СУДЬЯНИНГ ФАОЛИЯТИ – ҚОНУН УСТУВОРЛИГИДА

 

Судья фаолиятининг қонуний асосини 2000 йил 14 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги Қонун билан бирга Судьялар олий кенгашининг 2024 йил 15 майдаги қарори билан қабул қилинган “Судьялар одоби кодекси” ташкил этади. Мазкур Кодекс ҳар бир судья учун одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ касбий фаолиятида ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий бўлган юксак одоб-аҳлоқ талабларига, Ўзбекистон Республикаси қонун хужжатлари қоидаларига, одил судлов ва судьялар одоб аҳлоқи соҳасидаги халқаро стандартларга асосланган хулқ-атвор қоидаларини белгилайди.

 

“Судьялар одоби кодекси”нинг 5-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларига мувофиқ, судья ўз касбий фаолиятини амалга оширишида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва бошқа қонунларга сўзсиз риоя этиши, ҳар қандай ташқи таъсирларнинг олдини олиши, таҳдидлар, босим ва ғайриқонуний таъсир ўтказишга, суд жараёнига бевосита ёки билвосита аралашишга қаршилик кўрсатиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ва мулкий манфаатлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши шарт.

 

Судья одил судловни амалга ошираётганда суд процесси барча иштирокчиларининг процессуал ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда, ҳар қандай бевосита ёки билвосита ташқи таъсирлар, ниятлар, босим ёки аралашишлардан қатъи назар мустақил ҳаракат қилиши, фақат фактларни баҳолашдан келиб чиқиши ва ички ишончига асосланиб, қонунга ва ҳуқуқий онгига амал қилиши шарт.

 

Ушбу ҳолатларга билиб ёки билмаган ҳолда тушиб қолишдан сақланиш ва одини олиш учун судьянинг мустақиллиги тушунчасига алоҳида тўхталиб ўтишимиз жоиз.

 

Чунки судьянинг мустиқиллиги одил судловни амалга оширишнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

 

Судья фикр эркинлиги ҳуқуқини амалга оширишда одил судловнинг обрўсига путур етказмаслиги керак.

 

Судья жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишида адолатлилик ва холисликни кўрсатиб, сансоларликка йўл қўймаслиги лозим.

 

Судья Ўзбекистон Республикасида суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунларида, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда эълон қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд томонидан ҳимоя қилиниши лозимлигини, шунингдек суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилганлигини доимо ёдда тутиши керак.

 

Агарда судья ўзига юклатилган юқорида қайд этилган мажбуриятларга риоя қилмаса, шунингдек судьянинг хатти-ҳаракатида унинг обрў-эътиборига путур етказадиган ёки унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдирадиган ҳолатлар кузатилса, ўз-ўзидан аёнки жамоатчиликда суд ҳокимиятига бўлган ишонч йўқолади.

 

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикасида суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунларида, инсон ҳуқуқлари туғрисидаги халқаро ҳужжатларда эълон қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қуриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишга даъват қилинган.

 

Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган.

 

Бундан келиб чиқиб, судья ўз фаолияти давомида суднинг фаолияти нимага қаратилганлингини доимо ёдда тутиши ҳамда қонунга кўра шуғулланишга рухсат берилган бошқа турдаги фаолиятларни амалга ошириши судьялик фаолиятига халақит бермаслиги лозимлигини унутмаслиги керак.

 

Шунингдек, “Судьялар одоб-ахлоқига оид Бангалор принциплари” олтита асосий принципидан бири бу мустақиллик принципидир. Бунда “Суд органларининг мустақиллиги ҳуқуқ-тартиботни таъминлашнинг муҳим омили ҳамда судда ишнинг одил ҳал этилишининг асосий кафолатидир. Демак судья суд органларининг мустақиллиги принципини унинг якка тартибдаги ва институционал жиҳатларида ҳимоя қилиши ва руёбга чиқариши лозим”лиги қайд этилган.

 

Суд ҳокимияти мустақиллиги бу – судья учун имтиёз ёки устуворлик эмас. Бу судьялар ишни мавжуд қонун ва далиллар, ташқи босимда ёки таъсирдан холи кимнингдир аралашувидан қўрқмасдан ишни ҳалол ва холис кўриш учун ҳар бир судьяга юклатиладиган масъулият ҳисобланади. Суд ҳокимияти мустақиллиги принципининг асосини судья кўриб чиқиши учун тақдим қилинган ишларни тўлиқ мустақил кўриш ва ишлар бўйича қарорлар қарорлар қабул қилиш ташкил этади. Судья томонидан ишни кўриб чиқиш ва убўйича қарор қабул қилиш давомида ташқаридан ҳеч ким, на ҳукумат на босим ўтказувчи гуруҳлар, на хусусий шахслар ёки бошқа судьялар ишга аралашиши ёки аралашиш учун ҳаракат қилиши ман этилади.

 

Судья қабул қилган қарор суд муҳокамаси томонларига, жамоатчиликка, оммавий ахборот воситаларига, ҳокимиятдаги мансабдор шахсларга, қариндошларга ва ҳатто судьянинг дўстларига ёқадими ёки йўқми бунга эътибор бермаслиги керак. Судья у ёки бу сиёсий куч, жамоатчилик эътирози ёки танқид остида қолмаслиги керак. Демак судьялар мустақиллиги деганда, ташқи таъсирнинг барча шаклларидан мустақил бўлиш тушунилади.

 

Шу боис, судьялар ўз ваколатлари доирасида ишларни кўриш чоғида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва бошқа қонунларига сўзсиз риоя этиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ва мол-мулки, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўрқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши, беғараз ва адолатли бўлиши шарт.

 

Шу билан бирга, судьялар судьялик шаънини, судьялар одоб-ахлоқи қоидаларини қатъий сақлашлари, одил судловнинг обрўсини, судьялик қадр-қимматини тушуриши ва судьянинг холислигига шубха тўғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари лозим.

 

 

Байрамбек БЕКМУРАТОВ,

Чимбой туманлараро иқтисодий судининг раиси