Устозларга эҳтиром кўрсатиш, уларни ёд этиш муқаддас бурч

Устоз … ҳаёт тушунчаси пайдо бўлганидан буён яшаб келаётган сиймо. Шу боис, азал-азалдан устоз-мураббийларга бўлган ишонч, ҳурмат-иззат ўзгача. Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат-эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб ва адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади.

 

Нукус ҳарбий суди фахрийси нафақадаги устоз Қдирниязова Сарибике Досбергеновна ҳам бугунги кунда шогирдлари ардоғидаги ана шундай нуроний онахонлардан.

 

 

9 май-Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Нукус ҳарбий судининг ходимлари жумладан девонхона мудири Д.Аллашов, судья ёрдамчиси Р.Нурниязов ва иш юритувчи Я.Сарсенбаевлар Сарибике аянинг хонадонида бўлиб,  файзли дастурхон атрофида мазмунли суҳбат уюштирилди.

 

 

Устозлар барҳаёт, уларнинг шогирдлари, қолдирган илму маърифатлари сабаб эзгу ишлари доимо бардавомдир. Шу сабабдан ҳам, устозларга эҳтиром кўрсатиш, уларни ёд этиш муқаддас бурч ҳисобланади.

 

Дамир Аллашов, 

Нукус ҳарбий судининг девонхона мудири

СУД ФАХРИЙСИ 80 ЁШДА

#Қутлов

Суд тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фахрий-судья, “Суд фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Кожаназаров Алланияз Султамуратович жорий йилнинг 3 май куни муборак 80 ёшни қарши олди.

 

 

Алланияз Кожаназаров 1975-1995 йилларда Тахиатош шаҳар, Қонликўл ва Ходжейли туман судларида раис, Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида меҳнат қилиб қонун устворлигини таъминланишида муносиб ҳисса қўшган.

 

 

Қорақалпоғистон Республикасининг суд фахрийларидан Арзыбийке Жанибекова, Жамила Хощанова, Бағдагул Бегжанова ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси Саодат Қайпназарова, жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар суди раиси Шарапат Шамамбетов, судья Махмуд Байниязовлар фахрий-судьянинг хонадонида бўлиб, Ўзбекистон суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик Маркази раиснинг табрик хати ўқиб эшиттишди ва устозларини муборак ёши билан табриклаб узоқ умр ва мустаҳкам соғлик тилади.

 

Саодат Қайпназарова,

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси 

Уйини фоҳишахонага айлантирган қарияга ҳукм ўқилди

Ҳақиқий ҳаёт эллик-олтмиш ёшдан кейин бошланади. Бу ёшда одам чинакамига пишиб етилади, бошқалар ўрнак олса арзигулик хислатларга эга бўлади, бировларга сабоқ бўладиган нарсаларни тушуниб етади. Албатта, ўзининг панду-насиҳатлари билан фарзандлари, невараларига тўғри йўл кўрсатиб, уйнинг фариштаси бўлиб тўрини тўлдириб ўтиради.

Аммо, Шамил ота (исмлар ўзгартилган) 65 ёшни қоралаган бўлсада, қарилик гаштини сўриб, барчага ўрнак кўрсатиш ўрнига энг жирканч ишга қўл уради. Яъни ўз уйини ўзгаларнинг шахфоний эҳтиёжларини қондириш учун фоҳишахонага айлантиради. Оиласидан ажралиб, ичкиликка муккасидан кетган Шамил энди осонгина енгил йўл билан пул топиш илинжига тушади. Нима қилса эдики, пул уйига ўз оёғи билан оқиб келаверса…

Қария бунинг йўлини ҳам топти, ҳайхотдек хонадонда битта ўзи турса, унга “қўй бу ишни қилма” дейдиган “хўжаси” йўқ бўлса… Бир неча марта кўчадаги “севишганлар”га уйидан жой бериб, уларга пули эвазига “ғамхўрлик” қилиб жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб беради.

2022 йилнинг 25 июль куни соат 17:30 ларда навбатдаги ошиқ-мошиқлар 1991 йилда туғилган “С” ва 1994 йилда туғилган “И”лар висол илинжида Шамилнинг уйига келиб “ота севган қизим бор эди, у билан келиб сизнинг уйингизда бир кеча қолсак бўладими, бунинг эвазига сизни рози қиламан” деб, келишиб кетади.
2022 йил 25 июль куни соат 23:00 ларда “С” ва “И”лар қариянинг уйига келади, “ота биз келдик, севган қизим билан уйингизда жинсий алоқада бўламиз, тунаймиз” деган «И» нинг сўзларига қария майли тушакни ўзларинг солиб олинглар деб, уларга хонани кўрсатиб 100 000 сўм пулни олиб ўз хонасига кириб кетади. Ошиқлар кирган хонада курпача солинган, ҳатто баклашкада сув ҳам тайёр қилиб қўйилганди.

Қўнғирот тумани “Қаратал” маҳалласида яшовчи  Шамилнинг бундай қилмишлари узоққа бормади. Шу куннинг ўзида унинг жинояти ҳуқуқ тартибот органлари вакиллари томонидан холис гувоҳлар иштирокида фош этилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-статьяси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланиб, иши судта кўрилди.

Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот туман суди томонидан 65 ёшни қаршилиган қария Шамилнинг иши очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Судта Шамилнинг қилган қилмишидан астоидил пушайман эканлиги, унинг оқибатларини тушуниб кетганлиги, пенсия ёшидалиги, ёлғизлиги, жаримани тўлай олмаслиги ҳисобга олиниб, суд ҳукми билан унга бир йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

 

Даўлетбай Разов,
Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси

Жариймани камайтириш қимматга тушди  

Бўлажак юристлар иштирокидаги навбатдаги очиқ сайёр суд мажлисида жиноят ишлари бўйича Амударё суди раиси А.Сафаровнинг бошчилигида  Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланган “Б” исмли шахснинг жиноят иши кўриб чиқилди.

 

 

1991 йилда Амударё туманида тўғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, ишсиз, муқаддам судланмаган “Б” исмли шахс 2022 йил 27 декабрь куни ўз яшаш уйи ёнида фуқаро “К” га  2022 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-3-моддаси 3-қисми билан қўлланилган 2.700.000 сўм маъмурий жаримасини йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида ишловчи танишлари орқали 30 фоиз чегирмаси билан камайтириб тўлаб беришини айтиб, алдаш йўли билан ундан  1.900.000 сўм пулларини олиб, ушбу пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

 

 

Бундан ташқари, “Б” исмли шахс 2023 йил январь ойи охирларида Манғит шаҳри Бердах кўчаси бўйида фуқаро “С” ва унинг қариндоши “Қ”га  2023 йил январь ойида Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси 2-қисми билан қўлланилган 3.000.000 сўм маъмурий жаримасиниҳам ўз танишлари орқали  30 фоиз чегирмаси билан камайтириб тўлаб беришини айтиб, алдаш йўли билан ундан 1.770.000 сўм пулларини олиб, ушбу пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

 

 

Суд мажлисида судланувчи “Б”  айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ҳақиқатида ўзининг йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида ишловчи танишлари йўқ эканлиги, пулларни онаси касал бўлганлиги учун униг дориларига ишлатиб юборганлиги, жабрланувчиларга пулларини қайтариб берганлиги ҳақида кўрсатув берди.

Суд судланувчининг айби, айбига тўлиқ иқрор бўлиб берган кўрсатувидан ташқари, жабрланувчиларнинг ва гувоҳларнинг кўрсатувлари билан, шунингдек, воқеа жойини кўздан кечириш баённомалари билан тасдиқланади.

Суд судланувчига жазо тайинлаганда, унинг айбига иқрор эканлиги, қилмишидан пушаймон эканлиги, келтирилган зарарни ихтиёрий қоплаганлиги жазосини енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, оғирлаштирувчи ҳолатлар эса йўқ деб, унга айбланаётган модда санкцияси доирасида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлашни, қамоқда сақланган 7 кунини ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан чегиришни, ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг унга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасини бекор қилишни, жабрланувчиларга етказилган зарарлар тўлиқ қопланганлигини инобатга олишни лозим топади.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуаль кодексининг 454-457, 462, 463, 465, 468, 471-473, 476-моддаларига амал қилиб, суд ҳукм қилди. “Б” Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг  168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбли  деб топилсин ва унга ушбу модда билан ҳар ойлик иш ҳақисининг 10% даромадини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлансин.

“Б” нинг 22.03.2023 йилдан 28.03.2023 йилга қадар қамоқда сақланган 7 куни Жиноят кодексининг  62-моддаси тартибида ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг 21 кунига тенглаштирилиб, жазосидан чегирилсин ва ўташ учун 1 йил 11 ой 9 куни қолдирилсин.

“Б” га тайинланган аҳлоқ тузатиш ишлари жазосининг ижроси устидан назорат қилиш Амударё тумани ИИО пробация гуруҳига юклатилсин.

Ахлоқ тузатиш ишлари жазоси пробация гуруҳи белгилаб берган жойда ўтаттирилсин ва жазо муддати корхона, муассаса, ташкилотларда иш бошлаган кундан бошлаб ҳисоблансин.

Жабрланувчиларга етказилган зарар қопланганлиги инобатга олинсин.

Ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан
йигирма сутка ичида, судланувчи ва жабрланувчилар эса ҳукм кўчирмасини олган кундан эътиборан шу муддат ичида жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди орқали апелляция тартибида Қорақалпоғистон Республикаси судига шикоят бериши, прокурор протест билдириши мумкин.

 

 

Асқар Сафаров,

жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси

 

Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланади

Охирги пайтларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари кўпайиб бормоқда. Бу жараёнда тиббиёт ходимларини беморларнинг соғлиғи ёмонлашишида ёки ўлимида асоссиз равишда айблаш, шунингдек ҳеч бир сабабсиз шифокорларга ва ўрта тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари юз бермоқда.

Бироқ Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги амалдаги кодексида хизмат вазифаларини бажараётган тиббиёт ходимларига нисбатан қонунга хилоф равишда турли шаклларда таъсир ўтказганлик, шунингдек тиббиёт ходимларининг тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун тўғридан-тўғри маъмурий жавобгарлик белгиланмаган.

Шу муносабат билан 2023 йил 27 март куни Ўзбекистон Республикасининг «Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан ўзбекистон республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-827-сонли Қонуни қабул қилинди.

Беруний туманлараро иқтисодий суди судьяси Б.Бекмуратов Беруний туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари билан ўтказилган очиқ мулоқатда айни қонун ҳужжатининг мазмуни ва аҳамияти ҳусусида соҳа вакиллари кенг турда тушунчалар бериб ўтди. Жумладан, қонунга биноан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиловчи янги модда билан тўлдирилмоқда.

 

 

Хусусан, ушбу Кодекс қуйидаги мазмундаги «Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш» деб номланган 1977-модда билан тўлдирилди, яъни тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

 

 

Таъкидлаш жоизки, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олишга, шифокорлик касбининг мақоми ҳамда нуфузини оширишга, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади.

 

Б.Бекмуратов,  

Беруний туманлараро иқтисодий суди судьяси 

Янгиланаётган Конституцияда фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояси

Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси А.Сафаров, Нукус туманлараро маъмурий судининг раиси Б.Досимбетов, Амударё туман ҳокимлиги маъсул ходимлари иштирокида тумандаги  82-сонли мактабнинг мажлислар залида Манғит шаҳари ва шаҳар атрофи мактаб директорлари ва директор ўринбосарларининг иштирокида “Янгиланаётган Конституцияда фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояси” ва Педагог ходимини меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш билан боғлиқ қабул қилинган ЎРҚ-826-сонли Қонунининг мазмун моҳиятини тушунтириш юзасидан очиқ мулоқат бўлиб ўтди.

Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси А.Сафаров сўзга чиқиб, Янгиланаётган Конституция бўйича, таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти кенгайтирилаётганлигини, ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлишини, ижтимоий давлатга хос ёндашувлар таълим соҳасига оид кўплаб модда ва нормаларда ҳам ўз ифодасини топаётганлигини таъкидлади. Жумладан, таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга ошмоқда,  фуқароларнинг олий таълим муассасаларида давлат гранти ҳисобидан ўқиш ҳуқуқи қатъий белгилаб қўйилмоқда. Маълумот тариқасида айтиш мумкинки, 2017 йилгача олийгоҳларда ўқиш учун давлат грантлари сони фақат қисқариб келган бўлса, охирги олти йилда бу борадаги аҳвол бутунлай ўзгарди. Грантлар сони 2 бараваркўпайиб, 40 мингтага етди. Магистратура учун эса 5 баравар кўпайганди. Асосий қонунда фуқароларнинг бепул бошланғич касб-ҳунарга ўқитилиши ҳам белгиланмоқда. Ногиронлиги бор болажонларимизга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитларни яратиш кўзда тутиляпти. Шунинг учун, бундай имкониятлар инклюзив таълим сифатида Конституцияга киритилмоқда. Бу шундай нуқсонларга эга болаларимизнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топиши учун муҳим кафолатдир.

Конституцияда давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтириляпти. Бу қоидалар мамлакатимиздаги 685 минг нафардан ортиқ ўқитувчиларнинг профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланиши уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми, обрўсини янада оширишга хизмат қилади.

Яна бир муҳим янгилик – давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитларяратиши конституциявий мустаҳкамланмоқда. Ушбу норманинг киритилиши жамиятимизда оила мустаҳкамлиги ва мўътабарлигини барқарор таъминлашга хизмат қилади.

Энди фарзандлар тарбияси, уларга таълим бериш, баркамол вояга етказиш ҳам ота-она мажбурияти сифатида белгиланмоқда. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш эса давлатнинг бурчи сифатида белгиланмоқда.

Конституцияда ҳар кимнинг меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқи кафолатланмоқда. Мазкур норманинг Конституцияда белгиланиши фуқароларнинг иш ҳақлари миқдори шунчаки эмас, айнан уларнинг муносиб турмуш кечиришини таъминлашда, пировард натижада аҳоли турмуш даражасини яхшилашда ва мамлакатимизда ижтимоий адолатни устувор қадриятга айлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Лойиҳада ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши белгиланмоқдаки, булар давлатимизда гендер тенглиги принциплари тўлақонли амал қилишига олиб келиши тайин.

Бундан ташқари, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши ҳам мустаҳкамланётганлигини.

Қолаверса, давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайтатайёрланишини ташкил этиши ҳамда рағбатлантириши қайд қилинмоқда. Бу янги норма иш билан таъминланмаган фуқароларни камбағаллик ҳолатига тушиб қолишининг олди олишга ёки камбағаллик тоифасига кириб қолган фуқароларни ундан чиқариш бўйича давлат томонидан тегишли чоралар кўрилишига конституциявий кафолат сифатида хизмат қилишини.

Конституцияда болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, аҳлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланиши белгиланмоқда. Бугунги Ўзбекистонда узоқ йиллар юртимизнинг халқаро имиджига салбий таъсир қилиб келган мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилди.

Мулоқотлар чоғида, Нукус туманлараро маъмурий судининг раиси Б.Досимбетов сўзга чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, айниқса, таълим ташкилотларининг педагог ходимларини ўз хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ҳолларига қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.

Бироқ педагог ходимларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга жалб этиш ҳоллари давом этмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма киритилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, шунингдек уларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши назарда тутилмоқда.

Ушбу Қонун таълим ташкилотининг педагог ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарликни кучайтиришга, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

 

 

Асқар Сафаров,

Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси 

Оилавий низоларнинг олдини олиш ва оила кодексида белгиланган нормалар ҳақида

Оилавий-ҳуқуқий муносабатлар жамиятимизда кенг тарқалган муносабатлардир. Оилавий-ҳуқуқий муносабатлар айрим ҳолларда одоб-аҳлоқ қоидалари билан ҳам тартибга солинади. Оилавий-ҳуқуқий муносабатлар никоҳ ва оила доирасида аниқ ижтимоий муносабатларни оила қонунчилиги нуқтаи назарида қўлланилади. Оилавий-ҳуқуқий муносабатлар давомли ҳуқуқий муносабатлар ҳисобланади. Бу хусусият ҳуқуқий муносабатларнинг мақсади билан белгиланади. Никоҳ тузишдан мақсад оила қуриш бўлиб, у эр-хотиннинг бутун ҳаёти давомида бирга яшашига  мўлжалланади. Ота-оналик ҳуқуқий муносабати болаларнинг тарбияси ва таъминотига қаратилади.

