орган томонидан у келиб тушган кундан эътиборан уч иш куни ичида йўл қўйилган нуқсонлар бартараф қилинган ҳолда такроран давлат ижрочисига юборилиши лозим.

ИПК 338-моддасига биноан ижро варақаси суд ҳужжати қонуний кучга кирган кундан эътиборан ёки суд ҳужжатининг ижроси кечиктирилган ёки бўлиб-бўлиб ижро этилган тақдирда, муддат тугаган кундан эътиборан уч йил ичида ижрога тақдим этилиши мумкин.

Ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддати:

ижро варақаси ижрога тақдим этилганда;

ижро варақаси қарздор томонидан қисман ижро этилганда узилади.

Агар ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддати ўтказиб юборилган бўлса, ундирувчи ИПКнинг 340-моддасига биноан ижро варақасини берган судга ёки у ижро этиладиган жойдаги судга ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.

Ижро варақаси (суд буйруғи) йўқотилган тақдирда эса, уни берган суд ИПКнинг 341-моддасига биноан ундирувчининг аризасига кўра ижро варақасининг (суд буйруғининг) дубликатини бериши мумкин.

Башарти, ижро ҳужжати талабларида ноаниқликлар мавжуд бўлган ёки у билан суд ҳужжати орасида тафовут аниқланган ҳолда давлат ижрочиси, Қонуннинг 31-моддасига мувофиқ, ижро ҳужжатини берган судга суд ҳужжатини тушунтириш, мазкур ҳужжатларда йўл қўйилган ёзув, босма ва арифметик хатоларни бартараф этиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилишга ҳақли. Давлат ижрочисининг аризасида суд ҳужжатининг қонунийлиги масаласида мушоҳада юритилиши мумкин эмас.

Давлат ижрочисининг аризаси, у келиб тушган кундан бошлаб иқтисодий суд томонидан йигирма кунлик муддат ичида кўриб чиқилади, натижаси бўйича ажрим чиқарилади.

Суд томонидан фақат ижро этилмаган суд ҳужжати ёки унинг ижро этилмаган қисми юзасидан тушунтириш берилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, суд ҳужжатларини ихтиёрий ижро этиш маданиятини ҳар биримиз ўзимизда шакллантириб боришимиз, уларни бажармаслик эса қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлишини эсимиздан чиқармаслигимиз лозим.

 

Қ.Хожамуратов,

Беруний туманлараро иқтисодий судининг судьяси                                                          

Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичи. Медиация – бу низонинг ҳамкорликка айланиши

Мамлакатнинг демократик ривожланганлиги даражаси албатта ушбу мамлакатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланганлик даражаси билан чамбарчас боғлиқдир.

Мамлакатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни эса мукаммал ишлаб чиқилган норматив ҳуқуқий база ва суд-ҳуқуқ тизимисиз тасаввур қилиш қийин.

Мамлакатимизда истиқлол йилларида бу борада жуда салмоқли ишлар амалга оширилди ва давом эттирилмоқда. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири, бу – қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдан иборат бўлди.

Бу борадаги ишлардан мамлакатни демократлаштириш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни яна бир қадам олға илгарилатишга туртки бўлган мамлакатимиз биринчи президенти И.А.Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисида илгари сурган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси»ни атаб ўтиш жоиз.

Ушбу Концепцияга асос давлат бошқарувини демократлаштириш ва суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштиришга қаратилган 50 дан зиёд қонунчилик ташаббуслари илгари сурилиб, бугунги кунга келиб ушбу ташаббусларнинг деярли барчаси ҳаётимизга татбиқ этилган.

Мамлакатимизда бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар дунёда тезкорлик билан рўй бераётган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёвнинг 2016 йил 21 октябрдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Ушбу Фармонга илова билан «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар» Дастури тасдиқланди.

Дастурга мувофиқ Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини изчил такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш мақсадида умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида бир қатор алоҳида қонунлар қаторида «Медиация тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам ишлаб чиқиш ва қабул қилиш назарда тутилган эди.

Ушбу қонун лойиҳаларидан «Медиация тўғрисида»ги қонун суддан ташқари фуқаролик ва иқтисодий низоларини тартибга солишнинг асосий тушунчалари, мақсадлари, вазифалари, механизмларини белгилаб беришга қаратилгандир.

