ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ЯНГИ КОНСТИТУЦИЯСИ ЯРАТИЛИШИ ТАРИХИ ВА АСОСИЙ ХУСУСИЯТЛАРИ
Мамлакатимизда сўнгги йилларда эришган ютуқларимизни ишончли конституциявий ҳимоясини таъминлаш, ушбу эришилган ютуқлар, ҳуқуқ ва эркинликлардан нафақат ҳозирги, балки келажак авлодларимиз эмин-эркин фойдаланиши учун, уларни албатта Конституцияда муҳрлаб қўйишимиз зарурлиги мавжуд эди. Дунёда ва малакатимизда юз бераётган ўзгаришларга мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор зарур бўлиши, Янги Ўзбекистонга янгиланаётган Конституция кераклигини кўрсатди.
Янги Конституциямизни яратишда аввал халқимизнинг фикри, таклифлари 2 босқичда ўрганилди, шундан сўнг Конституция лойиҳаси тайёрланди. Конституция лойиҳасига одамларимиз 60 мингдан зиёд таклифлар берилди ва уларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олди. Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Оммавий ахборот воситалари, интернет тармоқлари орқали лойиҳа билан 5 миллион аҳолимиз танишиб чиқиб, 150 мингдан ортиқ таклифларини билдирди. Шу билан бирга, меҳнат жамоалари, олийгоҳлар, маҳалла фаоллари ва зиёлилар билан бўлиб ўтган муҳокамаларда ҳам яна 10 мингта қўшимча таклиф келиб тушди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 2023 йил 30 апрелда Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинди.
Янги Конституциямизда моддалар сони 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Асосий қонунимизнинг 65 фоиз матни халқимиз таклифлари асосида янгиланди.
Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат деб белгиланди.
Ижтимоий, бу – инсонга эътибор ва ғамхўрлик, дегани. Давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ Конституциядаги нормалар 3 баробарга кўпайтирилди. Конституцияда ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланди. Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга номувофиқ ҳолда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги кафолатланди. Аҳолини кафолатланган бепул тиббий хизматлардан фойдаланиши ҳам киритилди, аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайтирилди. Таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга ошди. Ногиронлиги бор болажонларимизга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитлар яратилиб, бундай имкониятлар инклюзив таълим сифатида Конституцияга киритилди. Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши конституциявий мустаҳкамланди.
Ҳар кимнинг меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқи кафолатланди.
Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши белгиланди. Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, жисмоний, ақлий ва маънавий жиҳатдан тўлақонли ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланиши белгиланди.
Ҳар ким ишсизликда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамланди. Пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдамлар миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди. Бу дегани, 2 миллион 200 минг эҳтиёжманд оилалар давлатдан кафолатли моддий ёрдам олади. Бу – жами оилаларнинг 25 фоизига тўғри келади, уларга ҳар йили 11 триллион сўм ажратилади.
Конституцияда 18 миллиондан ортиқ ёшлар масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилди. Конституцияда ёшлар масалалари бўйича алоҳида боб киритилаётгани ҳам бежиз эмас. Шунингдек, давлат – ёшлар ҳуқуқлари ҳимояланиши ва уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирокини рағбатлантиришни кафолатлади.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади этиб белгиланди. Инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравардан ортиққа оширилди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимизнинг, ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг мазмунига айланиши қатъий талаб қилиб белгиланди. Қонунлардаги ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши шарт ва зарур.
Шунингдек Конституциямизда ўлим жазоси тақиқланди, шахсни суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб туриш мумкин эмаслиги белгиланди, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш билан боғлиқ барча ҳаракатларга, фақат ва фақат суд қарори асосида йўл қўйилиши мустаҳкамланди. Яъни, одил судловни амалга оширишда “Хабеас корпус” институти янада кенгайтирилди.
Янги Конституция халқпарвар давлат қуриш мақсадида кучли парламент, ихчам ва масъулиятли ҳукумат, мустақил ва адолатли суд тизимини барпо этишга қаратилган.
Парламент палаталарининг ваколатлари қайта кўриб чиқилди. Унга кўра, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгайди, икки палата ишидаги такрорланишлар бартараф этилиб, ҳар бирининг масъулият соҳаси аниқ белгиланди. Хусусан, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса, 14 тадан 18 тага кўпайди.
Ҳукуматни шакллантириш ва унинг фаолиятини назорат қилиш, Давлат бюджети ижросига оид масалалар Қонунчилик палатасининг ваколатига, ҳудудлар манфаати ва уларни ривожлантириш, янги вазирликлар ташкил қилиш тўғрисидаги фармонларни тасдиқлаш масалалари эса Сенат ваколатлари доирасига тааллуқли эканлиги мустаҳкамланиши шулар жумласидандир.
Сенат олдига қўйилаётган янги вазифалардан келиб чиқиб, уни ихчам, халқчил ва ҳудудлар манфаатини ифода этадиган идорага айлантириш бўйича нормалар Конституцияда кўзда тутилди. Хусусан, сенаторлар сонини аввалги 100 нафардан 65 нафарга тушириш, бунда ҳар бир ҳудуддан тенг равишда 4 тадан сенатор сайланиши белгиланди, Президент томонидан тайинланадиган сенаторлар сони эса 16 тадан 9 тага камайтирилди.
Парламентнинг қуйи палатаси томонидан киритилган қонунлар Сенатда 60 кун ичида кўриб чиқилиши, муддат ўтиб кетса, ушбу қонун маъқулланган деб ҳисобланиши ва имзолаш учун Президентга юбориш бўйича норма киритилди. Парламентнинг суд ва назорат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар фаолияти устидан назорат функциялари кучайтирилди.
Янги Конституцияда Бош прокурор, Ҳисоб палатаси раҳбарлигига номзодлар аввал Сенатда кўриб чиқилиб, кейин Президент томонидан тайинланиши, шунингдек Монополия қўмитаси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарлари Сенат томонидан сайланиши амалиёти жорий этилди. Махсус хизматлар фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарлигига номзод Сенат билан маслаҳатлашувлардан сўнг Президент томонидан лавозимга тайинланиши белгиланди. Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатлари ҳам кучайтирилиб, парламент назоратининг муҳим шакли бўлган парламент текшируви институти Конституцияда алоҳида мустаҳкамлаб қўйилди.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизими киритилди.
Айрим олий мансабдор шахсларнинг лавозимга сайланиш ёки тайинланиш муддатлари бўйича чекловлар белгиланди. Сенат Раиси ва Қонунчилик палатаси Спикери, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши раислари, уларнинг ўринбосарлари, Бош прокурор, Марказий сайлов комиссияси раиси, ҳокимларни лавозимга икки муддатдан ортиқ сайлаш ёки тайинлашга чеклов киритилди. Конституциявий суд судьяларини қайта сайланиш ҳуқуқисиз 10 йилга сайлаш тартиби белгиланди.
Оролбўйи масаласи Конституция даражасига олиб чиқилди. Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, янги Конституциямизда инсон қадрини янада улуғлаш мақсадида ислоҳотларнинг амалга оширилиши мустақил Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнаши, ривожланиши ва жаҳонда энг ривожланган давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллашига хизмат қилади, халқимизнинг фаравон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш – Конституциямизнинг бош мақсади ҳисобланади.
Азамат АБДРАСУЛИЕВ,
Қорақалпоғистон Республикаси судининг судья катта ёрдамчиси