Фарзандликка олиш, васийлик ва ҳомийлик ва бошқа ҳуқуқий муносабатлар хусусиятлари билан бир бирига ўхшаб кетади. Бундай ҳуқуқий муносабатларда қўйилган мақсадларга узоқ муддат давомида эришиш мумкин.

Оилавий-ҳуқуқий муносабатлар муддатсиз бўлади. Эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, никоҳдан ажратиш ҳолатини ҳисобга олмаганда, бир умр давом этади. Ҳозирги күни шундай оилавий-ҳуқуқий муносабатлар ҳам бор, улар маълум муддат билан чекланади, бироқ белгиланган даврга қадар давом қилади. Масалан, ота-оналарнинг ўз фарзандларини тарбиялаш мажбуриятлари фарзанди 18 ёшга тўлгунга қадар давом қилади.

Фуқаролик ишлари бўйича судларда бошқа фуқаровий-хуқуқий муносабатлар қаторида оилавий-ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ кўплаб низолар кўрилади. Жумладан, никоҳдан ажратиш, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш, оталикни белгилаш ва алимент ундириш, шунингдек  бола тарбияси билан боғлиқ низолар ва ҳ.

Ўзбекистон Республикасида судларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиққан ҳолда, оилани ҳар тарафлама ҳимоя қилишга, болаларни Ватанга ва оилага содиқлик  руҳида ижтимоий тарбияга мос ҳолда, оила ва жамият олдида масъулият туйғусида тарбиялашга  қаратилган.

Шу билан бирга, Республикаси Олий суди Пленумининг «Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги 2011 йил 20 июль кунги 06-сонли қарорида судлар оила тўғрисидаги қонунчилик вазифаларидан келиб чиқиб, қонунда назарда тутилган ҳамда оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин ва уларнинг болалари ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган барча чораларни кўришлари лозимлиги белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида белгиланган оила аъзоларининг ва бошқа шахсларнинг алимент мажбуриятлари ҳақида, яъни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасига кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунга қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги,  давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарнинг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминланиши белгиланган.

1998 йил 1 сентябрьдан амалга киритилган  Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 5-бўлими «Оила аъзоларининг ва бошқа шахсларнинг алимент мажбуриятлари» деб номланган бўлиб, ота-она ҳамда болаларнинг алимент ҳуқуқи ва мажбуриятлари тўғрисидаги қоидалар белгиланган. Бу қоидалар ота-оналарнинг ўз фарзандлари тарбиясига ва болаларнинг таъминоти масалаларига масъулиятли муносабатда бўлишни талаб қилади.

Жумладан, 96-моддасига кўра,  Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади. Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.

Шунингдек, ушбу Кодекснинг 97-моддасига кўра, вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир. Вояга етган, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир.

Кодекснинг 98 ва 99-моддаларига кўра, Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак. Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун – тўртдан бир қисми, икки бола учун – учдан бир қисми, уч ва ундан ортиқ бола учун – ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Шунингдек, Оила кодексида ота-онанинг вояга етган болаларига алимент тўлаши, ота-онанинг вояга етган болаларига тўлайдиган алимент миқдори,  ота-онадан болаларга ундириладиган алимент миқдорини аниқлаш тартиби ва  болаларнинг таъминоти учун қилинадиган қўшимча харажатлар тўғрисидаги нормалар ҳам белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, юқорида қайд қилинганидек оилавий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни кўриб чиқишда судлар энг аввало оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин ва уларнинг фарзандлари ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга  қаратилган чораларни  кўришда кенг ҳуқуқ-тарғибот ишларини амалга оширишлари лозим бўлади.

 

 

  Зульфия Бабаджанова,

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси                                                         

 

 

Конституциявий ислоҳотларнинг муҳим устувор йўналиши – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдир

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалида «Конституциявий ислоҳотларнинг муҳим устувор йўналиши – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдир” мавзусида учрашув ўтказилди.

