Сайёр қабул

Элликқалъа тумани “Тозабоғ” овул фуқаролар йиғинида жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман суди раиси О.Мауленов ҳамда Беруний туманлараро иқтисодий суди судьяси Қ.Хожамуратов томонидан сайёр қабул ташкил этилди. Унда фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалаларига доир мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

 

Айтиш керакки, фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлашда жойларда ташкил этиладиган қабулларнинг ўрни беқиёс. Зотан, бундай учрашувлар фуқароларнинг эшикма-эшик сарсон бўлишларининг олдини олишга, муаммоларни имкон қадар тезкор ҳал этишга хизмат қилиши баробарида уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилади.

 

 

 

 

 

 

Давлат раҳбарининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастурида ҳам юқоридаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, пировард мақсад адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига ишончини мустаҳкамлашдан иборат.

Қабулда фуқаролар уй-жой, мерос, алимент, иқтисодий низолар, фирибгарлик билан боғлиқ, шунингдек, судларга доир бошқа масалалар юзасидан ўзларини ўйлантираётган муаммолар билан судьяларга мурожаат қилдилар.