“Амир Темур” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги фуқароларга “Сайёр қабул” ташкил этилди

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва келгусидаги вазифаларнинг муҳокамасига бағишланган йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ишончли химоя қилиш мақсадида, жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси А.Сафаров ва иқтисодий ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг судьяси Б.Бекмуратовлар иштирокида Амударё тумани “Амир Темур” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги фуқароларга “Сайёр қабул” ташкил этилди.

“Сайёр қабул”да иштирок қилган 28 нафар фуқародан 7 таси ўзларининг мурожаатлари билан иштирок қилди, яъни 2 нафар фуқаро мерос бўлиб қолган уй жойига кадастр ҳужжат тайёрлаш юзасидан, 1 нафар фуқаро ЙХҲБ томонидан солинган жарима жазосидан норозилиги, 2 нафар фуқаро Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш масаласида, 2 нафар фуқаро фарзандларига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома расмийлаштириш ва бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар тингланди.

“Сайёр қабул”дан сўнг жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси А.Сафаров “Одам савдоси ва айниқса, болалар савдосига қарши курашишда миллий қонунчилик ва халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар” юзасидан баёнот қилди;

 

 

Иқтисодий ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг судьяси Б.Бекмуратов Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти ҳақида баёнот қилди;

 

 

Шундан кейин фуқаролар ўзларини қизиқтирган бошқада саволларига жавоблар олдилар.

 

Қорақалпоғистон Республикаси суди

Ўқув-семинар машғулотлари ўтказилди

 

Жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман суди ходимлари ва туман кадастр агентлиги ходимлари билан ҳамкорликда ўқув-семинар машғулотлари ўтказилди.

 

Ўқув-семинар машғулотида Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг
60-моддаси яъни, табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бузиш, 601-моддаси, суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик, 68-моддаси, ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқиш, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузиш ва 681-моддаси, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик ҳамда 69-моддаси чегара белгиларини, геодезик пунктларни ва чеклов белгиларини йўқ қилиш ёки шикастлантириш билан боғлиқ маъмурий ишлар юзасидан киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг тўлиқ мазмун моҳияти ва юзага келаётган муаммолар муҳокама қилинди.

 

Мазкур семинар машғулотида ушбу тоифадаги ишларни юритиш тартиби ва қонуний жазо чораларини қўллаш масаласида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб ўзларига жавоблар олди.

 

Қонунларни туғри қўллаш, бу фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

 

Оразбай Мауленов

Жиноят ишлари бўйича

Элликқалъа туман суди раиси

 

ПРОБАЦИЯ ГУРУҲИ ҲИСОБИДА ТУРУВЧИ 17 НАФАР МАҲКУМ МУДДАТИДАН АВВАЛ ОЗОД ЭТИЛДИ

 

Республикамизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида одамларнинг давлатга ишончи юксалиб, ҳаётларидан рози бўлиб яшаши таъминланмоқда. Хусусан, билиб-билмай жиноят содир этиб қўйиб, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, содир этган жиноятининг оқибатларини тушуниб етган шахслар авф этилиб, уларнинг жамиятга мослашувига шароит яратилмоқда.

Жиноят турига кўра озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган, ёхуд тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг ўталмаган қисми озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турига алмаштирилган маҳкумлар ушбу жазо турини ўташ даврида муносиб хулқ-атворда бўлса, тузалиш йўлига ўтиб, жазони ўташ тартиб-қоидаларига амал қилса, муддатидан олдин озод этилади. Давлатимизнинг бунингдек бағрикенглик, инсонпарварлик сиёсати туфайли шодлик-қувонч кириб келган оилалар кўпчилик.

 

11 январь куни жиноят ишлари бўйича Амударё тумани суди томонидан Бойовул маҳалла фуқаролар йиғини биносида сайёр суд мажлиси ўтказилиб, унда туман Ички ишлар бўлими Пробация гуруҳи ҳисобида турган ва тузалиш йўлига ўтган 17 нафар маҳкумларга нисбатан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилди.

 

Маҳкумлардан бири оқибатини чуқур ўйлаб кўрмай, тез ва мўмай пул топиш илинжида жиноят кўчасига кириб қолган юртдошимиздир. Халқимизда сўнгги пушаймон – ўзингга душман, деган ибора бор. У ҳам қилмишидан пушаймонлигини хулқ-атвори билан исботлади, муассаса тартиб-қоидаларига бўйсунди, меҳнатсеварлигини кўрсатди. Натижада бир йилга яқин вақт ўтгач, унинг озодликдан маҳрум қилиш жазоси суд ҳукми билан ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилди ва у ишга жойлашди.

 

Давлатимизнинг кечиримлилик сиёсати натижасида мазкур суд мажлисида жами 17 нафар маҳкум озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазодан муддатидан олдин озод этилди.

 

Адашганнинг айби йўқ – қайтиб йўлини топса, дейди халқимиз. Уларнинг энди адашмасликларини тилаб қоламиз.

 

Қорақалпоғистон Республикаси суди

Безорилик ҳаракатларини содир қилган ҳуқуқбузарга нисбатан беш сутка маъмурий қамоққа олиш жазоси тайинланди.  

 

Жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман суди биносида видеоконференцалоқа режимида очиқ суд мажлисида пиротехника воситаларидан фойдаланиб туйда майда безорилик ҳаракатларини содир қилган ҳуқуқбузарга нисбатан беш сутка маъмурий қамоққа олиш жазоси тайинланди.

 

Жумладан, фуқаро И.Н. 2022 йил 12 декабрь куни Элликқалъа тумани Қўшқора маҳалласида жойлашган “Боғибек ота” туйхонасида булиб ўтаётган туй маросимида фуқароларнинг осойишталигини бузиб жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, туйхона иш бошқарувчисининг тартибни сақлашга қаратилган огоҳлантиришларига қарамасдан туйхона ичкарисида вояга етмаган таниши И.Х. билан бирга тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиб, туйхона ичкарисига ўзи билан олиб келган бир дона пиротехника воситасини отиб, безорилик ҳаракатларини содир қилган.

 

Мамлакатимизда пиротехника воситаларини Республикамизга олиб кириш, сотиш ва сақлаш шунингдек, ундан фойдаланиш тақиқланган ҳамда бундай ҳаракатларни содир этганлик учун маъмурий жазо чораси белгиланган.

 

Кундалик ҳаётимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш ҳамда бошқа фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шаъни ва қадр қимматини таъминлаш ҳар биримизнинг Конституцияда белгиланган бурчларимиз эканлигини унутмаслигимиз зарур.

 

Оразбай Мауленов

Жиноят ишлари бўйича

Элликқалъа туман суди раиси

Коррупция – жамият тараққиёти кушандаси

Давлат хизматчиларининг ўз мансаб-мавқеъсидан фойдаланиб, уни суъистеъмол қилишлари, порахўрлик, таъмагирлик ёки фирибгарлик иллатларига қўл уришлари давлатимизнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, халқимизнинг давлатга нисбатан ишончининг йўқолишига, ҳокимиятнинг обрўсизланишига олиб келиши сўзсиз.

Ушбу омиллар орасида энг ижтимоий хавфлиси ва жамият ривожига тўғаноқ бўладиган иллат – бу коррупциядир.

Коррупция – шахснинг унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқларидан ўз шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиши орқали ноқонуний наф кўриши билан боғлиқ бўлган жиноят тури ҳисобланади. Умуман олганда, ҳар қандай пора олиш, бериш ва унда воситачилик қилиш, мансаб ваколатидан четга чиқиш, ундан фойдаланиб талон-тарож қилиш ва ҳокимият ҳаракатсизлиги каби иллатларнинг барчаси коррупцион жиноятларни ташкил қилади.

Жамиятда коррупция оддий халқ вакилларининг юқори амалдорларга ёки давлат амалдорларининг ўзаро бир-бирларига бўлган муносабатидан келиб чиқади. Ушбу салбий ҳолатларнинг ҳар қандай кўриниши жамиятни ҳалокат ёқасига олиб бориши муқаррардир.

Шундай экан, ушбу иллатга қарши курашиш мақсадида мамлакатимизда коррупцияга барҳам бериш, ҳокимият амалдорларининг ҳалол ишлашини таъминлаш, тадбиркорлар олдида турган бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, давлат ва халқ ўртасидаги жараёнларда инсон омилини камайтиришга қаратилган бир қатор Қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинган ва бу бежизга эмас. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этиб, ўз натижаси ва самарасини бериб келмоқда. Ушбу ҳужжатларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги каби масалалар аниқ белгилаб қўйилган.

Лекин, қонун ҳужжатларида коррупциянинг олдини олиш ва уни бартараф этиш учун аниқ чора-тадбирларнинг белгиланиб қўйилиши ёки унга қарши курашувчи мутасадди идораларнинг фаолияти йўлга қўйилганлигининг ўзи етарли эмас. Бунинг учун ҳар бир фуқаро энг аввало ўзида масъулиятни ҳис этиши, ўзларининг мақсад ва муддаоларига етишиш йўлида ҳар хил қинғир-қийшиқ йўллардан фойдаланмасдан, фақатгина ўз кучи ва меҳнатига ишонган ҳолда ҳалол ва пок йўлни танлаши, қолаверса жамиятда кузатилаётган таъмагарлик ва порахўрлик ҳолатларига гувоҳ бўлганда, вазиятга индамай кетавермасдан, бефарқ бўлмасдан, бу ҳақида тегишли идораларга хабар беришни ҳам ўз фуқаролик бурчи сифатида қабул қилиши даркор.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, коррупцияга барҳам беришга фақат давлат ва ҳукуматнинг кучи билангина эришиб бўлмайди. Шунинг учун мазкур ижтимоий иллатга қарши бутун жамият, барча фуқаролар фаол курашмоғи зарур.

 

 

Беруний туманлараро

иқтисодий судининг судьяси                                         Қ.О.Хожамуратов

 

Мустаҳкам оила –жамият таянчи

Оила-инсон тафаккурининг олий маҳсули. Зотан, бу мў’жаз маскан умримизга мазмун, ҳаётимизга файз берибгина қолмай, жамият равнақи, юрт тараққиётида муҳим ўрин тутади. Айни чоғда оиладаги тотувлик ва аҳиллик кишининг онгу шуурида ҳаётга муҳаббат, касбга садоқат, атрофдагиларга нисбатан ҳурмат ва е’тибор сингари юксак инсоний фазилатларни ҳам шакллантиради.

 

Аммо сўнгги йилларда турли сабабларга кўра, оила ажримларининг ошиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Мисол учун, республика бўйича ўтган 2021 йиль давомида 277,4 минг никоҳ қайд етилган бўлса, 28,7 минг оила ажрашган. Бу янги тузилган ҳар 10 оиладан биттасида ажрим рўй берди, деганидир.

 

Судга ажрим учун ариза топшираётган эр-хотин танлаган қарори ҳам ўзига, ҳам жамиятга, айниқса, унинг сафига энди қўшилган кичик ёшдаги фарзандининг тақдирига салбий таъсир қилишини англайди. Аммо англаш бошқа, натижа эса амалда бошқача тус олмоқда.

 

Оилавий ажримлар масаласи бугун ё кечанинг гапи эмас. Бу борада ёзилмаган гап, уни босиб чиқармаган газета, мавзу янграмаган кўрсатув қолмади, ҳисоб. Мутасаддилардан сўрасангиз, “лойиҳалар амалга ошириляпти, яраштириш комиссиялари ишлаяпти”дан нарига ўтишмайди. Лекин мурғак қалбнинг тирик етим бўлиши замонавий жамиятда одатий ҳолга айланиб бормоқда.

 

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ажрашиш арафасида турган, ажрим қайд етилган оилаларнинг муаммолари бир-бирига ўхшамайди. Аммо ҳар бири ўз ечимига эга, ажримга қадар оилани сақлаб қолишнинг имконияти анча юқори бўлган.

 

Ажрашишларнинг аксарият қисмига урф-одатлар, қайнонанинг келинга солиқ солиши, куёвнинг эса келин томондан мулк таъма қилиши, келинларнинг ота уйига “гап ташиши”, телефон ва ижтимоий тармоқлар, ёшларнинг на фикрлаш, на пул топиш борасида мустақил эмаслиги, йигитларнинг ўз сўзини ўтказишга ҳаракат қилиши, қизларнинг эса “хўп”дан йироқлиги, диний билимдан бехабарлик, ўзаро ҳурмат тушунчасининг йўқолиши, бесабрлик, айбини тан олмаслик каби ҳолатлар сабаб бўлмоқда.

 

Ачинарлиси, никоҳ бекор қилинар экан унинг қийинчиликлари асосан аёлнинг зиммасига тушади. Чунки аксар ҳолларда у яшаб турган уйидан болалари билан чиқиб кетиши ҳамда ўзи ва болаларнинг таъминотини ўйлашга мажбур бўлади. Маълумотларга кўра, ажрашган аёлларнинг бешдан тўрт қисми бугун қайта турмуш қурмасдан ёлғиз ҳаёт кечиряпти. Бунинг оқибатида ҳозирги кунда Республика бўйича 220 минг нафар вояга етмаган болалар тўлиқ бўлмаган оилада ота меҳрига зор бўлиб улғаймоқда…

 

Шунча норасида болани тирик етимга айлантирган сабаб нима?

 

Бунга ёш оилалар вакилларининг никоҳга бўлган масъулиятсизлиги, фарзанд тақдирига бўлган лоқайдлик бир сабаб бўлса, ёш оилаларга маслаҳат бериб, уларга бош бўлиш ўрнига ғурур ва кибрга берилган, боласининг айбларини хаспўшлайдиган ота-оналардаги шошқалоқлик яна бир сабаб бўлмоқда. Аслида оила ҳақидаги қадриятлар ёшлар онгига болаликданоқ сингдирилиши керак емасми…?!

 

Инсон оилани ўзига жуфт танлаш билан бошлайди. Муносиб умр йўлдоши танлаш инсон ҳаётидаги энг муҳим ҳаёт мамот масалаларидан бири ҳисобланади. Насл насабнинг қандай давом этиши, фарзандларнинг тарбияси, одоб ахлоқи, соғлик саломатлиги ҳатто, яқин қариндошлар билан борди келдининг сақланиб қолиши ҳам бўлажак умр йўлдошига боғлиқ. Оила мустаҳкам бўлиши учун оилада эр ва хотин шариатимиз кўрсатмаларига мос ҳолда ўз мажбуриятларни тўлиқ адо қилишлари шарт.

 

Никоҳланувчиларнинг аввало, иш билан банд бўлишга интилиши, иккинчидан, оиласини моддий таъминлаш мақсадида ишлаш учун узоққа кетишга оид истаклари кейинчалик бошқа омиллар таъсирида оиланинг бузилишига олиб келган, дейиш мумкин. Эр-хотинни иш билан таъминлаш, оила бюджетини қўшимча даромад эвазига мустаҳкамлаш сингари муаммоларни бартараф етиш у қадар мушкул емас, яъни ечимини топиш мумкин бўлган масаладир.

 

Хулоса қилиб айтганда, оилани асраб-авайлаш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, ажрашиш арафасидаги оилаларни яраштириш энг эзгу амаллардан ҳисобланади. Шундай экан, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш, эр-хотинни ўзаро муросага келтириш борасида нафақат судлар, балки кенг жамоатчилик ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатиши жамиятимиз ривожига муносиб улуш қўшиши шубҳасиздир.

