Коррупцияга қарши курашиш – асосий мақсадимиздир

Ҳар бир қонун яхшиликни кўзлаб, эзгу мақсадда қабул қилинади. Айрим қонунлар ўз мазмун-моҳиятига кўра давлат ва жамият тақдири, халқ келажаги, ҳар биримизга дахлдор бўлади. Миллий парламентимиз томонидан қабул қилиниб, Президентимиз томонидан имзоланган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун ана шундай тарихий аҳамиятга эга ҳужжатлардан биридир.

 

Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги каби масалалар аниқ белгилаб қўйилган. Мазкур қонун билан яқиндан танишиш, унинг ҳар бир моддасини чуқур ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ этишга интилиш, содда қилиб айтганда, коррупция балосининг нақадар мудҳиш иллат эканини тушуниш, мустақил идрок этиш, энг муҳими, унга қарши курашиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

 

Президентимиз Ш.Мирзиёев Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги Фармонни имзолади. Ҳужжат коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини оширишга қаратилган.

 

Сўнгги вақтларда жамиятимиз ҳаёти, мамлакатимиз иқтисодиётининг турли соҳаларини янада жадал ривожлантириш бўйича қабул қилинган қонунлар, Президент Қарор ва Фармонлари ана шу эзгу мақсадга қаратилганлигини англаш қийин эмас. Туризмни ривожлантириш, дунёнинг кўплаб давлатларидан юртимизга ташриф буюрадиган сайёҳлар учун виза режимини бекор қилиш ёки суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш ёхуд тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, турли бюрократик тўсиқ ва ғовларни йўқ қилиш ҳақидаги ҳамда бошқа бир қанча Қарор ва Фармонлар одамларнинг йўлини очишга, Ўзбекистонимизнинг жозибасини янада оширишга хизмат қилмоқда. Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун бу борадаги ислоҳотлар янада изчил тус олишига шароит яратмоқда, бу эса халқимизда катта умид уйғотмоқда. Зеро, коррупцияга қарши курашиш, том маънода барчамизнинг бурчимиздир.

 

 

С.Давлетмурадов,

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси