Беруний туманидаги “Бўстон” маҳалласида судья томонидан учрашув ўтказилди

Жиноят ишлари буйича Беруний туман суди раиси Р.Н.Камалова раислигида Беруний тумани “Бўстон МФЙ” биносида, Беруний туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари А.Пишиев, Бўстон МФЙ раиси Р.Айтбаева, профилактика инспектори Ф.Утарбаев шунингдек жамиятимизда спорт ва бошқа соҳаларда фаол бўлган ёшлар иштирокида, аҳолини Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан таништириш мақсадида учрашув ташкил этилди.

Ўтказилган тадбирда жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди раиси Р.Камалова иштирокчиларига “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилигива адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш” тўғрисида 2023 йил 27 сентябрь кунги Ўзбекистон Республикаси 869-сонли қонунининг мазмуни ва аҳамияти юзасидан кенг турда тушунтириш ишларини олиб борди.

 

Ҳозирда амалда бўлган ЖПК нинг 497-4-моддасига кўра апелляция шикояти ва протестлари ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, маҳкум, оқланган шахс, жабрланувчи томонидан эса уларга ҳукмнинг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида берилиши мумкин. Киритилаётган ўзгартиришлар билан ушбу муддат 10 суткага ўзгартирилмоқда.

Ҳозирда амалда бўлган қонунчилик бўйича кассация шикоятлари Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилади. Иш кассация тартибида кўрилиши учун апелляция инстанциясида кўрилган бўлиши шарт. Апелляция шикояти бериш муддати узрли сабабсиз ўтказиб юборилгач берилган апелляция шикоятлари оқибатсиз қолдирилади.

Киритилаётган ўзгартиришлар билан шу каби ҳолатлар бартараф этилмоқда. Апелляция шикояти бериш муддатини ўтказиб юборган шахслар биринчи инстанция судининг апелляция инстанциясида кўрилмаган ва қонуний кучга кирган ҳукмлари ва ажримлари устидан кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида биринчи инстанцияда кўрилган ҳамда апелляция инстанциясида кўрилмаган ишлар бўйича берилган шикоят (протест) лар Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан кассация инстанциясида кўриб чиқилади.

Жиноят-процессуал кодексига апелляция ва кассация инстанциясидан кейинги юқори инстанция сифатида тафтиш тартибида иш юритиш тушунчаси киритилмоқда. Ҳозирда амалда бўлган қонунчиликда бундай тушунча мавжуд эмас. Эндиликда апелляция ва кассация инстанциясида чиқарилган суд ҳукми ёки ажримидан норози бўлган шахслар тафтиш тартибида шикоят (протест) беришга ҳақли бўлади.
Қорақалпоғистон Республикаси судида, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида тафтиш тартибида жиноят ишлари буйича туман (шаҳар) судларининг, ҳудудий ҳарбий судларнинг апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек ушбу судларнинг туман (шаҳар) судлари, ҳудудий ҳарбий судлар томонидан кўрилган ишлар буйича апелляция ва кассация инстанциясида чиқарилган ҳукмлари, ажримлари кўриб чиқилади.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари буйича судлов хайъатида тафтиш тартибида кўриб чиқилади:

жиноят ишлари буйича туман (шаҳар) судларининг, ҳудудий Ҳарбий судларнинг Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек ушбу судлар томонидан туман (шаҳар) судлари, ҳудудий Ҳарбий судлар томонидан кўрилган ишлар буйича апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида чиқарилган ҳукмлари ва ажримлари;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг биринчи инстанция буйича чиқарилган ва айни шу судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек ушбу судлар томонидан биринчи инстанция тарикасида кўрилган ишлар буйича апелляция ёки кассация тартибида чиқарилган ҳукмлари ва ажримлари.

Ишларни апелляция, кассация ва тафтиш тартибида кўриб чиқилишида прокурор ва адвокат иштирок этиши шарт.

Яна бир янгилик шундан иборатки, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари буйича судлов хайъати томонидан тафтиш тартибида чиқарилган ҳукмлар, ажримлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида такроран кўриб чиқилиши мумкин.
Бу билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида ишларни тафтиш тартибида такроран кўрилиши жиноят ишларини кўришда суднинг энг юқори инстанцияси сифатида белгиланмоқда. Ҳозирда Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан ишларни такроран кассация инстанциясида кўрилиши суд тизимида ишларни кўришда энг юқори инстанция ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Бош прокурори Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича суд қарорлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига тафтиш тартибида протест билдиришга ҳақли эканлиги белгиланди.

Учрашувда соҳа вакиллари мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига судьядан батафсил маълумот олиш имкониятига эга бўлди.

 

Раъно Камалова,

жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди раиси