КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ – ДОЛЗАРБ ВАЗИФА

Дунё миқёсида инсониятнинг азалий муаммоларидан бири бу – коррупция. Чунки ушбу иллат ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳаларига салбий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистон Республикасида бу борадаги  ислоҳотларнинг самарали амалга ошишига замин яратувчи ва коррупцияга қарши курашиш механизмларини ўзида акс эттирган Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 24 ноябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2016 йил 13 декабрда маъқулланган ва Президент 2017 йил 3 январь куни имзолаган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” Қонун амалга киритилди. Мазкур қонун 34 моддадан иборат бўлиб, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонунда коррупция, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ва манфаатлар тўқнашуви каби янги тушунчалар киритилган.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш масалалари ўз аксини топган.

Яна бир муҳим жиҳатларидан бири сифатида айтиш мумкинки, Қонуннинг 28-моддасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахслар давлат ҳимоясида бўлиши белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши курашиш – долзарб вазифа саналади. Шу сабабли коррупция келиб чиқишига йўл қўймаслик, қонунларнинг ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш, уни келтириб чиқарувчи ҳолатларнинг олдин олиш чораларини кўриш кабилар давлат органлари масъуллари билан биргаликда фуқароларнинг ҳам вазифаси бўлиши керак. Шундагина жамият ривожига салбий таъсир кўрсатувчи ушбу иллатни таг-томири билан йўқотишга эришамиз.

 

Қ.Атамурадов,

Фуқаролик ишлари бўйича Амударё тумани суди раиси.

«КОНСТИТУЦИЯГА КИРИТИЛАЁТГАН ЎЗГАРИШЛАР»

Ўзбекистон Республикасининг референдуми республика қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир. Референдум сайловлар билан бир қаторда халқ иродасининг бевосита ифодаси бўлиб, унда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади.
«Референдум» сўзи, давлат аҳамиятига эга бўлган муҳим масалалар бўйича ўтказиладиган ва баъзан қонунлар қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган умумхалқ сўрови, овоз бериш йўли билан халқ фикрини аниқлаш деган маънони беради.
«Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонун дастлаб 1991 йил 18 ноябрь куни қабул қилинган бўлиб, мазкур қонун йиллар давомида халқаро ва Ўзбекистон Республикасида орттирилган амалий тажрибаларни инобатга олган ҳолда 2001 йил 30 август куни янги таҳрирда қабул қилинган.
Ҳаммамизга маълумки, Мамалакамиз тарихий бир жараённи бошидан кечирмоқда, яъни 2023 йил 30 апрелда Ўзбекистон Республикаси Конституцияга ўзгариш ва қўшимчалар киритиш бўйича РЕФЕРЕНДУМ бўлиб ўтади.
РЕФЕРЕНДУМ да Конституциямизга киритилаётган ўзгаришлар ва қўшимчалар бўйича хар бир фуқаро ўз овозини бериши мумкин бўлади.
Конституциямизнинг янги лойиҳасидаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Асосий қонунимизнинг 65 фоиз матни халқимиз таклифлари асосида янгиланмоқда.
Янги Конституциянинг асосий принципиал янгиликларидан бири-
Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга номувофиқ ҳолда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши кафолатланмоқда.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши мустаҳкамланмоқда.
Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва
Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат деб белгиланмоқда.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади этиб белгиланмоқда. Инсон ҳуқуқларига оид нормалар
3 баравардан ортиққа ошмоқда.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимизнинг, ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг мазмунига айланиши қатъий талаб қилиб белгиланмоқда.
Қонунлардаги ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши шарт ва зарур.
Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилиши ва кафолатланиши қайд этилмоқда.
Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги мустаҳкамланмоқда.
Қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига ўз розилигисиз юклатилиши мумкин эмаслиги қайд этилмоқда.
Шунингдек Конституциямизда:
– ўлим жазоси тақиқланмоқда;
– шахсни суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб туриш мумкин эмаслиги белгиланмоқда;
– одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш билан боғлиқ барча ҳаракатларга, фақат ва фақат суд қарори асосида йўл қўйилиши мустаҳкамланмоқда.
Яъни, одил судловни амалга оширишда “Хабеас корпус” институти янада кенгайтирилади;
– илк бор айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи берилмоқда;
– Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақлилиги белгиланмоқда;
– Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча мавжуд ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, мурожаат этишга ҳақлилиги мустаҳкамланмоқда;

– Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эгалиги қайд этилмоқда;
– Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда ўз ҳуқуқлари ва ушлаб турилиш асослари тушунтирилиши кераклиги белгиланмоқда;
– Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги қайд этилмоқда;
– Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги мустаҳкамланмоқда;
– Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги белгиланмоқда;
– Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги кафолатланмоқда;
– Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги мустаҳкамланмоқда.
Қорақолпоғитоннинг давлат тузилиши ва сиёсий тизими билан боғлиқ бирорта модда ўзгармаган, фақат моддаларнинг тартиб рақами ўзгарган, Олдиги 70-75-моддалар лойиҳада 85-90-моддалар сифатида келтирилмоқда.

Рано КАМАЛОВА
Жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди раиси

 

Қонликўл тумани “Жайхун” МФЙда давра суҳбати бўлиб ўтди.

 

Қонликўл тумани “Жайхун” МФЙ фуқаролари иштирокида янгиланаётган Конституциянинг мазмун-моҳиятини тарғибот қилиш ҳамда Конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган давра суҳбати учрашув бўлиб ўтди.  

 

 

Йиғилишни Қонликўл тумани “Жайхун” МФЙ раиси Т.Бердимуратов, жиноят ишлари бўйича Қонликўл тумани суди раиси М.Бекимбетов, Қонликўл тумани адлия бўлими бошлиғи А.Искендеров сўзга чиқиб, бугунги кунда юртимизда катта сиёсий жараён бошланганлигини, жумладан 2023 йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар масаласида Ўзбекистон Республикасида умумхалқ референдумини ўтказиш белгиланганлигини, сўнгги олти йилда эришган ютуқларимизни (хусусан иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, одил судлов, сўз ва эътиқод эркинлиги, ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги юзлаб чекловларни олиб ташлангани, нақд пул, валюта, кредит, дебитор-кредитор масалаларидаги муаммолар ҳал қилингани, қўшниларимиз билан орамиздаги 25 йиллик “музлар эригани” ва б.) ортга қайтмаслигини ишончли конституциявий ҳимоясини таъминлаш, ушбу эришилган ютуқлар, ҳуқуқ ва эркинликлардан нафақат ҳозирги, балки келажак авлодларимиз эмин-эркин фойдаланиши учун, уларни албатта Конституцияда муҳрлаб қўйишимиз зарур.

 

Дунёда кундан-кунга янги-янги синовлар, хавф-хатар ва таҳдидлар пайдо бўлаётгани;

 

бугунги зиддиятли жараёнлар, иқтисодий қарама-қаршиликлар қачон ва нима билан тугашини башорат қилиб бўлмаслиги; айрим давлатларнинг дунё харитасида қолиш-қолмаслиги савол остида қолаётганлиги;

 

жаҳонда 100 миллион аҳоли ўз ҳаётини сақлаш учун, бошқа юртларда бошпана излаб юргани; озиқ-овқат етишмаслиги, энергия ресурслари танқислиги, пандемия каби глобал муаммолар ривожланган давлатлар аҳолисини ҳам жиддий ўйлантириб қўяётганлиги ва буларнинг барчаси бизга таъсир кўрсатиши;

 

Минтақамиздаги вазият ҳам бизни ташвишга солаётганлиги, ёнимизда қарийб 50 йиллик нотинчлик давом этаётганлиги;

 

Мамлакатимиз катта давлатга айланаётганлиги, аҳолимиз 2040 йилга бориб, 50 миллионга етиши, уларнинг ярмидан кўпи ёшлар бўлиши, уларга муносиб шароит қилиб бериш учун, барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатлар бўлиши лозимлиги;

 

Буларнинг барчаси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор зарур бўлиши, Янги Ўзбекистонга янгиланаётган Конституция кераклигини айтиб, янги Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар тўғрисида батафсил тушунтиришлар берди.

 

Фуқаролар ўзлари қизиқтирган саволларига жавоблар олди.

 

Қорақалпоғистон Республикаси суди

 

 

 

 

 

 

СУД МАСЪУЛЛАРИНИНГ САЙЁР ҚАБУЛИДА ФУҚАРОЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИ ТИНГЛАНДИ

Амударё туманида суд-ҳуқуқ масалалари юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси суди масъулларининг сайёр қабули ташкил этилди.

 

15 март куни 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган сайёр қабулда Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси Камал Тарихов, Қорақалпоғистон Республикаси Маъмурий суди раиси Амир Нурлипесов, Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосарлари Абдимурат Керимбаев ва Баҳрам Ктайбековлар фуқароларни қабул қилдилар. Шунингдек, тумандаги судлар масъуллари, мутасадди корхона-ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этдилар.

 

Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, тадбиркорлик фаолияти, фуқаролик ва оммавий-ҳуқуқий муносабатларга оид масала ва мурожаатларини кўриб чиқиш, шунингдек, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва уларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш мақсадида ўтказилган ушбу сайёр қабулда дастлаб, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар хусусида сўз юритилди.

 

Суд масъуллари томонидан сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловнинг самарадорлигини ошириш бўйича изчил ислоҳотлар олиб борилаётганлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан бу борадаги тегишли қарор ва фармонлар суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини яратишга хизмат қилаётгани, суд ҳокимияти органлари фаолиятининг рақамлаштирилгани соҳадаги янги қадам бўлгани, бу эса одил судловни амалга ошириш учун маълумотларнинг тезкорлик билан олинишига замин яратиш билан бирга судлар фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаётгани ҳақида сўзлаб ўтишди.

 

Таъкидланганидек, бугунги кунда суд ҳокимиятида коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш ҳамда олдини олиш борасида муайян ишлар самарали йўлга қўйилган. Ўтган йиллар мобайнида қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилиб, дадил қадамлар қўйилди. Бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Айни пайтда суд тизимида “бир инстанция – бир суд” тизими жорий этилган ва назорат инстанцияси тугатилган. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига суд қарорларини қайта кўриш институтини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

 

Сайёр қабулда фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, ҳуқуқий тушунчалар ва маслаҳатлар берилди. Қабул давомида жиноят ишлари бўйича 2 та, фуқаролик ишлар бўйича 5 та, маъмурий ишлар бўйича 4 та, иқтисодий ишлар бўйича судларга оид 1 та оғзаки тартибдаги мурожаатлар қабул қилинди. Ушбу мурожаатлардан 11 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва 1 та мурожаат эса шу ернинг ўзида ўрганилиб, ижобий ҳал этилди.

 

Бўлиб ўтган сайёр қабул давомида мурожаатлари тингланган ва улар бўйича ҳуқуқий тушунчалар, керакли маслаҳатлар олган фуқаролар Қорақалпоғистон Республикаси суди масъулларига ўз миннатдорчиликларини билдиришди.

 

Асқар Сафаров,

Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси

“Жайхун” маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканида очиқ сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди

2023-йил 2-март куни Тахиатош тумани “Жайхун” маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканида жиноят ишлари бўйича Тахиатош туман судининг раиси А.Қощановнинг раислигида очиқ сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.

 

 

Судда, Тахиатош тумани ички ишлар бўлими бошлиғининг туман Пробация гуруҳида жазо муддатини ўтаётган 2 нафар шахсларни муддатидан илгари шартли равишда озод этиш ҳақидаги тақдимномаси кўриб чиқилди ва улар жазони ўташ даврида ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарганлиги, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганлиги ва қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод этилиб, уларга жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этса, суд томонидан уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 60-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинланишини тушунтириб ўтди.

 

 

 

Жиноят ишлари бўйича Тахиатош туман судининг раиси

А.Қощанов

Биз коррупцияга қаршимиз

Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган хавфли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва хуқук устиворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқларининг бузулишига, қонун устиворлигининг издан чиқишига, шунингдек бозор иқтисодиёти тамойилларига тўсқинлик қилиб ҳаёт сифатини ёмонлаштириб одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган салбий ҳолатларни юзага келишига сабаб бўлади. Ачинарлиси эса, ҳар қандай шахсда ҳоҳ у оддий фуқаро ёки мансабдор шахс бўлсин, уларга давлатга ҳамда қонун устиворлигига нисбатан ишончининг йўқолиб, натижада фуқаролар жавобгарлик муқаррарлигини, мажбуриятларини тан олмаслигига ҳам олиб келади.

 

Юртбошимиз Ш.Мирзиёев президентлик лавозимига киришишининг дастлабки кунлариданоқ, яъни 2017 йили 3 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонунни имзолади.

 

Ушбу қонунга кўра, Коррупцияга қуйидагича таъриф берилди, яъни коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш бўлиб ҳисобланади.

 

Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;

 

давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;

 

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш эканлиги белгиланди.

 

Шунингдек, Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2020 йил 29 июнь кунги ПФ-6013-сонли Фармони қабул қилиниши мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида катта бурилиш ясади.

 

Чунки, бу Фармонда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилиши белгиланди.

 

Унга кўра, агентлик коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш, шунингдек, мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи ҳисобланиб, ўз фаолиятини қонунийлик, холислик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида бошқа давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади, Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари олдида ҳисобдордир бўлиб ҳисобланади.

 

Фармонга кўра, агентликнинг вазифлари ва йўналишлари сифатида, мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни таъминлаш, шунингдек, коррупцияга оид хавф-хатарлар юқори бўлган соҳалар ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро стандартларни ва илғор хорижий амалиётни жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилиши ва самарали фаолият кўрсатишини ҳамда декларацияларнинг ҳаққонийлиги текширилишини ташкил этиш, шунингдек, ушбу жараёнда аниқланган коррупция ҳолатларига ўз вақтида таъсир чоралари кўрилишини таъминлаш, давлат хизматига ҳалоллик стандарти («ҳалоллик вакцинаси») ва манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш стандартларини жорий этишда кўмаклашиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш каби бир қанча қанча муҳим йўналишлар белгиланди.

 

Хулоса ўринда айтиш зарурки, коррупцияга қарши курашиш нафақат коррупцияга қарши курашиш органлари, балки ҳар биримизнинг вазифамиз бўлиб ҳисобланади. Шундагина биз давлатимизни коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантиришига, қонуний, демократик давлатга айланишига ва аҳолининг фаровон турмуш шароитларида яшашига эришамиз.

 

Рахима Худайберганова,

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси

 

КРЕДИТ МАБЛАҒИНИ НОҚОНУНИЙ ЎЗЛАШТИРГАН ТАДБИРКОР ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛДИ

Ёш тадбиркор Ш.С ўзи раҳбарлик қилиб келаётган МЧЖ номига уни кенгайтириш мақсадида “Агробанк” АТБнинг туман филиалидан 150 млн. сўм имтиёзли кредит маблағларини олишга эришди. Ушбу кредит маблағларини МЧЖ учун зарур бўлган асбоб-ускуна сотиб олиш мақсадида бошқа тадбиркор раҳбарлик қилаётган МЧЖ ҳисоб-рақамига ўтказди. Аммо асбоб-ускуна олмасдан, ажратилган 150 млн. сўмлик кредит маблағларини 131 млн.сўм нақд пул кўринишида қайтиб олди. Маълум бўлишича, тадбиркор Ш.С банк томонидан ажратилган жуда кўп миқдордаги, яъни 150 млн. сўм имтиёзли кредит маблағларини мақсадли ишлатиш ўрнига ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилиб юборган.

 

Албатта, бу ҳаракатлари билан тадбиркор Ш.С Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддасида кўрсатилган жиноятларни содир қилганликда айбланди. Шунга асосан бўлиб ўтган суд иши давомида бу ўзининг тасдиғини топди.

 

Суд якунида тадбиркор Ш.Сга ҳаракатларининг ижтимоий хавфлилик даражасини ва содир этилган жиноятнинг характерини, унинг шахсини, айбига иқрор бўлгани, қилмишидан пушаймонлиги, оилавий шароити, қарамоғида фарзандлари борлиги, иш бўйича моддий зарар қисман қоплангани инобатга олиниб, тегишли жазо тайинланди.

 

А.Сафаров, Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси

Судларда инвестициявий низолар янги тартибда ҳал этилади

 

Инвестицияга оид низоларни ҳал қилиш бӯйича суд тизимини такомиллаштириш ҳамда инвесторлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир кӯшимча чора-тадбирлар тӯғрисида»ги ПФ-6034-сонли Фармонида фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқини амалда таъминлаш билан боғлиқ долзарб муаммоларга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, судларда инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ўз вақтида ва самарали ҳимоя қилиш белгиланган.

2021 йил 12 январда «Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, унга кӯра Иқтисодий процессуал кодексига иқтисодиёт соҳасида инвесторлар ҳамда давлат органлари ўртасидаги инвестициявий шартномалардан келиб чиқадиган низолар бўйича ва рақобатга оид ишларни тааллуқлилиги ва тегишлилигига оид нормалар киритилди.

Жумладан, йирик инвестор ва рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар Олий суднинг инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби томонидан кўрилиши, қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши белгиланди.

Шу билан бирга, Иқтисодий процессуал кодексига янги 301-модда киритилиб, унга кўра, инвестициявий низолар бўйича ишлар жумласига инвестиция шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ низолар; инвестиция шартномаларини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги низолар; инвестиция шартномасининг бажарилиши билан боғлиқ низолар; инвестиция шартномасидан келиб чиқадиган солиқ, божхона, ижтимоий, экологик ва бошқа мажбуриятларнинг инвестор томонидан бажарилиши билан боғлиқ низолар; инвестиция шартномаси бўйича инвесторга берилган мол-мулкни талаб қилиб олиш ёки бундай шартнома бўйича неустойка ундириш ва (ёки) зарарлар ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар киритилган.

Шунингдек, ушбу кодекс яна 302-модда билан тўлдирилиб, мазкур янги модда юридик шахслар, шу жумладан, чет эл юридик шахслари, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда монополияга қарши органлар ўртасида товар ва молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар рақобатга оид ишлар жумласига кириши ҳақидаги нормалардан иборат.

Хулоса қилиб айтганда инвесторлар, шу жумладан, чет эл инвесторларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш механизмининг такомиллашиши, инвестициявий низолар тез ва самарали ҳал қилинишига, ягона суд амалиёти таъминланишига кўмаклашади.

Беруний туманлараро
иқтисодий суди раиси Р.Курбанбаев

Ўйланмай босилган қадам, надомат келтирди

Бахром (исмлар ўзгартириб берилмоқда) ўғирлик жинояти учун

2 йилга қамалиб чиққанидан тегишли хулоса чиқармади, у 34 ёшида яна ўғирликка қўл урди ва ҳавфли рецивист «мақомига» эга бўлди.

Бахром 2022 йил 19 март кунидан 20 март кунига ўтар кечаси тунги вақтда туманнинг Мустақиллик маҳалласида яшовчи Умрзоқ отанинг уйи ёнидаги молхонаси ёнига бориб, атрофда ҳеч ким йўқлигидан ва хонадон эгаларининг ухлаб ётганлигидан фойдаланиб, молхонага ғайриқонуний равишда кириб, бозор баҳоси 4 миллион сўм бўлган бир бош қора молини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинади.

Ўғирланган қора молни нотаниш кишиларга арзон гаровга сотиб, 10 кун ичида еб-ичиб, кайфу-сафога ишлатиб тугатган Бахром яна «овга» чиқди. Бу сафар у ярим тунда туман марказида яшовчи Гулрух опанинг молхонасига бориб, ҳар бирининг бозор баҳоси 800 минг сўм бўлган икки бош эчкиларини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинади.

Шундай қилиб, Бахром Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни қасддан содир қилган.

Суд, судланувчига жазо тайинлашда, унинг қилмишидан пушаймонлигини, моддий зарар қопланганини, жабрланувчиларнинг унга даъвоси йўқлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб, илгари қасддан жиноят содир қилиб, судланганидан сўнг янгидан қасддан жиноят содир қилганлигини жазосини оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳолаб, судланувчининг хулқини озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинламасдан туриб тузатиш мумкин эмас деган қатъий тўхтамга келиб, 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинланди.

«Қилмиш-қидирмиш» деб бежизга айтилмаган, ўйламасдан босилган қадам афсус ва надомат келтириши аниқ…..

 

Ибрайым Алланиязов,

Жиноят ишлари бўйича

Хўжайли туман судининг раиси

САЙЁР СУД МАЖЛИСИДА ТУЗАЛИШ ЙЎЛИГА ЎТГАН МАҲКУМЛАРГА ЕНГИЛЛИК БЕРИЛДИ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби суд тизимида ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва бу жараён шубҳасиз, ўз самараларини бермоқда. Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди томонидан ҳам соҳага оид Қонун ва қонуности ҳужжатларида назарда тутилган судлар олдидаги вазифаларни оғишмай амалга оширишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 9 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди томонидан Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғини биносида ўтказилган сайёр суд йиғилишида ҳам мамлакатимизнинг амалдаги қонунлари барча учун баравар ва уни бузган ҳар қандай шахс, у ким бўлишидан қатъий назар, қонунда белгиланган жазосини олиш муқаррарлиги, шу билан бирга тузалиш йўлига ўтган маҳкумларга енгиллик берилиши алоҳида таъкидланди.

 

Йиғилишда Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси Асқар Сафаров, Амударё туман прокурорининг ёрдамчиси Аббаз Ниёзимбетов, туман Ички ишлар бўлими Пробация гуруҳи катта инспектори, катта лейтенант Руслан Искандаровлар қатнашдилар.

 

Сайёр судда, Амударё тумани Ички ишлар бўлими Пробация гуруҳида тузалиш йўлига ўтган 5 нафар маҳкумларга нисбатан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилди.

 

Унга кўра, Амударё тумани Қум-ёп маҳалласида яшовчи фуқаро, Жиноят ишлари бўйича Қанликўл туман судининг 2019 йил 22 ноябрь кунги ҳукми бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 5 июнь 2021 йилда Жиноят ишлари бўйича Юқоричирчиқ туман судининг ажрими билан Жиноят Кодексининг 74-моддасига асосан ўталмаган 4 йил 5 ой 17 кун жазо муддатини 20 фоиз аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.

 

У Амударё тумани ИИБда 2021 йилнинг 1 августидан ҳисобга олинган ва 2021 йил 1 август кунидан буён Амударё туманида фаолият юритувчи корхоналардан бирига ишга қабул қилиниб, хозирги кунга қадар ишчи бўлиб ишлаб келмоқда. Маҳкум жазони ўташ тартиб ва қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг учдан бир қисмини ўтаган, ўталмаган жазо муддати 2 йил 1 ой 17 кунни ташкил қилади.

 

Шу боис, маҳкумнинг аҳлоқ тузатиш ишлари жазосининг ўталмаган қисми бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш масаласини кўриб чиқиш учун судга тақдимнома киритилган.

 

Шунингдек, Амударё тумани Уйшин маҳалласида яшовчи янв бир юртдошимизга Жиноят ишлари бўйича Мўйноқ туман судининнг ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «б» банди ва 228-моддаси 1-қисми билан 3 йил муддатга ишлаган иш ҳақининг 10 фоизини ушлаб қолиш орқали аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган ва Амударё тумани ИИБда 2022 йил сентябрь ойида ҳисобга олинган.

 

У 2022 йил 30 сентябрь кунидан буён Амударё туманидаги деҳқон хўжалигида ишчи бўлиб ишлаб келмоқда. Маҳкум жазони ўташ тартиб ва қоидаларига тўлиқ амал қилиб, белгиланган жазо муддатининг 1 йил 6 ой қисмини ўтаган, ўталмаган жазо муддати 1 йил 6 ойни ташкил қилади. Шу боис, унинг аҳлоқ тузатиш ишлари жазосининг ўталмаган қисми учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддаси қўлланилиб, муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш масаласини кўриб чиқиш учун судга тақдимнома киритилган.

 

Бундан ташқари, сайёр суд мажлисида яна 3 нафар шахсларни муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш масаласини кўриб чиқиш учун судга тақдимномалар киритилган.

 

Сайёр суд мажлисида ушбу тақдимномалар атрофлича муҳокама этилди ва жазони ўташ тартиб-қоидаларига амал қилиб, суд томонидан зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажарган ҳамда меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганлиги учун 5 нафар маҳкум Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиндилар.

 

Асқар САФАРОВ, Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси.

Руслан ИСКАНДАРОВ, Амударё тумани ИИБ Пробация гуруҳи катта инспектори.

Skip to content