МАЪМУРИЙ СУДЛАРДА ФОТОТАСВИРГА ТУШУРИШ ВА ВИДЕОЁЗУВГА ОЛИШ ТАРТИБИ
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодексининг 143-моддасига асосан, маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчилари ва суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ёзма қайдлар қилиш, стенограмма юритиш ва овоз ёзиб олиш ҳуқуқига эга. Суд мажлисининг фототасвирига, видеоёзувига, шунингдек радио ва телевидение орқали трансляция қилинишига ишни кўраётган суднинг рухсати билан йўл қўйилади.
Суд муҳокамасининг ошкоралиги, судлар фаолиятига боғлиқ ахборот олиш ҳуқуқининг амалга оширилишининг, шунингдек, судлар томонидан ушбу масалага боғлиқ қонун ҳужжатларининг бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми томонидан 2020 йил 21 февраль куни 4-сонли «Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, қарорнинг 14-бандига асосан, қонунга мувофиқ:
а) очиқ суд мажлисини фототасвирга тушириш, видеоёзувни амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида трансляция қилишга қуйидаги тартибда йўл қўйилади:
фуқаролик ишини кўриш пайтида — суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;
жиноят, маъмурий, иқтисодий ишни ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида — суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан;
б) очиқ суд мажлисида аудиоёзувни амалга оширишга қуйидаги тартибда йўл қўйилади:
фуқаролик ишини кўриш пайтида — суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;
жиноят иши ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан.
Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ҳар қандай иш бўйича эркин тарзда ёзма қайдлар қилишлари, стенограмма юритишлари, иқтисодий иш ёки маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан иш кўрилаётганда эса, шунингдек, аудиоёзув олиб боришлари мумкин.
Процесс иштирокчилари илтимосномаларини, оммавий ахборот воситалари вакиллари мурожаатларини қаноатлантириш ёки рад этиш ҳақида суд жойида ажрим чиқаради ва суд мажлиси баённомасига киритади.
Суд оммавий ахборот воситалари вакилларини тарқатилаётган ахборотнинг тўғрилиги, ҳаққонийлиги, холислиги ва ишончлилиги учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантиради ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида ёзиб қўйилади.
Суд мажлиси боришини қонунда йўл қўйилган кўринишда қайд этишни амалга ошираётган шахслар ҳаракати суд мажлиси тартибига халақит бермаслиги лозим.
Суд мажлисида иштирок этаётган ва унинг боришини қайд этиш ҳуқуқидан фойдаланаётган шахслар томонидан бу ҳуқуқнинг суиистеъмол қилиниши суд мажлиси тартибини бузиш ҳисобланади. Бундай ҳолда суд айбдор шахсларга нисбатан процессуал қонунда назарда тутилган таъсир чораларини қўллашга ҳақли.
Жанат АЙМАГАНБЕТОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси






