БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТИ КУЧАЙТИРИЛМОҚДА
Жамият тараққиётининг энг муҳим кўрсаткичи — болага бўлган муносабатдир. Зеро, боланинг ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинган мамлакатдагина барқарор келажак пойдевори мустаҳкам бўлади. Шу маънода, Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармон Ўзбекистонда инсонпарвар сиёсатнинг янги босқичини бошлаб берди.
Глобаллашув жараёнлари кучайган бугунги даврда болалар турли хавф-хатарлар — жисмоний тазйиқ, руҳий босим, ахборот муҳитидаги таҳдидлар ва кибербуллингга дуч келмоқда. Бундай шароитда болани ҳимоя қилиш масаласи фақат ижтимоий ёки оилавий муаммо эмас, балки давлат хавфсизлиги ва миллат генофондини асраш билан бевосита боғлиқ стратегик вазифа сифатида намоён бўлмоқда.
Қабул қилинган Стратегия болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан «мутлақо муросасизлик» тамойилини давлат сиёсати даражасига олиб чиқди. Эндиликда бола ҳуқуқи бузилган ҳар қандай ҳолат жавобгарликсиз қолмайди.
Ўзбекистон мустақиллик йилларида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий база яратди. БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига қўшилиши, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши бунга ёрқин мисол. Аммо ҳаёт тўхтаб тургани йўқ — замон янги ёндашувларни талаб қилмоқда.
Янги Стратегия болани фақат жисмоний эмас, балки руҳий, ахборот ва ижтимоий хавфлардан ҳимоя қилишни ҳам ўз ичига олган яхлит тизимни шакллантиришни кўзда тутади. Бу эса давлат сиёсатининг инсон қадрига асосланганлигини янада мустаҳкамлайди.
2026–2027 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурида жамиятда “бегона бола бўлмайди” деган қарашни қарор топтириш асосий устувор вазифа сифатида белгиланди. Болалар хавфсизлигини таъминлашда давлат идоралари билан бир қаторда маҳалла, таълим муассасалари, нодавлат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг роли кучайтирилади.
Ўзбекистоннинг халқаро ташаббусларга қўшилиши, жумладан, глобал болаларни ҳимоя қилиш механизмларида фаол иштирок этиши мамлакатимизнинг ушбу соҳада халқаро стандартларга содиқ эканини намоён этади.
Стратегиянинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги ижтимоий-ҳуқуқий модели шаклланади. Бу моделда давлат ва жамият масъулияти бир мақсад — боланинг бехавотир, соғлом ва бахтли улғайиши йўлида уйғунлашади.
Болани ҳимоя қилиш — бу келажакни ҳимоя қилишдир. Президент Фармони Ўзбекистонда бола қадри давлат сиёсатида энг олий мезон эканини яна бир бор тасдиқлади. Бу ҳужжат нафақат бугунги кун, балки эртанги авлодлар тақдири учун ҳам мустаҳкам ҳуқуқий ва маънавий қалқон бўлиб хизмат қилади.
Бауир
жан САБУРОВ,
жиноят ишлар бўйича Тўрткўл тумани судининг тергов судьяси






