Худосизнинг ҳаракатларига чек қўйилди

СУД ЗАЛИДАН

 

Яқинда жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди ўз биносида очиқ суд мажлисида, раислик қилувчи туман судининг раиси Р.Н.Камалова, судья ёрдамчиси М.А.Норбаеванинг котибалигида, Беруний туман прокурори катта ёрдамчиси С.Юсупов, судланувчи М.Б ва унинг адвокати Беруний тумани “Рабатова Зайнап” адвокатлик бюроси адвокати З.Рабатоваларнинг иштирокида, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 113-моддасининг 4-қисми билан судланувчи М.Б. нисбатан бўлган жиноят ишини кўриб чиқди.

Судланувчи М.Б. Қорақалпоғистон Республикаси ОИТСга қарши кураш марказида 2020 йил 26 декабрь кунидан буён ОИВ инфекцияси билан ҳисобда туриши ва Ўзбекистон Республикаси “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 113-моддасига биноан ўзга шахсларга ОИВ юқтирганлик учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилишига қарамасдан, 2021 йил декабрь ойида, дастлабки тергов даврида вақтини аниқлашнинг имкони бўлмаган даврда Беруний тумани тегишли ҳудудда ҳисобда турувчи А. С. билан унга ОИВ касаллигини юқиши мумкинлигини била туриб, касалликнинг юқиши хавфини олдини олувчи ҳимоя воситаларисиз ҳамда чораларини олиб бормасдан, жинсий муносабатларга киришиб, таниши ва жинсий шериги А. С .ни ОИВ касаллиги юқиш хавфи остида қолдирган.

Бундан ташқари, судланувчи М.Б. ўзининг жиноий ҳакатларини давом эттириб, 2022 йил февраль ойида таниши ва жинсий шериги С. А. ҳамда 2022 йил апрель ойида Беруний туманида яшовчи Г. О. билан уларга ОИВ касаллигини юқиши мумкинлигини била туриб, касалликнинг юқиши хавфини олдини олувчи ҳимоя воситаларисиз ҳамда чораларини олиб бормасдан, жинсий муносабатларга киришиб, ОИВ касаллиги юқиш хавфи остида қолдирган.

Судланувчи М.Б. била туриб бошқа шахсни ОИТСни юқтириш хавфи остида қолдиришдан иборат бўлган ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 113-моддасининг 4-қисмида кўрсатилган жиноятни қасддан содир қилган.

Жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди судланувчи М.Б. ни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан,айбли, деб топиб, унга қонунга мувофиқ жазо чорасини қўллади. Хулоса шуки, ўзгалар ҳаётини қасдддан хавф остига қўяётган Худосиз М. Б.нинг жиноий ҳаракатларига чек қўйилиб, жуда савобли иш қилинди. Албатта бу одил судловнинг натижасидир. Зеро жамиятимизда М. Б. сингари аёлларга ўрин йўқ.

Раъно  Камолова,
Жиноят ишлари бўйича Беруний тумани суди раиси