Очиқ сайёр суд мажлисида ёшлар иштирок этди

Бугунги кунда мобиль телефонларга одамлар шунчалик тобе бўлиб қолмоқдаки, оқибатда ундан нотўғри фойдаланиш турли жиноятларнинг содир этилишига сабаб бўлмоқда.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Жиноят ишлари бўйича Нукус туман суди томонидан кенг жамоатчилик ва ёшлар иштирокида ўтказилган очиқ сайёр суд мажлисида айнан телефондаги мобиль илова орқали ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш билан боғлиқ жиноят иши кўриб чиқилди.

2004 йилда Элликқалъа туманида туғилган судланувчи А.Д. 2022 йил декабрь ойида Тахиатош туманидан янги сим картани сотиб олиб, ушбу карта орқали жабрланувчи Б.Г.нинг пластик картаси “Сlick” мобиль иловасига уланиб турганидан хабар топиб, ўзганинг мулкини қонунга хилоф равишда талон-тарож қилиш мақсадида 2023 йил январь ойидан июль ойига қадар унинг пластик картасидан жами 2 миллион 214 минг сўм пулларни яширин равишда талон-тарож қилиб, жабрланувчи Г.Б.га моддий зарар етказган. Шундай қилиб, судланувчи Д.А. ўзининг юқоридаги хатти-ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни қасддан содир қилган.

Суд мажлисида судланувчи А.Д. ўзига эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрорлигини билдириб, 2022 йил декабрь ойида Тахиатош тумани деҳқон бозоридаги пайнетдан сим карта сотиб олиб, 2023 йил январь ойида телефонига “Сlick” мобиль иловасини юклаб олганидан кейин ҳисоб рақамни текшириб кўрганида, ичида 475 минг сўм борлигини, пластик картанинг охирги рақами 5322 эканлигини билиб, уйидаги газ счётчикнинг пули тугагани ҳақида смс келганлиги туфайли опасининг пластик картасига “Сlick” орқали 150 минг сўм, уйидаги “wi-fi” тўлови учун ҳам 100 минг сўм, қолган пулни танишларига “Сlick” дастури орқали ўтказиб берганлигини, лекин кимдир пулини сўраб телефон қилса, пулларини қайтариб бераман, деб ўйлайди.Аммо етти ой давомида ҳеч кимга билдирмасдан, ҳисобдаги пулларни ечиб олиб, фойдаланган. Оқибатда эса, уни бу қилмиши суднинг қора курсисига олиб келди.

Сайёр суд мажлисида судья судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини, давлат айбловчисининг фикрини, ҳимоячи адвокатнинг музокара сўзини, судланувчининг музокара ва охирги сўзларини тинглаб, иш материаллари билан бирга солиштириб, далилларни текшириб чиқиб, ҳукм қилди. Суд ҳукми билан судланувчи А.Д. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга ушбу модда билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 1 (бир) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланиб, шахсий кафиллик эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залидан қамоққа олинди.

Ёшгина йигит энди умрининг бир йилини қамоқда ўтказади. Агар вақтида ўзи қилган қилмишини англаб етиб, ўзига ҳам, бировга ҳам жабр қилмаганда эди, бугун ўз тенгдошлари олдида юзи шувут бўлиб, кўзлари ер чизмас эди.

Суд мажлиси тугагач, унда иштирок этган ёшларга судья томонидан ўғирлик жинояти, унинг оқибатлари тўғрисида тушунчалар берилди. Ёшларни огоҳ бўлишга, вақтини беҳуда сарфламасдан, фойдали ишларга, илм олишга, китоб ўқишга чорлади. Чунки барча қилмиш ва жиноятлар айнан лоқайдлик, ишсизлик оқибатида содир бўлиши бугунги жиноят ишида яққол намоён бўлганлигини таъкидлади.

 

Азат Сейтанов,

жиноят ишлари бўйича Нукус тумани суди раиси