ОИЛА — ЖАМИЯТ ТАЯНЧИ
«Оилага эътибор — ўзлигимизга эътибордир.
Оилани сақлаб қолмасак, биз ўзлигимизни йўқотамиз».
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Жамиятнинг асосий бўғини бўлган оила инсон ҳаётида энг муҳим ижтимоий институтлардан бири ҳисобланади. Оила нафақат шахсий эҳтиёжларни қондириш, балки жамиятда барқарорлик, тартиб ва маънавий қадриятларни сақлашда ҳам ҳал қилувчи ўрин тутади. Инсон шахс сифатида айнан оилада шаклланади, унинг дунёқараши, меҳнатга муносабати, ахлоқий ва маънавий қадриятлари шу муҳитда қарор топади.
Никоҳ ва оилавий муносабатларнинг мустаҳкамлиги давлатнинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий-маданий ва маънавий ривожи учун муҳим асос ҳисобланади. Шу боис оила ҳуқуқи ҳуқуқ соҳалари орасида алоҳида аҳамият касб этади. Чунки ҳар бир инсон оилага муҳтож, оила эса жамият тараққиётининг пойдеворидир.
Мамлакатимизда оилани мустаҳкамлаш, ёш авлодни жисмоний ва маънавий соғлом қилиб тарбиялашга доимий эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда қабул қилинган қонунлар, Президент фармон ва қарорлари асосида оилаларни қўллаб-қувватлаш, аёллар, кўп болали оилалар, ёлғиз ота-оналар, мактаб ўқувчилари ва талабаларга давлат томонидан моддий ҳамда маънавий ёрдам кўрсатиш тизими изчил йўлга қўйилди. Бу эса соғлом авлодни тарбиялаш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Оилавий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишдан асосий мақсад — оиланинг мустаҳкам бўлишини таъминлаш, муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч, ҳурмат ва ҳамжиҳатлик асосида қуришдан иборат. Шу билан бирга, оила аъзоларида ўзаро масъулият ҳиссини шакллантириш ҳам қонунчиликнинг муҳим вазифаларидан саналади. Эр-хотин, ота-она ва болалар, шунингдек, бошқа қариндошлар ўртасидаги қонун билан белгиланган мажбуриятларни сидқидилдан бажариш оила барқарорлигининг асосий омилларидан биридир.
Ўзбекистон Республикаси оила қонунчилигига мувофиқ, хотин-қизлар ва эркаклар оилавий муносабатларда тенг шахсий ва мулкий ҳуқуқларга эга. Улар ҳуқуқлардан тенг фойдаланиши билан бирга, мажбуриятларни ҳам баробар адо этишлари лозим. Мамлакатимизда аёлларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштироки, уларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўланиши, турли соҳаларда ўз қобилиятини намоён этиши қонун билан кафолатланган.
Жамият ва давлатнинг оилага бўлган ғамхўрлиги ижтимоий сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бош мақсад эса аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, инсон манфаатларини таъминлашдан иборат. Президентимиз таъбири билан айтганда, давлат органлари халққа хизмат қилиши — адолатли ва барқарор жамият қуришнинг асосий шартларидан биридир.
Оила мустаҳкам бўлса — жамият барқарор, келажак эса фаровон бўлади.
Зульфия БЕРДИМУРАТОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси






