“ДАВЛАТ БОЖИ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУНГА МУҲИМ ҚЎШИМЧА ВА ЎЗГАРИШЛАР КИРИТИЛДИ
2025 йил 20 февралда қабул қилинган ЎРҚ-1032-сонли қонун билан “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга муҳим қўшимча ва ўзгаришлар киритди. Янги тартибга кўра, электр ва иссиқлик энергияси етказиб берувчи ташкилотлар истеъмолчилардан қарздорликни суд орқали ундириш учун мурожаат қилганда давлат божини тўламайди. Бу уларга ўз маблағларини тежаш ва қарздорликни тезроқ ундириш имкониятини беради. Шунингдек, чет эл тижорат ташкилотлари ваколатхоналарини аккредитация қилишда давлат божини тўлаш муддати аниқ белгилаб қўйилди, бу эса хорижий бизнес учун ҳуқуқий тартибларнинг янада равшанлашишига хизмат қилади.
Қонуннинг аҳоли учун аҳамияти, энг аввало, хизматлар сифатини ошириш ва узлуксизлигини таъминлашда намоён бўлади. Хизмат кўрсатувчилар ўз маблағларини давлат божига сарфламай, уларни таъмирлаш ва хизматларни яхшилашга йўналтира олади. Суд орқали қарзларни ундириш имконияти енгиллашгани учун истеъмолчилар ҳам ўз вақтида тўлов қилишга интилади, натижада тўлов интизоми кучаяди. Бу ўз вақтида тўлов қиладиган фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилади, адолатлиликни таъминлайди.
Чет эл компаниялари учун аккредитация тартибининг аниқлаштирилиши эса мамлакатимизга янги хизматлар ва технологияларни олиб киришга шароит яратади. Бу орқали иш ўринлари яратилиши, инвестиция муҳити яхшиланиши ва аҳоли учун қўшимча имкониятлар пайдо бўлиши мумкин.
Қонуннинг аҳамияти шундаки, у бир томондан аҳоли ва хизмат кўрсатувчилар ўртасидаги муносабатларни адолатли йўлга қўяди, иккинчи томондан хизматларнинг барқарор ва сифатли бўлишини таъминлайди. Натижада аҳоли электр ва иссиқлик каби кундалик ҳаёт учун зарур хизматларни узлуксиз олиш имкониятига эга бўлади, жамиятда эса тартиб ва масъулият кучаяди.
Гулистан ЕШНАЗАРОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси