Онлайн қабул ўтказилди

Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак. Бу элпарвар тамойил давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланиб, жойларда раҳбарлар билан жонли мулоқотлар, сайёр ва онлайн қабуллар йўлга қўйилгани одамларда муаммоларини ҳал қилиш мумкинлигига катта умид ва ишонч уйғотди.

Соҳаларда ўз ечимини кўтиб турган қатор масалаларнинг бартараф этилиб, қулайлик яратилгани эса муаммоларни тизимли ҳал этиш баробарида, уларга оид мурожаатларнинг ҳам камайишига таъсир кўрсатмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси суди ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьялари малака ҳайъатининг раислари томонидан онлайн қабул ўтказилди.

Унда Хўжайли, Шуманай ва Қонликўл туманлари фуқароларининг суд-ҳуқуқ соҳасига оид мурожаатлари тингланди. Масофадан ўтказилган мазкур қабул фуқароларнинг ҳам вақтини, ҳам нақдини тежаш билан бирга, ортиқча қоғозбозлик ва оворагарчиликларнинг олдини олишга ҳам ёрдам беради.

Шуманай тумани “Айбуйир” маҳалласида яшовчи Г.Калжанова фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг суд буйриғидан норози эканлигини таъкидлаб, мутасаддиларга мурожаат қилди. Фуқаронинг коммунал тўловлардан қарздорлиги бўлганлиги учун суд буйриғига асосан ундан ундирилиши керак бўлган қарздорлик Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими томонидан нафақа пулидан ушлаб қолинган. Г.Калжановага фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш ҳуқуқи тушунтирилди.

 

 

Шуманайлик Б.Сагатов жиноят ишлари бўйича Шуманай туман судининг 2018 йилги ҳукмига асосан фуқаро А.Бекбаулиевдан ундирилиши лозим бўлган пулларни мажбурий ижро бюроси томонидан ундирилмаётганлигидан норози эканлигини билдириб Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси К.Тариховга мурожаат қилди. Унга Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

А.Қурбановага эса шартномани ҳақиқий бўлмаганлиги сабабли бекор қилиб беришни сўраб қилган мурожаати юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

 

Онлайн қабул жараёнида жами олти нафар фуқаронинг суд-ҳуқуқ соҳасига оид мурожаатлари тингланиб, тегишлилиги бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Ўрганиш учун вақт ва муддат талаб қиладиган мурожаатлар суд раиси томонидан назоратга олинди.

 

Мунтазам ўтказилаётган онлайн қабуллар инсон манфаатларини таъминлаш, одамлар билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий эҳтиёжларини ўрганиш ва мавжуд муаммоларини ҳал қилиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларнинг узвий давомидир.

 

Г.Ғаниева,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг бош консультанти