Президентимиз Фармонида назарда тутилган мазкур қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 12 июнда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2018 йил 28 июнда маъқулланиб, Президентимиз томонидан 2018 йил 3 июль санасида имзоланиб, 2019 йил 1 январдан кучга кирди.

Медиация институти тарихига назар соладиган бўлсак мутахассислар фикрича ушбу тушунча инсон жамиятида низо қачон пайдо бўлган бўлса медиация ҳам бўлган. Тарихдан маълум фуқаролар низолашаётган тарафлар ўртасида сўзлашувлар олиб боришга, бетараф (нейтрал) шахс иштирокида низони ҳал қилишга кўпинча мурожаат қилишган. Инсоният жамияти ривожланишининг ҳар қандай босқичларида медиация усуллари ҳар хил шаклларда намоён бўлган бўлса да, унинг асосий – тарафларни мустақил тараф иштирокида яраштириш мақсади ўзгармаган.

Тарихдан маълум бўлишича низоларни ҳал қилишнинг яраштирув усуллари ибтидоий жамоа давридан бери қўлланиб келинган. Олимлар фикрига кўра низоли вазиятларни ҳал қилиш учун учинчи мустақил (нейтрал) томонни жалб қилиш зарурлиги энг аввало бу тирик қолиш нияти билан боғлиқ (айрим шахс ёки гуруҳлар). Ушбу яраштирув усулларини биринчилардан бўлиб қўллаганлар бу ибтидоий қабилаларда қабила бошлиқлар бўлди. Улар шу йўл билан жами қабиланинг қирилиб кетишига сабаб бўлиши мумкин бўлган зўравонликларни тўхтатиб қолишган.

Ушбу усулни қўллаш Финикия ва Вавилон савдогарлари ўртасида ривожланган бўлган. Қадимий Грецияда воситачиларни қўллаш амалиёти мавжуд бўлган (proxenetas). Рим ҳуқуқи ҳам Юстиниан кодексидан бошлаб (530—533 б. э.), воситачиликни тан олган. Римликлар «воситачи» тушунчасини белгилаш учун ҳар хил терминлардан фойдаланган — «internuncius», «medium», «intercessor», «philantropus», «interpolator», «conciliator», «interlocutor», «interpres» ва ниҳоят«mediator».

Медиация ўзининг замонавий тушунчасида 20 асрнинг иккинчи ярмидан, дастлаб англо-саксон ҳуқуқи давлатларида – АҚШ, Австралия, Буюк британияда ривожлана бошлаган ва кейинчалик Европага кенгдан тарқала бошлаган. Медиацияни қўллаш бўйича дастлабки уринишлар одатда, оилавий низоларни ҳал қилишга тегишли. Кейинчалик, медиация маҳаллий жамоалар ўртасидаги низолардан тортиб, тижорат ва оммавий соҳалардаги кўп қиррали бўлган низоларни ҳал қилишда ҳам ўз ўрнини топди.

Медиация институти бугунги кунга келиб дунёнинг АҚШ, Германия, Буюк британия, Австрия, Япония, Хитой, Гонконг, Корея, Индия ва бошқалар каби кўпгина мамлакатларида ташкил этилган ва муваффақиятли амал қилмоқда. Шу билан бирга бир қатор давлатларда медиациянинг зарурлиги шу даражага бориб етдики, уни қонунчилик даражасида тартибга солиш мақсадга мувофиқ, айрим ҳолларда эса зарур деб топилди.

Шуни ва ушбу институтнинг аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда 2002 йил 24 июнда БМТнинг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссияси (ЮНСИТРАЛ) томонидан «Халқаро тижорат келиштирув процедураси ҳақида»ги (айрим манбаларда унинг номи «Халқаро савдо арбитражи ҳақида» деб берилган) намунавий қонун қабул қилинган. Келиштирув процедураларига оид тавсиявий характерга эга бўлган ушбу қонуннинг тушунтириш хатида, ушбу институт ўзининг қўлланилишини топган давлатлардаги медиация жараёнларида эришилган келишувларнинг юридик натижадорлиги ва мажбурийлиги юзасидан таҳлил (обзор)лар ишлаб чилган.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда 2008 йил 21 майда Европа парламенти ва Европа Иттифоқи Кенгаши томонидан қабул қилинган «Фуқаролик ва тижорат ишларидаги медиациянинг айрим жиҳатлари ҳақида»ги директива, 2004 йил 2 июнда қабул қилинган медиаторлар ахлоқи ва муомалаларини ўзида акс эттирган Европа кодекси мавжуд.

