Педагог ходимларни меҳнатга мажбурлаш жавобгарликка сабаб бўлади
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексларга педагог ходимларини меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш ҳолатлари жавобгарликка киритилиши ҳақида тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Бугун Тахиатош тумани «Обод макон» маҳалла фуқаролар йиғинида Жиноят ишлари бўйича Тахиатош тумани суди раиси А.Кощанов иштирокида фуқаролар билан учрашув ўтказилиб, педагог ходимларини меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш ҳолатлари жавобгарликка киритилиши ҳақида тарғибот ишларини олиб борилди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, айниқса, таълим ташкилотларининг педагог ходимларини ўз хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ҳолларига қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бироқ педагог ходимларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга жалб этиш ҳоллари давом этмоқда.
Шу муносабат билан 2023 йил 27 март кунги «Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-826-сонли қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма киритилмоқда.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республиксининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, шунингдек уларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши назарда тутилмоқда. Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексининг 148 прим 2-моддаси учинчи қисми билан қуйидаги тарзда тўлдирилмоқда.
«Меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда на зарда тутилган ҳоллар мустасно, таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади» деб белгиланмоқда.
Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилмоқда. Ушбу кодексининг 51-моддаси иккинчи қисми билан тўлдирилмоқда.
Яъни, биринчи қисмида меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундай қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно деб кўрсатилган бўлса, иккинчи қисмда бўлса худди шундай ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача жарима солишга сабаб бўлади деб белгиланмоқда.
Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 197 прим 5-моддасидаги «таълим муассасаси» деган сўзлар «таълим ташкилоти» деган сўзлар билан алмаштирилган.
Шу билан ушбу модданинг биринши қисми қуйидаги таҳрирда баён этилган. Таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчилар билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш билан ифодаланган тарзда қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим ташкилоти педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу Қонун таълим ташкилотининг педагог ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарликни кучайтиришга, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.
Арман Кощанов,
Жиноят ишлар бўйича Тахиатош тумани суди раиси