КИТОБХОН СУДЬЯЛАР БЕЛЛАШУВИ
Қорақалпоғистон Республикаси суди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьялари ва ходимлари ўртасида “Китоб – маънавият кўзгуси” танлови ўтказилди.
Иштирокчилар ўзбек мумтоз ва жаҳон адабиёти асарларидан танланган 5 та китобни ўқиб, уларнинг мазмун-моҳияти, ғояси ва аҳамиятини шарҳлаб берди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда китобхонлик маданиятини юксалтириш буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир. Китоб – беминнат устоз. Билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи. Шу боисдан ҳам, китоблар барча замонлар учун энг зарур нарса, қалблар малҳами, билимлар хазинаси, донишмандлик чашмаси бўлиб келган. Китоб барча соҳага оид маълумотларни тўплаш, сақлаш усули сифатида катта аҳамиятга эга.
Танлов давомида ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳар бир иштирокчининг бадиий асар ҳақидаги нутқи, саволларга тўғри ва тўлиқ жавоб беришини холис ва адолатли баҳолаб борди.
Танлов якунида Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьялар малака ҳайъати котиби Тимур Тургалиев биринчи ўринни, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг судьяси Жанат Аймағанбетова иккинчи ўринни, Қорақалпоғистон Республикаси судининг бош консультанти Гулайим Ғаниева ҳамда судья катта ёрдамчиси Илҳом Мустафаев учинчи ўринни эгаллади.
Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.