Ушбу кодекс нормалари асосан фуқаролик ва тижорат ишларига оид медиацияга мўлжалланган. Кодексда медиаторни тайинлаш тартиби, унга қўйиладиган талаблар, ушбу фаолиятда қўлланадиган тамойиллар ўз ифодасини топган.

АҚШда бугунги кунда медиация тўғрисида яхлит қонун мавжуд бўлиб, у бунгача АҚШнинг ҳар хил штатларида воситачилик фаолиятини тартибга солиб келган, илгаридан мавжуд бўлган 2500 дан зиёд қонун-ҳужжатларини жамлаган.

Ўзбекистон Республикасининг Медиация тўғрисидаги Қонуни 4 боб, 34 та моддалардан иборат.

Мазкур Қонуннинг 3-моддасига кўра, унинг амал қилиши чет эл амалиётидан фарқли ўлароқ, фақат фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, шунингдек якка меҳнат низоларига ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қиладиган ёки дахл қилиши мумкин бўлган низоларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, тарафлар ўртасидаги низоларнинг судсиз, медиация ёрдамида ҳал этилиши фуқаролик ва иқтисодий соҳадаги ишларни соддалаштиришда, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги низоларнинг ўзаро муносабатларини низо сабабли ўзишга эмас балки, давом этишига хизмат қилади деб ишонч билдириш мумкин.

 

 

Еркин Утениязов,

Қарақалпақстан Республикасы суды

Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Худосизнинг ҳаракатларига чек қўйилди

СУД ЗАЛИДАН

 

Яқинда жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди ўз биносида очиқ суд мажлисида, раислик қилувчи туман судининг раиси Р.Н.Камалова, судья ёрдамчиси М.А.Норбаеванинг котибалигида, Беруний туман прокурори катта ёрдамчиси С.Юсупов, судланувчи М.Б ва унинг адвокати Беруний тумани “Рабатова Зайнап” адвокатлик бюроси адвокати З.Рабатоваларнинг иштирокида, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 113-моддасининг 4-қисми билан судланувчи М.Б. нисбатан бўлган жиноят ишини кўриб чиқди.

Судланувчи М.Б. Қорақалпоғистон Республикаси ОИТСга қарши кураш марказида 2020 йил 26 декабрь кунидан буён ОИВ инфекцияси билан ҳисобда туриши ва Ўзбекистон Республикаси “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 113-моддасига биноан ўзга шахсларга ОИВ юқтирганлик учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилишига қарамасдан, 2021 йил декабрь ойида, дастлабки тергов даврида вақтини аниқлашнинг имкони бўлмаган даврда Беруний тумани тегишли ҳудудда ҳисобда турувчи А. С. билан унга ОИВ касаллигини юқиши мумкинлигини била туриб, касалликнинг юқиши хавфини олдини олувчи ҳимоя воситаларисиз ҳамда чораларини олиб бормасдан, жинсий муносабатларга киришиб, таниши ва жинсий шериги А. С .ни ОИВ касаллиги юқиш хавфи остида қолдирган.

Бундан ташқари, судланувчи М.Б. ўзининг жиноий ҳакатларини давом эттириб, 2022 йил февраль ойида таниши ва жинсий шериги С. А. ҳамда 2022 йил апрель ойида Беруний туманида яшовчи Г. О. билан уларга ОИВ касаллигини юқиши мумкинлигини била туриб, касалликнинг юқиши хавфини олдини олувчи ҳимоя воситаларисиз ҳамда чораларини олиб бормасдан, жинсий муносабатларга киришиб, ОИВ касаллиги юқиш хавфи остида қолдирган.

Судланувчи М.Б. била туриб бошқа шахсни ОИТСни юқтириш хавфи остида қолдиришдан иборат бўлган ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 113-моддасининг 4-қисмида кўрсатилган жиноятни қасддан содир қилган.

Жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди судланувчи М.Б. ни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан,айбли, деб топиб, унга қонунга мувофиқ жазо чорасини қўллади. Хулоса шуки, ўзгалар ҳаётини қасдддан хавф остига қўяётган Худосиз М. Б.нинг жиноий ҳаракатларига чек қўйилиб, жуда савобли иш қилинди. Албатта бу одил судловнинг натижасидир. Зеро жамиятимизда М. Б. сингари аёлларга ўрин йўқ.

Раъно  Камолова,
Жиноят ишлари бўйича Беруний тумани суди раиси

Янги Қонуннинг мазмун моҳиятини тушунтириш юзасидан семинар машғулоти ўтказилди

Амударё туман ИИБнинг мажлислар залида Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси А.Сафаров, Фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси Қ.Атамуратов, Амударё туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари подполковник З.Сапарбаев, Амударё туман прокурорининг ёрдамчиси С.Абдуллаев, Амударё туман Адлия бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Н.Жуманиязова, ИЖҚКД Амударё туман бўлими инспектори И.Сабиров,    Амударё туман ДСИ ходими И.Ибрагимов, Амударё туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси терговчилари ва ИИБ профилактика инспекторлари жами 52 киши иштирокида “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш иститути такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг ЖПКга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги 2023 йил 27 сентябрдаги ЎРҚ-869-сонли Қонунининг мазмун моҳиятини тушунтириш юзасидан семинар машғулоти бўлиб ўтди.

 

Семинарни, Амударё туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари З.Сапарбаев очиб борди ва сўз навбатини Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси А.Сафаровга берди

А.Сафаров ўз сўзида Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётганлигини ҳақида тушунтириш ишлари олиб бордилар.  Ўтказилган сайёр мажлисида раислик килувчи йигилиш катнашчиларига келгусида Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексининг 483-моддасида “Жиноят ишини апелляция, кассация, тафтиш тартибида кўриш доираси” яьни суд жиноят ишини апелляция, кассация, тафтиш тартибида кўришда шикоят ёки протест важлари билан чегараланмайди ва ишни барча маҳкумларга, шу жумладан тегишли шикоятни бермаган шахсларга ёки ўзига нисбатан шикоят (протест) берилмаган маҳкумларга нисбатан ҳам тўла ҳажмда текширилишини; жиноят ишини апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида кўриб чиқаётган суд қарор қабул қилиш чоғида қуйи инстанция судлари томонидан текширилган далилларни ҳам, ишни кўришда апелляция, кассация инстанцияси ёки тегишли тафтиш инстанцияси судига тарафлар томонидан тақдим этилган ёки улар томонидан талаб қилиб олинган ва текширилган, эътиборга олинадиган янги далилларни ҳам текширилишини, бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексининг 497-11-моддасида “Биринчи инстанция судининг ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш ва протест билдириш” яьни биринчи ва иккинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилишини яъни иш бўйича биринчи инстанция судининг ажрими устидан у чиқарилган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда ушбу Кодекснинг 497-2-моддасида назарда тутилган шахслар томонидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест билдирилиши мумкинлигини; ҳукм чиқариш билан якунланган суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ажрим устидан шикоят берилган ёки протест билдирилган тақдирда, иш фақат ҳукм устидан хусусий шикоят (хусусий протест) бериш учун белгиланган муддат тугаганидан кейин апелляция инстанцияси судига юборилишини; шунингдек Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексининг 499-моддасида “Биринчи инстанция судининг ҳукми, ажрими устидан кассация тартибида шикоят беришга (протест билдиришга) бўлган ҳуқуқ” бунда Маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек жабрланувчи, унинг вакили биринчи инстанция судининг ҳукми, ажрими устидан кассация тартибида шикоят беришга ҳақлилигини; Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорлар, шунингдек уларнинг ўринбосарлари биринчи инстанция судининг ҳукми, ажрими устидан кассация тартибида протест билдиришга ҳақлилигини; Фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари биринчи инстанция суди ҳукмининг, ажримининг фуқаровий даъвога дахлдор қисми устидан кассация тартибида шикоят беришга ҳақлилигини; Суд томонидан оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили биринчи инстанция суди ҳукмининг, ажримининг оқлаш сабаблари ва асосларига доир қисми устидан кассация тартибида шикоят беришга ҳақлилигини; Ишда тараф бўлмаган шахслар ҳам биринчи инстанция суди ҳукмининг, ажримининг ўз ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор қисми устидан кассация тартибида шикоят беришга ҳақлилигини, бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексининг 510-моддасида “Тафтиш тартибида қайта кўрилиши мумкин бўлган суд ҳукмлари, ажримлари” яъни Қорақалпоғистон Республикаси судида, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида тафтиш тартибида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг, ҳудудий ҳарбий судларнинг апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек ушбу судларнинг туман (шаҳар) судлари, ҳудудий ҳарбий судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича апелляция ва кассация инстанциясида чиқарилган ҳукмлари, ажримлари кўриб чиқилишини каби бир қатор ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисида айтиб ўтди.

 

Семинар сўнгида йиғилиш иштирокчилари ўзларини қизиқтирган бошқа-да саволларга жавоблар олиб, семинар баҳс ва мунозаралар тарзида ўтди.

 

 

 А.Сафаров,

жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси         

Инсон қадри ва манфаатлари учун

Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот туман суди раиси Е.Бердиев ва Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот туман суди судьяси Б.Аймуратов Қўнғирот тумани “Гулобод” маҳалла фуқаролар йиғини биносида мазкур ҳудудда  яшовчи фуқаролар билан учрашув ўтказди.

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга доир кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан Қўнғирот тумани, “Гулобод” МФЙда жиноят ишлари бўйича Қўнғирот тумани суди судьялари томонидан ўтказилган учрашувда жиноят ишлари бўйича Қўнғирот тумани суди раиси Е.Бердиев томонидан яшовчи фуқораларига, «Инсон қадри ва манфаатлари учун» деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустахкамлашга каратилган туб ислоҳотлар Ўзбекистон учун доимо устувор мавзу эканлигини таъкидлаб, жорий йилнинг 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясида Давлатимиз раҳбарининг  нутқи ва унинг аҳаамияти тўғрисида сўзлади.

 

 

Қайд этилдики, мазкур нутқида Президентимиз кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ва ортга қайтмас тус олган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, глобал ва минтақавий кун тартибидаги энг долзарб масалалар ечимига қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди. Ўзбекистонда янгиланган Конституция бўйича ўтказилган умумхалқ референдуми миллий тараққиётимизнинг устувор йўналишларини белгилаб бергани қайд этилди. Асосий қонунимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқат яна бир бор тасдиқланди. Шу ҳуқуқий асосда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғун эканлиги аниқ мисолларда таъкидланганини эътироф этди.

Бундан сўнг, жиноят ишлари бўйича Қўнғирот тумани суди судьяси Б.Аймуратов сўзга чиқиб Ўзбекистон Республикаси  “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2023 йил 27 сентябрдаги ЎРҚ-869-сон Қонунининг  мазмун-моҳияти бўйича кенг тушунчалар бериб ўтди.

 

Хусусан, эндиликда ҳукмга апелляция шикояти (протести) 10 сутка ичида берилиши мумкин (илгари 20 сутка бўлганин). Шунингдек, Жиноят-процессуал кодекси ишларни тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишни белгиловчи боб билан тўлдирилмоқда.

Шунингдек, биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанция судларининг ҳукмлари, ажримлари устидан тафтиш тартибида шикоят бериш мумкин.

 

Агар шикоятда ёки протестда маҳкумнинг аҳволи ёмонлашишига олиб келадиган ўзгаришлар ҳақидаги масала қўйилган бўлса, суднинг айблов ҳукмини ёхуд ажримини тафтиш тартибида кўриб чиқишга, шунингдек суднинг оқлов ҳукмини ёки ишни тугатиш тўғрисидаги ажримини тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишга фақат у қонуний кучга киргандан кейин бир йил ичида йўл қўйилади.

Биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси суди томонидан текширилмаган далиллар суд томонидан қабул қилинади, бунда шахс бу далилларни ўзига боғлиқ бўлмаган қандай сабабларга кўра биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судига тақдим этиш имконияти бўлмаганлигини тушунтириб бериши керак.

Тадбир давомида қонун мазмун-моҳияти эски ва янги жорий этилаётган амалиётлар мисолида, аниқ далиллар билан тушунтириб ўтилди.

Шунингдек, маърузалар якунида фуқораларнинг суд ҳуқуқ масалалари бўйича қизиқтирган саволларига жавоб берилди.

 

Берик Аймуратов,

жиноят ишлари бўйича Қўнғирот туман суди судьяси  

Беруний туманидаги “Бўстон” маҳалласида судья томонидан учрашув ўтказилди

Жиноят ишлари буйича Беруний туман суди раиси Р.Н.Камалова раислигида Беруний тумани “Бўстон МФЙ” биносида, Беруний туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари А.Пишиев, Бўстон МФЙ раиси Р.Айтбаева, профилактика инспектори Ф.Утарбаев шунингдек жамиятимизда спорт ва бошқа соҳаларда фаол бўлган ёшлар иштирокида, аҳолини Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан таништириш мақсадида учрашув ташкил этилди.

