Иқтисодий судларда суд ҳужжатларини ижрога қаратиш тартиби
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 138-моддасига биноан суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар учун мажбурий ҳисобланади.
Бу каби норма Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 15-моддасида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, унга кўра қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа органлар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим.
Демак, суд ҳужжати барча учун мажбурий характерга эга бўлиши ва ижрога қаратилиши учун у қонуний кучга кирган бўлиши керак.
ИПК 192-моддасига биноан ҳал қилув қарори, агар унинг устидан апелляция тартибида шикоят қилинмаган (протест келтирилмаган) бўлса, у қабул қилинган кундан эътиборан бир ойлик муддат ўтгач, қонуний кучга киради.
Қонунчиликка биноан дарҳол ижрога қаратилиб, ижро этилиши лозим бўлган суд ҳужжатлари ҳам мавжуд бўлиб, хусусан, даъвони таъминлаш бўйича чоралар кўриш, келишув битимини тасдиқлаш, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий тартибда ижрога қаратиш учун ижро варақасини бериш, чет давлат судининг, арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ажримлар шулар жумласидандир.
Агар ИПКда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, суд ҳужжатининг ижроси суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида амалга оширилади.
Ижро варақаси – бу, суд томонидан берилган, ундирувчининг суд ҳужжатини мажбурий тартибда ижро эттириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.
Албатта, ижро варақасининг мазмуни ИПКнинг 337-моддасида ва Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади)нинг 8-моддасида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.
Жумладан, ижро варақасида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
1) ижро ҳужжатини берган суднинг номи;
2) ижро варақаси берилган иш ва унинг рақами;
3) ижро этилиши лозим бўлган суд ҳужжати қабул қилинган сана;
4) ундирувчи ва қарздорнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, қарздор жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган жисмоний шахсларнинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларнинг реквизитлари), шунингдек қарздор юридик шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақами;
5) суд ҳужжатининг хулоса қисми;
6) ижро варақасини ижро этиш тартиби ва усули, агар бу ҳақда суд ҳужжатида кўрсатилган бўлса;
7) суд ҳужжати кучга кирган сана;
8) ижро ҳужжати берилган сана ва уни ижрога тақдим этиш муддати.
Ижро варақаси судья томонидан имзоланади ва суднинг гербли муҳри билан тасдиқланади.
ИПКнинг 336-моддасида белгиланган талабларга кўра, суд ҳужжати бўйича битта ижро варақаси берилади, бундан ИПКда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Агар суд ҳужжатини ижро этиш турли жойларда ёхуд бир нечта ундирувчи фойдасига амалга оширилиши керак бўлса, суд ундирувчиларнинг илтимосига кўра ижро этиш жойи ёхуд суд ҳужжатининг ушбу ижро варақаси бўйича ижро этилиши лозим бўлган қисмини кўрсатган ҳолда бир нечта ижро варақасини беради.
Пул суммаларини бир неча жавобгардан ундириш тўғрисидаги суд ҳужжати асосида жавобгарларнинг сони бўйича бир нечта ижро варақаси берилади. Бунда, агар солидар жавобгарлардан ундириш назарда тутилаётган бўлса, ҳар бир ижро варақасида ундирувнинг умумий суммаси кўрсатилиши ва солидар жавобгар эканлиги кўрсатилган ҳолда жавобгарларнинг ҳаммаси санаб ўтилиши керак.
Ижро варақаси суд ҳужжатини қабул қилган суд томонидан берилади.
Суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан сўнг беш кун ичида ижро варақаси ундирувчига берилади ёки унинг илтимосномасига кўра давлат ижрочисига ижро этиш учун юборилади.
Бюджетга маблағларни ундириш учун ижро варақаси қарздор турган жойдаги давлат ижрочисига суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан сўнг беш кун ичида юборилади.
Ижро варақаси электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.
Агар ижро ҳужжати ижрога топшириш муддати ўтиб кетганидан кейин юборилган бўлса ёки юқоридаги Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаса, Қонуннинг 24-моддасига биноан давлат ижрочиси ижро ҳужжатини олган кундан эътиборан уч кунлик муддат ичида қайтариб юборади.
Қайтариб юборилган ижро ҳужжати уни берган суд ёки бошқа орган томонидан у келиб тушган кундан эътиборан уч иш куни ичида йўл қўйилган нуқсонлар бартараф қилинган ҳолда такроран давлат ижрочисига юборилиши лозим.
ИПК 338-моддасига биноан ижро варақаси суд ҳужжати қонуний кучга кирган кундан эътиборан ёки суд ҳужжатининг ижроси кечиктирилган ёки бўлиб-бўлиб ижро этилган тақдирда, муддат тугаган кундан эътиборан уч йил ичида ижрога тақдим этилиши мумкин.
Ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддати:
ижро варақаси ижрога тақдим этилганда;
ижро варақаси қарздор томонидан қисман ижро этилганда узилади.
Агар ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддати ўтказиб юборилган бўлса, ундирувчи ИПКнинг 340-моддасига биноан ижро варақасини берган судга ёки у ижро этиладиган жойдаги судга ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.
Ижро варақаси (суд буйруғи) йўқотилган тақдирда эса, уни берган суд ИПКнинг 341-моддасига биноан ундирувчининг аризасига кўра ижро варақасининг (суд буйруғининг) дубликатини бериши мумкин.
Башарти, ижро ҳужжати талабларида ноаниқликлар мавжуд бўлган ёки у билан суд ҳужжати орасида тафовут аниқланган ҳолда давлат ижрочиси, Қонуннинг 31-моддасига мувофиқ, ижро ҳужжатини берган судга суд ҳужжатини тушунтириш, мазкур ҳужжатларда йўл қўйилган ёзув, босма ва арифметик хатоларни бартараф этиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилишга ҳақли. Давлат ижрочисининг аризасида суд ҳужжатининг қонунийлиги масаласида мушоҳада юритилиши мумкин эмас.
Давлат ижрочисининг аризаси, у келиб тушган кундан бошлаб иқтисодий суд томонидан йигирма кунлик муддат ичида кўриб чиқилади, натижаси бўйича ажрим чиқарилади.
Суд томонидан фақат ижро этилмаган суд ҳужжати ёки унинг ижро этилмаган қисми юзасидан тушунтириш берилади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, суд ҳужжатларини ихтиёрий ижро этиш маданиятини ҳар биримиз ўзимизда шакллантириб боришимиз, уларни бажармаслик эса қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлишини эсимиздан чиқармаслигимиз лозим.
Қ.Хожамуратов,
Беруний туманлараро иқтисодий судининг судьяси