АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАРНИ ЗЎРАВОНЛИКДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ — ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, айниқса аёллар ва болаларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан муҳофаза қилиш давлат сиёсатидаги энг муҳим устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Shavkat Mirziyoyev томонидан 2026 йил 3 мартда «Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида»ги Фармон қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, уларни турли кўринишдаги тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, жамиятда бундай ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган муҳим қадам бўлди.
Фармонда аввало эрта никоҳ ҳолатларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу орқали ёшларнинг ўз ҳаёт йўлини онгли равишда танлаши, оила қуришга тайёр бўлган ҳолда никоҳ тузиши рағбатлантирилади. Жумладан, 2027 йилдан бошлаб ҳар икки тараф камида 21 ёшга тўлган ҳолда биринчи марта никоҳдан ўтган ёш оилалар учун давлат томонидан қўшимча имтиёзлар ва қўллаб-қувватлаш чоралари назарда тутилган.
Шунингдек, ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган талабалар учун таълимни давом эттириш бўйича «иккинчи имконият» яратилиши ҳам муҳим ижтимоий кафолатлардан бири ҳисобланади. Бу эса ёш аёлларнинг билим олиш ва касбий ривожланиш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади.
Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати — аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига қарши курашиш механизмларини янада кучайтиришдир. Хусусан, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг алоқа воситаларига уларнинг розилиги билан махсус “my.ihma.uz” мобил иловаси ўрнатилади. Ушбу илова орқали жабрланувчи шахслар тезкор равишда SOS сигнали юбориб, зарур ёрдам олиш имкониятига эга бўлади.
Бундан ташқари, зўравонлик ҳолатларини содир этган шахслар билан ишлаш, уларни мажбурий психиатр кўригидан ўтказиш, шунингдек, айрим жиноятлар бўйича тергов ваколатларини прокуратура органларига юклаш каби нормалар ҳам белгиланган. Бу эса ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.
Фармонда яна бир муҳим янгилик сифатида 2027 йилдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишларини, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан кўриб чиқиш тартиби жорий этилиши белгиланди. Бу эса бундай тоифадаги ишларни кўриб чиқишда профессионал ёндашувни таъминлайди.
Албатта, ушбу чора-тадбирлар нафақат ҳуқуқий ҳимояни кучайтиришга, балки жамиятда оила қадриятларини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Чунки соғлом оила — барқарор жамиятнинг асоси ҳисобланади.
Суд органлари ҳам мазкур Фармонда белгиланган вазифаларни амалга оширишда фаол иштирок этиб, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилиниши, адолат принциплари тўлиқ таъминланишига алоҳида эътибор қаратади.
Аёллар ва болаларни ҳимоя қилишга қаратилган бу каби ташаббуслар жамиятимизда инсон қадрини улуғлаш, адолат ва қонунийлик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Раиса БЕКМУРАТОВА,
жиноят ишлари бўйича Кегейли тумани суди раиси