 

Зухра Байымбетова,
Жиноят ишлари бўйича Бўзатов туман суди раиси

Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2021 йил давомида коррупция билан боғлиқ кўрилган жиноят ишлари юзасидан маълумот

Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2021 йил давомида коррупция билан боғлиқ жами 267 шахсга нисбатан 183 жиноят иши (Жиноят Кодексининг 167, 168, 1929-19211, 205-206, 209-214, 243-моддалари) кўриб чиқилган.

 

Шундан, 253 шахсга нисбатан 173 та иш бўйича айблов ҳукми чиқарилган, айблов ҳукми билан 190 нафар шахсга нисбатан жазо тайинланган, улардан 46 шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 57-моддаси қўлланилган, 96 нафар шахсга қўшимча жазо сифатида муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, 1 нафар шахс шартли ҳукм қилинган. Шунингдек, 62 нафар шахсга нисбатан жазо тайинланмасдан айблов ҳукм чиқарилган.

 

Оқлов ҳукми чиқарилган ишлар бўлмаган.

 

14 шахсга нисбатан 10 та иш тугатилган, шундан 1 шахсга нисбатан
1 иш реабилитация асосларида тугатилган.

 

 

Жазо тайинланиб ҳукм чиқарилган шахслардан:

 

40 нафарига ёки 21 фоизига нисбатан жарима;

88 нафарига ёки 46,3 фоизига нисбатан аҳлоқ тузатиш ишлари;

50 нафарига ёки 26,4 фоизига нисбатан озодликдан чеклаш;

12 нафари ёки 6,3 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

 

Жами жазо тайинлаб ҳукм чиқарилган шахсларнинг 46 нафарига ёки 24,2 фоизига Жиноят Кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, енгилроқ жазо тайинланган.

 

Жиноят Кодексининг 57-моддасини қўллаш асослари таҳлили қуйидагича:

 

3 нафари ёки 6,5 фоизига аёл киши бўлганлиги;

22 нафари ёки 47,8 фоизи қилмишидан чин қўнгилдан мушаймон бўлганлиги;

3 нафари ёки 6,5 фоизи серфарзанд бўлганлиги;

7 нафари ёки 15,2 фоизи вояга етмаган фарзандлари борлиги;

1 нафари ёки 2,2 фоизи оилада ягона боқувчи эканлиги;

1 нафари ёки 2,2 фоизи иш бўйича кафиллик мавжудлиги;

9 нафари ёки 19,6 фоизи бошқа ҳолатлар мавжудлиги асос бўлган.

 

Шунингдек, мазкур тоифадаги жиноятни содир этиб, судланган 191 нафар шахсларнинг тоифаси таҳлил қилинганида:

 

27 нафари 14,1 фоизи 30 ёшгача бўлган;

159 нафари 83,2 фоизи 31-60 ёш оралиғидаги;

5 нафари ёки 2,6 фоизи 60 ёш ва ундан юқори бўлган шахсларни;

 

152 нафари ёки 79,6 фоизи эркакларни;

39 нафари ёки 20,4 фоизи аёлларни;

 

166 нафари ёки 86,9 фоизи оилали;

17 нафари ёки 8,9 фоизи оиласиз (оиласидан ажрашган);

8 нафари ёки 4,2 фоизи турмуш қурмаган шахсларни;

 

16 нафари ёки 8,4 фоизи муқаддам судланган, шу жумладан 9 нафари ёки 56,2 фоизи муқаддам мазкур тоифадаги жиноятларни содир қилиб судланган шахсларни ташкил қилган.

 

Мазкур тоифадаги жиноятни содир этган шахсларнинг соҳалар кесимида таҳлили

 

6 нафари ёки 2,2 фоизи туман (шаҳар) ҳокимликлари (ҳоким ўринбосарлари);

4 нафари ёки 1,5 фоизи туман (шаҳар) ИИБ ходимлари;

1 нафари ёки 0,4 фоизи вилоят миқиёсидаги солиқ хизмати вакили;

2 нафари ёки 0,7 фоизи туман (шаҳар) миқиёсидаги адлия идоралари вакиллари;

42 нафари ёки 15,7 фоизи таълим муассасалари, шу жумладан 4 нафари ёки 9,5 фоизи олий ва ўрта-махсус таълим (1 нафари туман (шаҳар), 3 нафари вилоят миқиёсидаги), 21 нафари ёки 50,0 фоизи халқ таълими (20 нафари туман (шаҳар), 1 нафари вилоят миқиёсидаги), 17 нафари ёки 40,5 фоизи мактабгача таълим тизими (барчаси туман (шаҳар) миқиёсидаги);

13 нафари ёки 4,8 фоизи туман (шаҳар) миқиёсидаги тиббий муассасалар ходимлари;

30 нафари ёки 11,2 фоизи туман (шаҳар) миқиёсидаги қурилиш соҳаси;

10 нафари ёки 3,7 фоизи банк тизими (9 нафари туман (шаҳар), 1 нафари вилоят миқиёсидаги);

9 нафари ёки 3,4 фоизи комунал хизмат кўрсатиш соҳаси (6 нафари туман (шаҳар), 3 нафари вилоят миқиёсидаги);

5 нафари ёки 1,9 фоизи туман (шаҳар) миқиёсидаги ўзини ўзи бошқариш органлари;

33 нафари ёки 12,3 фоизи ишсиз шахсларни;

112 нафари ёки 41,9 фоизи бошқа соҳа вакилларини ташкил қилган.

 

Жиноятларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар таҳлили

 

Қуйидаги ҳолатлар жиноятларнинг содир этилишига имкон берган:

Давлат харидлари билан боғлиқ қонун талабларига риоя қилинмаганлиги – 47 та ҳолатда яъни 17,6 фоизи;

Айбланувчининг ижтимоий таъминланмагалиги – 42 та ҳолатда яъни 15,7 фоизи;

Ишга қабул қилишда мансабдорнинг (ходимнинг) шахси лозим даражада ўрганилмаганлиги, айбланувчининг малака даражаси етишмаслиги – 15 та ҳолатда яъни 5,6 фоизи;

Давлат органларининг ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўйганлиги – 28 та ҳолатда яъни 10,5 фоизи;

Давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибининг мавжуд эмаслиги – 1 ҳолатда яъни 0,4 фоизи;

Тизимда иш фаолияти тўғри йўлга қўйилмаганлиги, соҳада бюрократик тўсиқларнинг мавжудлиги – 114 ҳолатда яъни 42,7 фоизи;

Иш ҳажмининг тўғри тақсимланмаганлиги, малакали хизмат кўрсатилмаслиги – 12 ҳолатда яъни 4,5 фоизи;

Айбланувчининг соҳага тааллуқли бўлмаган хизматларга бириктирилганлиги – 8 ҳолатда яъни 3,0 фоизи.

 

Айнан бир соҳада тизимли тарзда содир этилаётган жиноятлар ва уларга имкон бераётган шарт-шароитлар таҳлили

 

Айнан бир соҳада содир этилаётган жиноятлар ва унга йўл қўйиб берган омиллар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, таълим ва бошқа соҳаларда Жиноят Кодексининг 209-моддаси ва Жиноят Кодексининг 167-моддаси билан жиноятлар мажмуи билан айблаш ҳолатлари кўп. Бундай жиноятларнинг келиб чиқишига тизимда иш фаолияти тўғри йўлга қўйилмаганлиги, юқори турувчи масъул шахсларнинг назоратни сусайтириб юборганлиги сабаб бўлган.

Шу билан бирга, кўрилган ишлар таҳлили фуқароларнинг масалаларини (ишга жойлаштириш, ўқишга киритиш, ер участкасини ажратиш учун ҳоким қарорини чиқариб бериш ва ҳ.қ.) юқори идораларда ишловчи танишлари орқали ҳал қилиб бериш эвазига уларнинг пулларини алдаш йўли билан қўлга киритиш ҳоллари кўп учраганлигини, бундай ҳолатларнинг юзага келишига аҳолининг ҳуқуқий маданияти пастлиги сабаб бўлганлигини кўришимиз мумкин.

 

Судлар томонидан коррупцияга қарши курашиш юзасидан амалга оширилган ишлар таҳлили

2021 йил давомида Қорақалпоғистон Респуликаси жиноят ишлари бўйича судлари томонидан коррупция билан боғлиқ жиноят ишлари юзасидан 2 маротаба, Жиноят Кодексининг 167-моддаси бўйича 1 маротаба умумлаштиришлар ўтказилган, шундан 167-моддаси бўйича ўтказилган 1 та умумлаштиришнинг якуни бўйича 2 та, яъни Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига нисбатан тақдимномалар чиқарилган.

2021 йилда судларда мазмунан кўриб чиқилган коррупция билан боғлиқ ишлар бўйича жиноятлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан 144 та хусусий ажримлар чиқарилган. Шундан 126 та ажрим тегишли идора, муассаса ва ташкилотларда муҳокама қилинган, 2 таси бўйича масъул шахсларга нисбатан чоралар кўрилган, 16 таси бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 2021 йилда коррупцияга қарши курашиш борасида жами 407 та, жумладан 68 та корхона-ташкилотларда, 56 та ўқув муассасаларида ва 283 та аҳоли ўртасида маъруза ва давра суҳбатлари ўтказилган.

Оммавий ахборот воситаларида 339 та, жумладан 27 та телевидениеда, 22 та радиода, 13 газета-журналларда ва 277 та веб-сайтларда чиқишлар қилинган.

 

Коррупцияга қарши курашиш борасида таклиф ва мулоҳазалар

Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судларида
2021 йил давомида коррупция билан боғлиқ кўриб чиқилган жиноят ишлари юзасидан ўтказилган умумлаштириш якуни бўйича қўйидаги таклифлар киритлади.

  1. Коррупцияга қарши курашиш борасида судларнинг ролини кучайтириш, кенг жамоатчиликнинг бу иллатга қарши курашишда фаоллигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш лозим бўлади:

судда кўрилиб айблов ҳукми чиқарилган ҳар бир коррупцияга боғлиқ жиноят иши натижаларини ОАВларида кенг ёритиб бориш;

коррупция билан боғлиқ ишларни ўқув муассасалари, ёшлар кенгаши, маҳалла фуқаролар йиғинларида сайёр суд мажлисида муҳокама қилиш.

  1. Ўқишга ва ишга қабул қилиш жараёнларида порахўрликни йўқ қилиш мақсадида:

олий ва ўрта-касб таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини тўлиқ яъни нафақат имтиҳон олиш жараёнларини, балки ариза топшириш, уларни ўрганиб чиқиш, имтиҳон варақаларини текшириш, қайси саволларга берилган жавоблар тўғри-нотўғрилигини кузатиб бориш ва имтиҳон натижаларини қайд этиш жараёнларини интернет орқали кузатиб бориш тизимини яратиш;

ишга қабул қилиш жараёнлари шаффофлиги ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида барча муассаса, ташкилот ва корхоналар учун мажбурий бўлган “номзодларни танлаш ва уларни ишга қабул қилиш намунавий тартиби”ни ишлаб чиқиш ҳамда номзодларни танловини интернет орқали кузатиб бориш тизимини яратиш мақсадга мувофиқ бўлади.

  1. Барча давлат муассасаларининг давлат ҳаридларини амалга оширишда танловлари эълон қилинадиган ягона интернет сайтини яратиш, танловларни фақат ушбу сайт орқали ўтказилишини йўлга қўйиш таклиф этилади.
  2. Давлат органларининг функцияларини тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш, ушбу органга таалуқли бўлмаган функцияларни олиб ташлаш, идораларнинг бирин-бири такрорловчи функцияларни тугатиш, қонун ёки норматив-ҳужжат билан қамраб олинмаган функцияларни тартибини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Қорақалпоғистон Республикаси суди

Суд ҳужжатларининг ижроси 

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексининг (кейин-ИПК) 334-моддасига кўра, суд ҳужжатлари қонуний кучга киргач ижрога қаратилади, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда дарҳол ижрога қаратиш ҳоллари мустасно.

Даъвони таъминлаш бўйича чоралар кўриш, келишув битимини тасдиқлаш, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий тартибда ижрога қаратиш учун ижро варақасини бериш, чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ажрим, шунингдек соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари дарҳол ижро этилиши лозим.

Агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, суд ҳужжатининг ижроси суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида амалга оширилади.

ИПКнинг 335-моддасида, суд томонидан берилган, ундирувчининг суд ҳужжатини мажбурий тартибда ижро эттириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ижро варақасидир – деб белгиланган.

Шунингдек, ИПКнинг 337-моддаси биринчи қисми 5-бандига кўра, суд ҳужжатининг хулоса қисми ижро варақасида кўрсатилган бўлиши керак.

Лекин амалиётида суд томонидан бериладиган ижро варакасида жавобгарнинг манзили хато кўрсатилган ҳолатлари мавжуд. Яъни бир мисол: ушбу суднинг 4-2301-2203/99-сонли иқтисодий иш бўйича қўшимча жавобгар манзили Тошкент шаҳри, Муқумий кўчаси ХХ уй деб кўрсатилиши лозим бўлсада, қўшимча жавобгарнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги филиал манзили кўрсатилган. Натижада суднинг ижро варақаси интеграцияланган электрон маълумотлар базаси орқали Нукус шаҳар Мажбурий ижро бўлимига электрон шаклда жўнатилган. Бу эса ўз навбатида Мажбурий ижро бўлими томонидан қўшимча жавобгарнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги филиалининг ҳисоб-рақамларини хатлашга асос бўлган.

Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунинг 31-моддасига кўра, ижрога топширилган ижро ҳужжатидаги талаблар ноаниқ бўлган тақдирда давлат ижрочиси ижро ҳужжатини бериш учун асос бўлган суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжатини, шунингдек қонунга кўра ижро ҳужжати ҳисобланадиган ҳужжатни тушунтириб беришни сўраб ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа органга ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.

Ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа орган давлат ижрочисининг мурожаати келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида уни кўриб чиқади ва ижро ҳужжатини бериш учун асос бўлган ўзи қабул қилган суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжатининг, шунингдек қонунга кўра ижро ҳужжати ҳисобланадиган ҳужжатнинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда унга тушунтириш беради. Суд ижро ҳужжатига тушунтириш бериш тўғрисида ажрим чиқаради, ижро ҳужжатини берган бошқа орган эса қарор чиқаради.

Нукус шаҳар Мажбурий ижро бўлимининг ижро ҳужжатига тушунтириш бериш ҳақидаги аризаси бўйича чиқарилган суд ажримида хато камчилик тўғриланған ва суднинг ижро варақаси тегишли мажбурий ижро бюросига жўнатилган.

 

Бердимурат Баймуратов ,
Нукус туманлараро иқтисодий суди судьяси 

Нукус гарнизони ҳарбий хизматчилари иштирокида коррупцияга қарши курашиш юзасидан профилактик тадбир ҳамда оммавий сайёр қабул ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Нукус ҳарбий суди ҳамда Нукус ҳарбий прокуратураси рахбарияти томонидан Нукус гарнизони маънавият ва маърифат маркази биносида Нукус гарнизони ҳарбий хизматчилари иштирокида коррупцияга қарши курашиш юзасидан профилактик тадбир ҳамда оммавий сайёр қабул ўтказилди.

 

 

Тадбирда Нукус ҳарбий судининг раиси С.Т.Кушатов кун тартибидаги масалалар бўйича, яъни Нукус гарнизони ҳарбий хизматчилари иштирокида коррупцияга қарши курашиш юзасидан “Коррупция – жамиятни емирувчи иллатдир” мавзусида ўтказилаётган профилактик тадбирнинг аҳамияти, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раёсатининг 2022 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судиниг одил судловни амалга ошириш борасидаги вазифалари тўғрисида”ги РС-03-22-сонли қарорига илова қилинган ҳаракатлар дастурининг 15-банди ижроси юзасидан ҳудудларда фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан сайёр қабуллар ўтказилиши белгиланганлигини таъкидлаб, тадбирнинг мазмун-моҳиятини тушунтирди ва йиғилишда иштирок этаётган масъуллар билан ҳарбийларни яқиндан таништирди.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди судьяси А.Саттаров йиғилиш иштирокчилари эътиборига “Коррупция – жамиятни емирувчи иллатдир” мавзусида маъруза қилди. Тингланган маъруза бўйича тадбир иштирокчилари ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.

 

 

Шундан сўнг Нукус ҳарбий суди раиси С.Кушатов сўзга чиқиб, ҳарбий хизматчилар ҳамда Қуролли Кучлар ишчи хизматчилари томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар, уларнинг оқибати, келиб чиқиш сабаб ва шароитлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида нафақат Қуролли Кучларда, балки барча соҳаларда коррупцияга қарши кураш кенг кўламда олиб борилаётганлигини ва бирор бир ҳолат аниқланган тақдирда қонуний асосланган ҳолда қатъий чоралар курилаётганлигини таъкидлаб, қонунчилигимизда коррупцияга қандай жазолар қўлланилиши ҳақида ҳарбий хизматчилар тушунтиришлар берди.

 

 

Тадбир давомида иштирок этаётган ҳарбий хизматчилар ўзларини қийнаб келган муаммолари бўйича тегишли соҳа вакилларига мурожаат қилишди. Хусусан, шартнома асосидаги ҳарбий хизматчиси Фартиев Каримжон, мурожатида Нукус шаҳрида хизматини давом эттириш учун яқинда келганлигини, хозирда Нукус шаҳри 23 кичик тумандаги кўп қаватли хонадонларнинг бирида вақтинча яшаётганлигини, оила қарамоғида бўлган 3 ёшар фарзандини мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш масаласида ёрдам беришни сўраган. Бу мурожаат бўйича Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги маъсул ходими давлатимиз томонидан ҳарбий хизматчиларга нисбатан фарзандларини мактабгача таълим муассасаларига қўйишга берилган имтиёзлар бўйича тушунтиришлар берилди.

 

Шартнома асосидаги ҳарбий хизматчиси Мамадиёров Маъмуржон ўз мурожатида турмуш ўртоғини ишга жойлаштириш масаласида ёрдам беришни сўраган. Бу мурожаат бўйича Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги маъсул ходими томонидан Қорақалопғистон Республикасида мактабгача таълим муассасаларида 135 та бўш иш жойлари борлигини, турмуш ўртоғи тегишли ҳужжатларини ўзи билан билан бирга олиб келган ҳолда, ўз мутахассислиги бўйича мактабгача таълим муассасаларидан бирига ишга жойлашиши мумкинлиги тушунтирилди.

 

Санжар Кушатов,

Нукус ҳарбий суди раиси

 

 

МАҲСУЛОТ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ТЎҒРИСИДА

Маҳсулот етказиб бериш шартномаси эркин тадбиркорликда товарлар олди-соттиси бўйича энг кўп тарқалган тижорат амалиётида қўлланадиган шартномалардан иборат. Маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи -сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, ойлавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.

Маҳсулот етказиб бериш шартномаси бир йилга, бир йилдан ортиқ муддатга ёки тарафлар келишувида назарда тутилган бошқа муддатларда тузилиши мумкин. Агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида унинг амал қилиш муддати белгиланган бўлса, шартнома бир йилга тузилган деб ҳисобланади. Агар узоқ муддатли шартномада етказиб берилиши лозим бўлган товарлар миқдори ёки шартноманинг бошқа шартлари бир йилга ёки ундан ортиқ муддатга белгиланган бўлса, шартномада тарафларнинг бу шартларни шартноманинг амал қилиш муддати тугагунга қадар кейинги даврлар учун келишиб олиш тартиби белгиланиши лозим. Шартномада бундай тартиб бўлмаса, шартнома бир йилга ёки шартнома шартлари келишилган муддатга тузилган ҳисобланади.

Товарларни шартноманинг амал қилиш муддати мобайнида туркум-туркум қилиб етказиб беришни назарда тутувчи маҳсулот етказиб бериш шартномасининг жиддий шарти – маҳсулот етказиб бериш даври, яъни товарларни туркум-туркум қилиб етказиб бериш юзасидан тарафлар шартлашган муддатлардир. Ўзаро муносабатларнинг аниқ шартларига боғлиқ равишда, шартномада маҳсулот етказиб бериш даврларини белгилаш билан бир қаторда товарларни етказиб бериш жадвали ҳамда унга риоя этилмагани учун мустақил жавобгарлик ҳам белгиланиши мумкин.

Тадбиркорлик муносабатини ифодаловчи бошқа шартномаларда бўлгани каби, мажбуриятларни муддатидан олдин бажаришга фақат тарафларнинг розилиги билангина йўл қўйилади. Маҳсулот етказиб бериш шартномасининг ҳусусияти шундай қоидадан иборатки, унга мувофиқ, биринчидан, маҳсулотни муддатидан олдин етказиб бериш учун сотиб олувчининг розилиги бўлиши талаб қилинади, иккинчидан, муддатидан олдин етказиб берилган ва сотиб олувчи томонидан қабул қилинган товарлар кейинги даврда берилиши лозим бўлган товарлар миқдорига киритилади. Маҳсулот етказиб бериш шартномаси бўйича товарларни сотиб олувчиларнинг ўзлари қабул қилиб олувчилардан ёки истеъмол қилувчилардан иборат бўлмасликлари мумкин. Улар товарни сотишни амалга ошириш бўйича воситачилик қилувчи улгуржи савдо ва бошқа ташкилотлардан иборат бўлиши мумкин.

Агар шартнома бўйича сотиб олувчининг ўзи товарни шахсга етказиб бериш тартиби назарда тутилади. Демак, товарларни шартнома бўйича сотиб олувчига ёки ундан олувчи сифатида кўрсатилган шахсга жўнатиш (топшириш) йўли билан амалга оширилиши лозим. Шартномада товарларни олувчиларга жўнатиш тўғрисида маҳсулот етказиб берувчига кўрсатмалар бериш ҳуқуқи назарда тутилган бўлса, маҳсулот етказиб берувчи товарларни жўнатиш разнарядкасида кўрсатилган олувчиларга жўнатиши керак. Жўнатиш разнарядкасининг мазмуни ва уни сотиб олувчи томонидан маҳсулот етказиб берувчига юбориш муддатлари шартномаларда белгиланади. Сотиб олувчининг белгиланган муддатда жўнатиш разнарядкасини тақдим этмаслиги маҳсулот етказиб берувчига шартномани бажаришдан бош тортиш ёхуд товарлар жўнатишни тўхтатиб қўйиш ҳуқуқини беради.

Сотиб олувчига сифати тегишли даражада бўлмаган товар сотилганида, агар унинг камчиликлари шартнома тузиш пайтида малум қилинмаган бўлса, сотиб олувчи ўз хоҳишига кўра худди шу маркадаги сифати тегишли даражада бўлган товарга алмаштиришни, харид нархини тегишинча қайта ҳисоблаган ҳолда бошқа маркадаги сифати тегишли даражада бўлган товарга алмаштиришни, товарнинг камчиликларини, ҳарид нархини мутонасиб равишда камайтиришни, кўрилган зарар ўрнини қоплаган ҳолда нархини мутонасиб равишда камайтиришни, кўрилган зарар ўрнини қоплаган ҳолда шартнома бекор қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Агар етказиб берилган товарлар сифати, ассортименти ва нави бўйича стандартлар техник шартлар, намуналарга, қонун ҳужжатларида ёки хўжалик шартномасида белгиланган бошқа мажбурий шартларга мос келмаса, сотиб олувчи товарларни қабул қилиш ҳамда уларнинг ҳақини тўлашни рад этиб, етказиб берувчидан сифати, ассортименти ва нави лозим даражада бўлмаган товарлар қийматининг 20 фоизи миқдорида жарима ундириб олишга, агар товарлар ҳақи тўлаб қўйилган бўлса, тўланган суммани белгиланган тартибда қайтаришни талаб қилишга ҳақлидир. Сифати, ассортименти ва нави лозим даражада бўлмаган товарлар етказиб берганлик учун жарима етказиб берувчидан акцептсиз тартибда ундириб олинади.

Жаримани ундириш тўғрисида тўлов талабномаси банк муассасасига товарларнинг сифати, ассортименти ва нави лозим даражада эмаслиги тўғрисидаги далолатнома тузилгандан кейин ўн кун ичида тақдим этилади. Жаримани ундириш тўғрисидаги тўлов талабномаси банк муассасасига товарларнинг сифати, ассортименти ва нави лозим даражада эмаслиги тўғрисидаги далолатнома тузилганидан кейин ўн кун ичида тақдим этилади. Жаримани ундириш тўғрисидаги тўлов талабномаси белгиланган ўн кунлик муддатни бузган ҳолда тақдим этилганда, жаримани ундириш белгиланган тартибда амалга оширилади.

Бут бўлмаган товарлар етказиб берилган тақдирда сотиб олувчи товарларни бутлаб беришни талаб қилишга ҳақли. Етказиб берувчи сотиб олувчининг талабини олган пайтдан бошлаб, агар тарафларнинг келишувида ўзга муддат белгиланган бўлмаса, ўн беш кунлик муддат ичида товарларни бутлаб бериши шарт, бундан буён товарлар бутлаб берилгунга қадар уларнинг ҳақини тўлашдан бош тортишга, агар товарларнинг ҳақи тўлаб қўйилган бўлса, белгиланган тартибда тўланган суммалар қайтарилишини талаб қилишга ҳақли, етишмаётган қисмлар қйиматини қўшган ҳолда, етказиб берувчидан бут бўлмаган товарлар қйиматининг 20 фоизи миқдорида жарима ундиришга ҳақли.

Р. КУРБАНБАЕВ,
Беруний туманлараро иқтисодий суди раиси

Skip to content