ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни 2024 йил 21 ноябрь куни қабул қилиниб, ушбу қонуннинг ўзида Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгилаб қўйилди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда инсоннинг ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун тенг имкониятлар яратиш, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона аниқлашга доир қонун талабларига сўзсиз риоя этиш, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципларини ҳаётга татбиқ этиш орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга жамият ҳаётининг турли соҳаларини жадал рақамлаштириш, одамларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда янада кўпроқ ҳамкорлик қилиши ва бунинг оқибатида жиноятлар содир этилиши, рақамли муҳитда фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши ҳолларининг кенг тарқалиши рақамли далилларнинг институционаллаштирилишини ва улар билан боғлик ишларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланишини талаб этмоқда.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига, Фуқаролик процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига рақамли далиллар тушунчасини, рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, уларни сақлаш, қайтариш ҳамда йўқ қилиш тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Бундан ташқари «Нотариат тўғрисида»ги, «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги ва «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида рақамли далилларни гувоҳлантириш ва уларни текшириш тартиби назарда тутилмоқда.
Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган электрон маълумотлар, шу жумладан электрон тарздаги файллар, аудио-, видеоёзувлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғида сақланаётган маълумотлар, шунингдек бошқа электрон маълумотлар рақамли далиллардир.
Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга, башарти унинг яхлитлиги ва айнан ўхшашлиги сақланса, йўл қўйилади.
Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга йўл қўйилиши ўзидан мазкур кўчирма нусха олинган рақамли далилнинг асли мавжудлиги билан таъминланади.
Гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва бошқа шахслар рақамли далилларнинг кўчирма нусхаларини қоғозда чоп этилган шаклда тақдим этиш ҳуқуқига эга. Бунда рақамли далилнинг қоғоздаги шакли ёзма далил деб ҳисобланиши мумкин эмас.
Терговга кадар текширув, суриштирув, тергов ва суд жараёнида тузилган процессуал баённомаларга илова қилинган, электрон маълумотлар тарзида шакллантирилган аудио-, видеоёзувлар ҳам рақамли далиллар ҳисобланади.
Рақамли далилнинг кўчирма нусхаси иш материаллари билан бирга сақланади.
Ушбу Қонун фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Жанат АЙМАҒАНБЕТОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси