1600 АҚШ доллари эвазига ишга киритиб беришни ваъда қилган фирибгар ушланди

Ҳаётда бировнинг ҳақига хиёнат қилиш, фириб бериш орқали мўмай даромад топишга интилиш туфайли юзи қаро бўлган, эл олдида жиноятчи сифатида боши эгилган одамлар учраб туради. Бироқ, уларнинг аччиқ қисмати негадир бошқаларга ўрнак бўлмайди, бу боши берк кўчани тарк этишга ундамайди. Гўёки ўзини ҳаммадан ақллидай ҳисоблаб, қилмишимни ҳеч кимга сездирмайман , ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолаверади, деб ўйлайди. Лекин қинғир ишнинг охири вой эканлигини ҳаёт қайта-қайта тасдиқламоқда.

 

Тумандаги давлат муассасаларидан бирида ишлаб юрган, гулдай икки фарзанднинг онаси Гулруҳ (исмлар ўзгартирилди) ҳам топганига қаноат қилмай, осон пул топиш йўлига ўтганида бу ҳақда чуқурроқ ўйлаб кўрмади.

 

Ҳамкасб дугонаси Ҳалимадан унинг бир қариндоши ўз мутахассислиги бўйича иш излаётганини, ишсиз қийналаётганини эшитиб, буни гўё ўзи учун осон пул топишга имкондай қабул қилди. Дарров танишлари орқали унинг ишини ҳал қилиб беришини, бунинг учун ўша қиз тезроқ 1600 доллар пулни топиб бериши кераклигини айтди. Дугонасини пора берса, иши осон битишини айтиб, қизиқтирди. У розилик билдирди.

 

Гулруҳ ўша куни айтилган жойда Ҳалиманинг қариндоши пулларни олиб келса, ундан кейинги ишларини ўзича хомчўт қилиб турганида гўё хаёллари рўёга айлангандай бўлди: ўша қиздан айтилган суммадаги долларни ва ҳужжатларини олиб сумкасига солиб, энди жўнамоқчи бўлаётган вақтида уни маъмурий органлар ходимлари қўлга олишди.

 

Яқинда содир этган ушбу ҳолати учун Гулруҳнинг қаршисига очилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича туман судида батафсил муҳокама қилинди. Суд ҳайъати иш бўйича тўпланган барча ҳужжатларни ўрганиб, тарафларнинг кўрсатмаларини эшитиб, Гулруҳнинг қилмишига яраша жазо тайинлади.

 

Асқар САФАРОВ,

жиноят ишлари бўйича Амударё  туман суди раиси