Учрашувда Нукус ҳарбий судининг судья ёрдамчиси Расул Нурниязов томонидан ёшлар билан мулоқат ўтказилиб, янги таҳрирдаги Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар ва унинг эртанги фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати эканлиги ҳақида сўз борди.

Тадбирда таъкидлаб ўтилганидек, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси демократик принциплар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган принцип ва нормаларга асосланган, бош мақсади ҳалқ учун эркин, обод ҳамда фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатга айланди. Конституция асоси битта эзгу ғоя атрофида тубдан қайта яратилган, яъни ушбу янгиланишлардан кутилаётган асосий мақсад ҳар бир соҳада инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдир.

Тадбир якунида талабаларни қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича жавоблар берилди.

Жорий йилнинг 9 апрелида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 30 йил тўлмоқда

Жорий йилнинг 9 апрелида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 30 йил тўлмоқда.

 

Ана шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Б.Исламов Қорақалпоғистон Репсубликаси судлари судьялари ва суд ходимларига байрам табриги йўллади. Шу муносабат билан Қорақалпоғистон Республикаси судида байрам тадбири ташкил этилиб, унда барча соҳа вакиллари фаол иштирок этди.

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси К.Тарихов тадбир иштирокчиларини Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган санага 30 йил тўлиши муносабати билан самимий табриклаб, суд-ҳуқуқ тизимида Конституция асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳа фаолиятини такомиллаштиришдаги, халқнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, судларни ҳақиқий адолат қўрғонига айлантириш борасидаги ишларнинг амалий натижаларига тўхталиб ўтди.

 

Бундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг йўллаган байрам тадбириги ўқиб эшиттирди.

Тадбирда судья ва суд ходимлари сўзга чиқиб,  Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбарияти томонидан қорақалпоқ халқига билдирилаётган юксак эътибор ва ишончдан чексиз миннатдор эканликларини билдириб, бу  ишончни оқлашга, суд ҳокимиятининг ижобий имиджини яратишга муносиб ҳисса қўшишга бор билим ва куч-ғайратини сарфлашга ваъда беришди.

Педагог ходимларни меҳнатга мажбурлаш жавобгарликка сабаб бўлади

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексларга педагог ходимларини меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш ҳолатлари жавобгарликка киритилиши ҳақида тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

 

Бугун Тахиатош тумани «Обод макон» маҳалла фуқаролар йиғинида Жиноят ишлари бўйича Тахиатош тумани суди раиси А.Кощанов иштирокида фуқаролар билан учрашув ўтказилиб, педагог ходимларини меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш ҳолатлари жавобгарликка киритилиши ҳақида тарғибот ишларини олиб борилди.


Кейинги йилларда мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, айниқса, таълим ташкилотларининг педагог ходимларини ўз хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ҳолларига қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бироқ педагог ходимларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга жалб этиш ҳоллари давом этмоқда.

Шу муносабат билан 2023 йил 27 март кунги «Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-826-сонли қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма киритилмоқда.


Бундан ташқари Ўзбекистон Республиксининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, шунингдек уларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши назарда тутилмоқда. Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексининг 148 прим 2-моддаси учинчи қисми билан қуйидаги тарзда тўлдирилмоқда.

«Меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда на  зарда тутилган ҳоллар мустасно, таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади» деб белгиланмоқда.

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилмоқда. Ушбу кодексининг 51-моддаси иккинчи қисми билан тўлдирилмоқда.
Яъни, биринчи қисмида меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундай қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно деб кўрсатилган бўлса, иккинчи қисмда бўлса худди шундай ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача жарима солишга сабаб бўлади деб белгиланмоқда.
Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 197 прим 5-моддасидаги «таълим муассасаси» деган сўзлар «таълим ташкилоти» деган сўзлар билан алмаштирилган.
Шу билан ушбу модданинг биринши қисми қуйидаги таҳрирда баён этилган. Таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчилар билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш билан ифодаланган тарзда қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим ташкилоти педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

Ушбу Қонун таълим ташкилотининг педагог ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарликни кучайтиришга, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

 

Арман Кощанов,

Жиноят ишлар бўйича Тахиатош тумани суди раиси

Skip to content