Ўтказилган тадбирда жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди раиси Р.Камалова иштирокчиларига “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилигива адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш” тўғрисида 2023 йил 27 сентябрь кунги Ўзбекистон Республикаси 869-сонли қонунининг мазмуни ва аҳамияти юзасидан кенг турда тушунтириш ишларини олиб борди.

 

Ҳозирда амалда бўлган ЖПК нинг 497-4-моддасига кўра апелляция шикояти ва протестлари ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, маҳкум, оқланган шахс, жабрланувчи томонидан эса уларга ҳукмнинг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида берилиши мумкин. Киритилаётган ўзгартиришлар билан ушбу муддат 10 суткага ўзгартирилмоқда.

Ҳозирда амалда бўлган қонунчилик бўйича кассация шикоятлари Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилади. Иш кассация тартибида кўрилиши учун апелляция инстанциясида кўрилган бўлиши шарт. Апелляция шикояти бериш муддати узрли сабабсиз ўтказиб юборилгач берилган апелляция шикоятлари оқибатсиз қолдирилади.

Киритилаётган ўзгартиришлар билан шу каби ҳолатлар бартараф этилмоқда. Апелляция шикояти бериш муддатини ўтказиб юборган шахслар биринчи инстанция судининг апелляция инстанциясида кўрилмаган ва қонуний кучга кирган ҳукмлари ва ажримлари устидан кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида биринчи инстанцияда кўрилган ҳамда апелляция инстанциясида кўрилмаган ишлар бўйича берилган шикоят (протест) лар Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан кассация инстанциясида кўриб чиқилади.

Жиноят-процессуал кодексига апелляция ва кассация инстанциясидан кейинги юқори инстанция сифатида тафтиш тартибида иш юритиш тушунчаси киритилмоқда. Ҳозирда амалда бўлган қонунчиликда бундай тушунча мавжуд эмас. Эндиликда апелляция ва кассация инстанциясида чиқарилган суд ҳукми ёки ажримидан норози бўлган шахслар тафтиш тартибида шикоят (протест) беришга ҳақли бўлади.
Қорақалпоғистон Республикаси судида, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида тафтиш тартибида жиноят ишлари буйича туман (шаҳар) судларининг, ҳудудий ҳарбий судларнинг апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек ушбу судларнинг туман (шаҳар) судлари, ҳудудий ҳарбий судлар томонидан кўрилган ишлар буйича апелляция ва кассация инстанциясида чиқарилган ҳукмлари, ажримлари кўриб чиқилади.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари буйича судлов хайъатида тафтиш тартибида кўриб чиқилади:

жиноят ишлари буйича туман (шаҳар) судларининг, ҳудудий Ҳарбий судларнинг Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек ушбу судлар томонидан туман (шаҳар) судлари, ҳудудий Ҳарбий судлар томонидан кўрилган ишлар буйича апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида чиқарилган ҳукмлари ва ажримлари;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг биринчи инстанция буйича чиқарилган ва айни шу судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек ушбу судлар томонидан биринчи инстанция тарикасида кўрилган ишлар буйича апелляция ёки кассация тартибида чиқарилган ҳукмлари ва ажримлари.

Ишларни апелляция, кассация ва тафтиш тартибида кўриб чиқилишида прокурор ва адвокат иштирок этиши шарт.

Яна бир янгилик шундан иборатки, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари буйича судлов хайъати томонидан тафтиш тартибида чиқарилган ҳукмлар, ажримлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида такроран кўриб чиқилиши мумкин.
Бу билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида ишларни тафтиш тартибида такроран кўрилиши жиноят ишларини кўришда суднинг энг юқори инстанцияси сифатида белгиланмоқда. Ҳозирда Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан ишларни такроран кассация инстанциясида кўрилиши суд тизимида ишларни кўришда энг юқори инстанция ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Бош прокурори Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича суд қарорлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига тафтиш тартибида протест билдиришга ҳақли эканлиги белгиланди.

Учрашувда соҳа вакиллари мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига судьядан батафсил маълумот олиш имкониятига эга бўлди.

 

Раъно Камалова,

жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди раиси

Skip to content