Ижтимоий тармоқларнинг бирида эълон қилинган “Қонунлари ишламаётган юрт. Қарорлар инобатга олинмаётган соҳа” номли видеомурожаат юзасидан

Беруний туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 1 ноябрдаги ҳал қилув қарорига асосан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг «OLTIN TOLA BO`STON” ишлаб чиқариш кооперативининг пахта толаларини тайёрлаш ва йиғиш ҳамда пахта етиштириш фаолиятини тугатиш тўғрисидаги аризаси тўлиқ қаноатлантирилган.

«OLTIN TOLA BO`STON” ишлаб чиқариш кооперативининг пахта толаларини тайёрлаш ва йиғиш ҳамда пахта етиштириш фаолияти тугатилган.

Мурожаатчилар буни  “ҳеч бир сабабсиз”, дея талқин қилган. Аммо, суд аксинча тугатиш учун қонуний асослар етарли бўлганлиги боис шундай тўхтамга келган. Қолаверса, мурожаатчиларнинг “суд юртимизда ишлаб чиқариш кооперативлари бўлиши мумкин эмас, кооперативимизни ёпди”, деган иддаоси ҳам мутлақо асоссиз. Зотан, Президентимизнинг 2020 йил 6 мартдаги ПҚ-4633-сонли “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг 2-банди б-кичик бандида пахта тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперациялари ташкил этилиши белгиланган.

Бироқ, айнан жавобгар кооперация ташкил қилган тумандаги пахта тозалаш корхонаси негизида Элликқалъа туманида пахтачилик-тўқимачилик йўналишида расмий равишда “БЎСТОН КЛАСТЕР” МЧЖ 2018 йил 11 январь куни ва “ELLIKQAL’A OLTIN TOLASI KLASTERI” МЧЖ 2022 йил 12 январь куни кластерлар ташкил этилиб, фаолият юритиб келган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 июндаги “Пахта хам ашёси етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 398-сонли қарорининг 3-бандида кўрсатилган қоидага зид равишда кооперация пахта етиштириш ва улар билан шартнома тузган фермер хўжаликларидан етиштирилган пахта хомашёсини қайта ишлаш бўйича кластерлар билан шартномалар тузилмаган.

Бундан ташқари, “OLTIN TOLA BO’STON” ишлаб чиқариш кооперативи 2023 йил пахта йиғим-терими мавсуми давомида 1650 тонна пахта хомашёсини Н.К номли фермер хўжалигига қарашли омборхонада очиқ майдонда, фавқулодда ҳолатлар ва ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ҳолатда сақлаб келган. Мазкур ҳолатлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси фавқулодда вазиятлар бошқармаси Элликқалъа тумани фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан 2023 йил 26 сентябрь куни далолатнома тузилиб, “OLTIN TOLA BO’STON” ишлаб чиқариш кооперативи директорига ёзма кўрсатма берилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 июлдаги 575-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги Низомнинг 12-бандида кўрсатилган талабларни тўлиқ бажармаганлиги сабабли Инспекция судга ариза билан мурожаат қилишга тўлиқ ваколатли ҳисобланади. Бундан ташқари, аризачининг талаблари ишдаги мавжуд далиллар ва тарафларнинг кўрсатмалари билан судда ўз тасдиғини топди.

Шунингдек, мурожаатда мазкур Кооперативга аъзо бўлган фермер хўжаликлари судда қатнаша олмаганлигидан ҳам норозилик билдирилган. Ҳолбуки, Суднинг 2023 йил 6 октябрдаги ажрими билан ишга 43та фермер хўжалиги ва ELLIKQAL’A NAV SINASH UCHASTKASI низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учунчи шахслар сифатида жалб қилинган. Аммо учинчи шахс вакиллари суд мажлиси куни, вақти ва жойи тўғрисидаги хабардор қилинган бўлса-да, суд мажлисига келмади.  Иқтисодий процессуал кодексининг 170-моддаси учинчи қисмида “Иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган учинчи шахслар суд мажлисига келмаса, низо уларнинг йўқлигида ҳал қилиниши мумкин”лиги белгиланган.

Айтиш жоизки, мазкур ҳал қилув қарори ҳали қонуний кучга кирмаган. Тарафларга ҳал қилув қароридан норози бўлган тақдирда ўн кунлик муддат ичида шу суд орқали Қорақалпоғистон Республикаси судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят қилишга ҳақли эканлиги тушунтирилганлиги маълум қилинади.