КИТОБХОН СУДЬЯЛАР БЕЛЛАШУВИ

Қорақалпоғистон Республикаси суди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьялари ва ходимлари ўртасида “Китоб – маънавият кўзгуси” танлови ўтказилди.

Иштирокчилар ўзбек мумтоз ва жаҳон адабиёти асарларидан танланган 5 та китобни ўқиб, уларнинг мазмун-моҳияти, ғояси ва аҳамиятини шарҳлаб берди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда китобхонлик маданиятини юксалтириш буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир. Китоб – беминнат устоз. Билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи. Шу боисдан ҳам, китоблар барча замонлар учун энг зарур нарса, қалблар малҳами, билимлар хазинаси, донишмандлик чашмаси бўлиб келган. Китоб барча соҳага оид маълумотларни тўплаш, сақлаш усули сифатида катта аҳамиятга эга.

Танлов давомида ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳар бир иштирокчининг бадиий асар ҳақидаги нутқи, саволларга тўғри ва тўлиқ жавоб беришини холис ва адолатли баҳолаб борди.

Танлов якунида Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьялар малака ҳайъати котиби Тимур Тургалиев биринчи ўринни, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг судьяси Жанат Аймағанбетова иккинчи ўринни, Қорақалпоғистон Республикаси судининг бош консультанти Гулайим Ғаниева ҳамда судья катта ёрдамчиси Илҳом Мустафаев учинчи ўринни эгаллади.

Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

СОДДАЛАШТИРИЛГАН ТАРТИБДА ИШ ЮРИТИШ

Одил судлов самарадорлигини янада ошириш иқтисодий процессуал ҳуқуқининг бугунги долзарб масалаларидан бири. Корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ўз вақтида ҳимоя қилиш эса суд ишларини юритишни соддалаштиришга бевосита боғлиқ. Шу туфайли иқтисодий суд ишини юритишга соддалаштирилган тартиб жорий этилди.

Соддалаштирилган тартибдаги ишлар суд муҳокамаси ўтказилмасдан, тарафлар чақиртилмасдан ва уларнинг тушунтиришлари эштилмасдан, даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатта даъво аризаси юзасидан ёзма фикрни, далилларни ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтганидан кейин судя томонидан якка тартибда кўриб чиқилиши назарда тутилган.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича суд томонидан кўриб чиқилади.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризаси Иқтисодий процессуал кодексининг 149-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризасига Иқтисодий процессуал кодексининг 151-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар, шунингдек даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга топширилганлиги ҳақидаги далиллар илова қилинади.

Ушбу талабларга тўлиқ амал қилинган бўлса, суд иш соддалаштирилган тартибида кўрилиши ҳамда иш кўриб чиқиладиган санани кўрсатган ҳолда даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисида ажрим чиқаради, акс ҳолда даъво аризаси қайтарилади.

Жавобгар даъво аризаси юзасидан ёзма фикрини даъво аризасининг кўчирма нусхаси ўзига топширилган пайтдан эътиборан ўн беш кунлик муддатда судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим етишга ҳақли. Ёзма фикрга унинг кўчирма нусхаси даъвогарга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.

Даъво аризасининг судга юборилиши ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар томонидан даъво аризаси юзасидан ёзма фикр тақдим этилмаганлиги даъво аризасини соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

Белгиланган муддат ўтганидан кейин судга келиб тушган даъво аризаси юзасидан ёзма фикр, далиллар ва бошқа ҳужжатлар, агар уларни белгиланган муддатда тақдим етишнинг имкони бўлмаганлиги тараф томонидан асослантирилган ва улар суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар келиб тушган бўлса, қабул қилинади.

Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш муддатини Иқтисодий процессуал кодексининг 164-моддасида назарда тутилган тартибда узайтиришга ёл қўйилмайди.

Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини ешитмасдан кўриб чиқади.

Суд тарафлар томонидан тақдим етилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтир ишларни, этирозларни ва (ёки) важларни текширади, далиллар билан танишади, ашёвий далилларни кўздан кечиради ва ҳал қилув қарорини қабул қилади.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори ихтиёрий тартибда ижро этилади.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.

Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан этиборан қонуний кучга киради.

Иқтисодий судларда ишларни соддалаштирилган тартибида кўриш амалиётининг жорий этилиши даъво суммаси кам бўлган низолар бўйича ишларни тезкорлик билан кўриб чиқиш ва суд ҳужжатларининг тезда ижро қилинишини таъмийнлаш имконини беради, бундай ишларнинг кўриб чиқиш процессини тезлаштиради.

 

 

Рустам ҚУРБАНБАЕВ, 

Беруний туманлараро иқтисодий суди раиси

 

Skip to content