Очиқ сайёр суд мажлисида ёшлар иштирок этди

Бугунги кунда мобиль телефонларга одамлар шунчалик тобе бўлиб қолмоқдаки, оқибатда ундан нотўғри фойдаланиш турли жиноятларнинг содир этилишига сабаб бўлмоқда.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Жиноят ишлари бўйича Нукус туман суди томонидан кенг жамоатчилик ва ёшлар иштирокида ўтказилган очиқ сайёр суд мажлисида айнан телефондаги мобиль илова орқали ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш билан боғлиқ жиноят иши кўриб чиқилди.

2004 йилда Элликқалъа туманида туғилган судланувчи А.Д. 2022 йил декабрь ойида Тахиатош туманидан янги сим картани сотиб олиб, ушбу карта орқали жабрланувчи Б.Г.нинг пластик картаси “Сlick” мобиль иловасига уланиб турганидан хабар топиб, ўзганинг мулкини қонунга хилоф равишда талон-тарож қилиш мақсадида 2023 йил январь ойидан июль ойига қадар унинг пластик картасидан жами 2 миллион 214 минг сўм пулларни яширин равишда талон-тарож қилиб, жабрланувчи Г.Б.га моддий зарар етказган. Шундай қилиб, судланувчи Д.А. ўзининг юқоридаги хатти-ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни қасддан содир қилган.

Суд мажлисида судланувчи А.Д. ўзига эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрорлигини билдириб, 2022 йил декабрь ойида Тахиатош тумани деҳқон бозоридаги пайнетдан сим карта сотиб олиб, 2023 йил январь ойида телефонига “Сlick” мобиль иловасини юклаб олганидан кейин ҳисоб рақамни текшириб кўрганида, ичида 475 минг сўм борлигини, пластик картанинг охирги рақами 5322 эканлигини билиб, уйидаги газ счётчикнинг пули тугагани ҳақида смс келганлиги туфайли опасининг пластик картасига “Сlick” орқали 150 минг сўм, уйидаги “wi-fi” тўлови учун ҳам 100 минг сўм, қолган пулни танишларига “Сlick” дастури орқали ўтказиб берганлигини, лекин кимдир пулини сўраб телефон қилса, пулларини қайтариб бераман, деб ўйлайди.Аммо етти ой давомида ҳеч кимга билдирмасдан, ҳисобдаги пулларни ечиб олиб, фойдаланган. Оқибатда эса, уни бу қилмиши суднинг қора курсисига олиб келди.

Сайёр суд мажлисида судья судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини, давлат айбловчисининг фикрини, ҳимоячи адвокатнинг музокара сўзини, судланувчининг музокара ва охирги сўзларини тинглаб, иш материаллари билан бирга солиштириб, далилларни текшириб чиқиб, ҳукм қилди. Суд ҳукми билан судланувчи А.Д. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга ушбу модда билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 1 (бир) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланиб, шахсий кафиллик эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залидан қамоққа олинди.

Ёшгина йигит энди умрининг бир йилини қамоқда ўтказади. Агар вақтида ўзи қилган қилмишини англаб етиб, ўзига ҳам, бировга ҳам жабр қилмаганда эди, бугун ўз тенгдошлари олдида юзи шувут бўлиб, кўзлари ер чизмас эди.

Суд мажлиси тугагач, унда иштирок этган ёшларга судья томонидан ўғирлик жинояти, унинг оқибатлари тўғрисида тушунчалар берилди. Ёшларни огоҳ бўлишга, вақтини беҳуда сарфламасдан, фойдали ишларга, илм олишга, китоб ўқишга чорлади. Чунки барча қилмиш ва жиноятлар айнан лоқайдлик, ишсизлик оқибатида содир бўлиши бугунги жиноят ишида яққол намоён бўлганлигини таъкидлади.

 

Азат Сейтанов,

жиноят ишлари бўйича Нукус тумани суди раиси

ОИЛАВИЙ ЗЎРАВОНЛИКЛАР

Оилавий – маиший зўравонлик муаммоси жамиятимизда учрайдиган энг кўп муммолардан бири ҳисобланади. Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали ёритилаётган оилавий зўравонлик бўйича турли резонанс ҳолатларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Бунга жавобан, мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга, болалар орасида назоратсизликнинг ва улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга, шунингдек ногиронлиги бўлган болаларни ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўсиб келаётган авлоднинг равнақига, камол топишига эътиборнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилиши, шубҳасиз, ҳар жиҳатдан таҳсинга лойиқ. Зеро, бугунги тез ўзгараётган замонда халқаро ҳамжамият ва тараққий топган мамлакатлар қаторига кўтарилиш учун ҳаракат қилаётган жамият, биринчи навбатда, бугунги униб-ўсиб келаётган фарзандларининг ҳар томонлама баркамол авлод бўлиб ҳаётга кириб боришини ўзи учун энг улуғ, керак бўлса, энг муқаддас мақсад, деб билади.

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларни ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгариш ва қўшимчлар киритиш тўғрисида” ги 829-сонли Қонуни билан Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексга ва Жиноят Кодексига ўзгаришг ва қўшимчалар киртилди.

Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси 592-моддаси билан тўлдирилиб, унга кўра, Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқни амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни, қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, башарти жиноят аломатлари, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар аломатлари мавжуд бўлмаса маъмурий жавобгарликка тортилишига ва бундай ҳуқуқбузарликлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш жазоси тайинлади.

Шунингдек, Жиноят Кодекси 1261-моддаси билан тўлдирилиб, унга кўра яъни Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, шунингдек башарти бошқа жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланди.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, оилавий зўравонлик жуда кенг ва комплекс муаммо ҳисобланиб, ҳудди шундай кенг ва комплекс ечимни талаб қилувчи иллатдир. Юқорида келтирилган маълумотлардан келиб чиққан ҳолда, ушбу иллатнинг пайдо бўлиш сабабларининг чуқур тадқиқ қилиниши, унинг ечими бўйича давлат томонидан қонунга киритилаётган ўзгаришлар ўз самарасини беришидан умидвормиз.

Р. Н. КАМАЛОВА,
Жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди

Skip to content