КОРРУПЦИЯ: ТАЪМАГИРЛИК, НАФС ВА САБР-ҚАНОАТ
Коррупция – давлат хизматчиларининг моддий ёки мулкий йўсинда ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланишда ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир. Коррупцияга доир муносабатларнинг иштирокчилари нафақат давлат хизматчилари, балки давлат ташкилотида ишламайдиган фуқаролар ҳам бўлиши мумкин.
Шунинг учун ҳам коррупция ва порахўрлик ҳар қандай давлат ва жамият ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатувчи хавфли омил ҳисобланади. Мазкур иллат бор экан, демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етади, инсон ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлади, ҳаёт сифати ёмонлашади, энг ачинарлиси фуқароларнинг ижтимоий адолатга, ҳақиқатга ва давлат органларига бўлган ишончи йўқолади.
Мамлакатимизда коррупцияни илдизи билан йўқотиш, ҳокимият амалдорларининг ҳалол ишлашини таъминлаш, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ва тадбиркорлар олдида турган бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш борасида сезиларли даражада ишлар амалга оширилиб келинмоқда, миллий қонунчилигимиз такомиллаштирилмоқда.
Аммо “қонун қабул қилинди, энди ҳаммаси изига тушиб кетади” деб ўйлаш, хотиржамликка берилиш катта хато бўлади. Коррупция балосидан қутилиш, ислоҳотларни унинг чангалидан озод этиш ҳақида ҳаммамиз ўйлашимиз, бунинг заруратини ҳар биримиз юрагимиздан ўтказишимиз, унга қарши қатъий курашишимиз керак.
Ушбу иллатга қарши нафқат қонунчилик механизмлари билан, балки тарбия орқали маънан етук, инсон қалбида сабр-қаноат, ҳалоллик, иймон ва инсоф туйғуларини
ақл-иродаси бут инсонларни камолга етказиш йўли билан ҳам курашишимиз мумкин.
Маънавий баркамоликка эришишнинг биринчи шарти – нафсни жиловлашдир. Зеро, порахўрликка элтувчи энг яқин йўл ҳам инсон ўз нафсининг қулига айланишидир. Нафсга эрк беришнинг салбий оқибатлари ҳақида Хожа Аҳмад Яссавийнинг қуйидаги ўгитларини келтириш мумкин:
Нафс йўлига кирган киши расво бўлур,
Йўлдан озиб, тойиб, тўлиб, гумроҳ бўлур,
Ётса-турса, Шайтон билан ҳамроҳ бўлур…
Нафсим мани йўлдан уруб, хор айлади,
Термултуруб, халойиққа зор айлади.
Инсон нафсини енгувчи, жиловловчи кучлардан бири сабр ва қаноат ҳисобланади.
Ислом динида сабр инсоннинг энг муҳим фазилатларидан бири сифатида эътироф этилиб, у – нафсни ақл ва шариат тақозо қилганидек тутиб туришлар ёки иккиси тақозо қилган нарадан тутиб туриш маъносида тушунилади.
Сабр қуйидагича ифодаланади:
– Сабр нафсни қайғу ва аччиқланишдан, тилни шикоятдан ва аъзоларни ташвишдан тутиб туришдир.
– Сабр нафснинг фозил ахлоқларидан бири бўлиб, қилиниши яхши ва гўзал бўлмаган нарсалардан сақланишдан иборатдир.
– Сабр инсоннинг бошига бирор бир фалокат келганда уни матонат билан енгиш ҳамда гўзал одоб ила туришдир.
– Сабр изтироб пайтида қалбнинг собит туришидир.
“Маҳбуб ул-қулуб”да қаноат ҳақида шундай гўзал мисралар келтирилган:
Қаноат – суви олган билан қуримас булоқ.
Қаноат – сочган билан камаймайдиган хазина.
Қаноат – бир экин майдоники, унда иззат ва шафқат деган мевалар унади.
Қаноат – бир дарахтки, шохларида истиғно ва ҳурмат деган мевалар пишади.
Қаноатдан кўнгил очилади.
Қаноатдан кўз ёришади.
Қаноатли одам, аввало, кўнглини таъмадан поклаши лозим. Таъма – гадолар иши. Агар киши шоҳлик тахтида ўтирган бўлса-ю, таъма қилса, унинг гадога айлангани – шу, қаноат қилган дарвеш эса – шоҳ.
Қаноатда чинакам фароғат, таъмада эса кони машаққат бор. “Яримта нон – роҳати жон”, “Оч қорним – тинч қулоғим” ёки “Ҳалол пишиб чиқар, ҳаром тешиб чиқар”, – деган халқ мақоллари ҳам бекорга тўқилмаган.
Гувоҳи бўлганимиздек, коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашишни биз, энг аввало, ўзимиздан бошлашимиз даркор. Бунинг учун эса шахснинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти етарли даражада шаклланган бўлмоғи мақсадга мувофиқдир.
Қуўанишбай ХОЖАМУРАТОВ,
Қўнғирот туманлараро иқтисодий судининг раиси