ЧЕТ ЭЛ АРБИТРАЖ ҚАРОРЛАРИНИ ТАН ОЛИШ ВА ИЖРОГА ҚАРАТИШГА ОИД ҚОНУНЧИЛИК
Бугунги кунда чет эл арбитраж қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳар бир давлат сиёсатида, тадбиркорлар ва хорижлик инвесторларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнайди ва бу борада мустаҳкам қонунчилик базасини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.
Чет эл арбитраж қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларнинг иқтисодий судга тааллуқли эканлиги Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 25-моддаси биринчи қисмининг 6-бандида ўз ифодасини топган.
Чет эл арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар Иқтисодий процессуал кодексининг 32-моддасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан кўрилади.
Бундай тоифадаги ишларни кўриш тартиби бўйича Иқтисодий процессуал кодексида “Чет давлатлар судларининг ва арбитражларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни юритиш” деб номланган алоҳида 33-боб ажратилган.
Чет эл арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шуки, Иқтисодий процессуал кодексининг 254-моддасига биноан бундай ариза, агар Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мазкур бобда белгиланган хусусиятларни эътиборга олган ҳолда ушбу Кодекснинг қоидалари бўйича у иқтисодий судга келиб тушган кундан эътиборан олти ойдан ошмаган муддатда суд мажлисида кўрилади.
Шунингдек, чет эл арбитраж қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишга оид қонунчилик ҳужжатларидан бири Ўзбекистон Республикасининг “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Қонуни ҳисобланади. Ушбу Қонуннинг мақсади халқаро тижорат арбитражларининг фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонуннинг 51-моддасида қайд этилишича, арбитражнинг ҳал қилув қарори, у қайси мамлакатда қабул қилинганидан қатъи назар, мажбурий деб тан олинади ва судга ёзма ариза берилган тақдирда, ушбу модданинг, мазкур Қонуннинг 52-моддаси ҳамда арбитражларнинг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тартибини белгиловчи Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги қоидалари ҳисобга олинган ҳолда ижро этилади.
Бундан ташқари, бундай тоифадаги ишларни кўриш тартиби ва бошқа жиҳатлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 ноябрь кунги “Чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни иқтисодий судлар томонидан кўришда қонунчилик ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 27-сонли қарорининг VI бобида атрофлича тушунтиришлар берилган.
Ушбу Пленум қарорининг 1-бандида иқтисодий судлар томонидан чет эл ташкилотлари, халқаро ташкилотлар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокидаги ишларни кўришда, шу жумладан, чет эл давлат суди ёки арбитраж қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш, шунингдек, чет эл давлат судининг топшириғини бажариш тўғрисидаги ишларни кўришда:
– Ўзбекистон Республикаси Конституцияси;
– Нью-Йорк шаҳрида 1958 йил 10 июнда имзоланган “Чет эл мамлакатлари ҳакамлик қарорларини эътироф этиш ва ижро этиш тўғрисидаги”ги Конвенция (Нью-Йорк Конвенцияси);
– Киев шаҳрида 1992 йил 20 мартда имзоланган “Хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Битим (Киев Битими);
– Минск шаҳрида 1993 йил 22 январда имзоланган “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатлар ва ҳуқуқий ёрдам тўғрисида”ги Конвенция (Минск Конвенцияси);
– Кишинев шаҳрида 2002 йил 7 октябрда имзоланган “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Конвенция (Кишинев Конвенцияси);
– Гаага шаҳрида 1954 йил 1 мартда имзоланган “Фуқаролик процесси масалаларига доир” Конвенция;
– ҳуқуқий ёрдам бериш ҳақидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик ҳужжатлари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига амал қилишлари лозимлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, чет эл арбитражи ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишнинг ҳуқуқий асослари яратилганлиги ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятида қонун устуворлигини таъминлашда мустаҳкам таянч ва ишончли кафолат бўлиши шубҳасиздир.
Қуўанишбай ХОЖАМУРАТОВ,
Қўнғирот туманлараро иқтисодий суди раиси