СУДЬЯЛИК: МУНОСИБ БЎЛМОҚ МАШАҚҚАТИ

Бешикдан қабргача илм изла, дейилади муқаддас манбаларда. Чунки, инсон мавқе мартабаси унинг илми билан белгиланади. Одил судлов самарадорлиги судьяларнинг билим даражаси ва амалий кўникмаларига боғлиқ экани инкор этиб бўлмас ҳақиқат.

 

Шу боис ҳам Судьялар одоби кодексида судья илмга чанқоқлик хислатларига эга бўлиши, ўз мажбуриятларини лозим даражада бажариши учун ўз малакаси ва касбий билимларини мунтазам ошириб бориши шарт қилиб қўйилган. Зотан, судьялар зиммасига жамиятда ижтимоий адолатни таъминлашдек масъулиятли вазифа юклатилган.

 

Жамият тараққиётига мутаносиб равишда ижтимоий муносабатлар ўзгариб борар экан, шунга монанд янги қонунлар қабул қилиниши, мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши табиий жараён ҳисобланади.

 

Бу эса, ўз навбатида, судьялар ўз устида изчил ишлаши, ўз билим ва кўникмаларини муттасил равишда ошириб боришини, қисқаси, жамият ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар билан ҳамнафас яшашини тақозо этади.

 

Шунингдек, бошқа соҳалар каби судлар фаолиятига замонавий ахборот коммуникация технологиялари жорий этилаётганлиги ҳам улардан доимий равишда ўз устида ишлашни талаб қилади. Бунинг учун судья доимий равишда ўқиб-ўрганиб, касбий малакасини ошириб бориши лозим. Унутмаслик керакки, инсон борини бермаса, илм ҳеч нарса бермайди.

 

Илм эгаллашда энг кераксиз нарса – димоғдорлик, энг зарури –вақтдир, дейди файласуфлардан бири. Яъни, билим ва зарур кўникмалар бугун эгалланмаса, эртага кеч бўлиши аниқ.

 

Шу боис, қуйида судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятининг асосий талабларидан бири ҳисобланган ўз билим ва кўникмасини ошириб бориш борасидаги айрим тавсия ҳамда яратилаётган имкониятлар хусусида тўхталиб ўтамиз.

 

Биринчидан, судьялар ўз билим ва касбий кўникмаларини орттириб бориши учун доимий равишда мустақил ўз устида ишлашни йўлга қўйиши лозим.

 

Судьянинг мустақил таълим олиши – кундалик ҳаётининг бир қисми бўлиб, иш фаолияти давомида ошириб боришни назарда тутади.

 

Мустақил таълим жараёнида қонунчиликдаги янгиликлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалардан доимий бохабар бўлиши зарур.

 

Олий суд пленуми қарорларини, суд-ҳуқуқ соҳасига оид миллий ва хорижий юридик адабиётлар ва нашрлар билан яқиндан танишиб бориши лозим. Бунда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий веб-сайтидаги электрон кутубхона муҳим манбалардан бири ҳисобланади. Шунингдек, Кенгаш ҳузуридаги Судьялар клубининг электрон платформаси имкониятидан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

 

Маълумки, Кенгаш ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клуби моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларининг тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтириш бериш ваколатига эга тузилма бўлиб, унинг электрон платформаси айни кунда судьялар учун катта мулоқот майдонига айланган.

 

Бу майдонда бемалол фикрлашиш, мулоҳазалар билдириш, ҳатто баҳслашиш ҳам мумкин. Ҳақиқат эса шундай баҳсларда туғилади. Шу нуқтайи назардан электрон платформада ўртага ташланадиган фикр-мулоҳазалар ва тавсиялар судьянинг қарор қабул қилишида ички ишончини мустаҳкамлашга кўмаклашади, эҳтимолий хатоликларнинг олдини олади ҳамда ягона суд амалиёти шаклланишига хизмат қилади.

 

Фикримизнинг далили сифатида айтиб ўтиш ўринлики, Судьялар клуби электрон платформасида кейинги икки йилда 1750 мавзу муҳокама этилиб, улар юзасидан қатор таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланган. Жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи Судьялар клубига кўп йиллик тажриба ва юқори билимли судьялар бириктирилгани сабаби ҳам шунда.

 

Бундан ташқари, судьялар билан ўтказилаётган маънавият ва маърифат дарслари, кўп йиллик тажрибага эга фахрий судьялар билан мулоқотлар, семинар машғулотлар муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этиш лозим.

 

Шу ўринда яна бир янгилик. Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан Кенгаш веб-сайтида «Судья кутубхонаси» (электрон кутубхона) ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Бош қомусимиз – Конституция, судлар фаолиятини тартибга солувчи қонун ва зарур норматив-ҳужжатлар қамраб олинган тест саволларидан иборат махсус электрон дастур ҳам яқин вақтда ишга туширилади. Мазкур дастурдаги тест саволларига онлайн жавоб берган судья ўша вақтнинг ўзида тест натижасини билиш имконияти яратилади. Бу ҳам судьянинг ўз устида ишлаши учун яратилаётган яна бир имкониятдир.

 

Тарихдан маълумки, донишманд боболаримиз қайси соҳада етукликка эришган бўлмасин, фақат шу билан кифояланиб қолмаган. Ал-Хоразмий – математика, Абу Али ибн Сино – тиббиёт, Мирзо Улуғбек – фалакиёт, Абу Райҳон Беруний – жуғрофия, Амир Темур – ҳарб илмида, Алишер Навоий – адабиётда тенгсиз экани маълум.

 

Шу баробарида уларнинг барчаси фалсафа, сиёсат, айниқса, фиқх соҳасида ҳам кўзга кўринган шахс бўлган. Шунга кўра, буюк аждодларнинг ҳаёт йўли ва маънавий меросини ўрганиш ҳамда замондош адиб ва шоирлар ижодидан баҳраманд бўлиш, кундалик вақтли матбуот билан танишиб бориш ҳам судьянинг дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилиш билан бирга оғзаки ва ёзма нутқининг ривожланишига ҳисса қўшади.

 

Улуғ аждодимиз Абу-Мансур Мотуридий таъбири билан айтганда, илм олмоқлик яхши руҳий сифат эгаларида эзгу фазилатларнинг янада равнақ топишига хизмат қилади.

 

Иккинчидан, махсус малака ошириш курсларида ўқиш орқали ҳам судьялар ўз билим ва касбий кўникмаларини ошириб бориши мумкин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 январдаги қарори асосида ташкил этилиб, судьяларнинг малакасини ошириб боришга кўмаклашиш асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабида судьялар ва суд раислари учун тегишли малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари фаолияти йўлга қўйилган. Малака ошириш бўйича ўқув дастурлари мунтазам такомиллаштирилиб борилмоқда Бунда Германия, Испания каби давлатлар тажрибаларидан фойдаланишдан ташқари судьяларнинг фикр ва таклифлари ҳам эътиборга олинаётганини алоҳида қайд этиш зарур.

 

Раҳбар судьялик лавозимларига тайёрлаш курсларига (ўқув курси икки ой давом этади) номзодлар (улар камида икки йиллик судьялик стажига эга бўлиши керак) очиқ танлов асосида сараланиб олиниши, ушбу жараёнда инсон омили кескин чекланиб, тест шаклида ўтказиладиган савол-жавоблар натижасини ўша пайтнинг ўзидаёқ билиш имконияти яратилгани ҳам ижобий янгиликлардан бири ҳисобланади.

 

2020 йил 7 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти 61-27-сонли фармони ижроси доирасида Кенгаш томонидан Судьялар фаолияти самарадорлигини баҳолаш электрон рейтинг тизими жорий этилиб, юқори рейтинг баллга эга судьялар «Ибратли судья» мукофоти (намунали фаолият юритаётган судьяларнинг она-онаси, мактабда ўқитган устозларига Кенгашнинг ташаккурномаси) билан рағбатлантирилмоқда.

 

Рейтинг кўрсатгичлари юқори судьяларнинг иш фаолияти ва тажрибалари билан яқиндан танишиш фойдадан холи эмас. Шу мақсадда «Ибратли судья» мукофоти эгаларига ўз тажрибаларини ҳамкасблари билан ўртоқлашиши мақсадга мувофиқ. Чунки, айни пайтда тизим вакилларининг 21 фоизини биринчи беш йиллик муддатига тайинланган судьялар ташкил этади. Табиийки, уларда муваффақиятли ҳамкасблари тажрибаларини ўрганиш, таклиф ва тавсияларига эҳтиёж йўқ эмас.

 

Рейтинг кўрсаткичи паст судьяларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида Судьялар олий мактаби ва Олий судда икки ҳафталик малака ошириш курсини ўташга жалб қилинмоқда. Уларнинг ҳар бири билан индивидуал режа асосида машғулот ўтказилади. Яъни, бекор бўлган ёки ўзгартирилган суд қарорлари таҳлилидан келиб чиқиб, зарур назарий машғулот ўтишдан ташқари, қонунларни тўғри қўллаш борасида (ўқув-машғулотлари Судьялар олий кенгаши, Олий суд ва ҳудудий судларнинг тажрибали судьялари ҳамда Олий мактаб профессор ўқитувчилари томонидан) тегишли тавсиялар берилмоқда.

 

Шунингдек уларнинг ҳар бирига тажрибали судьялар – устозлар бириктирилмоқда. Бундай чора-тадбирлар уларнинг билим ва касбий кўникмалари янада ошишига хизмат қилиши шубҳасиз. Чунки, хато қилиш билимсизликдан кўра тажрибасизликка бориб тақалади, хатолар устида ишлаб, уларни бартараф қилмаслик эса билимсизликдир.

 

Яқинда Судьялар олий кенгаши томонидан «Судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодларни, янги ваколат муддатига ёки бошқа судьялик лавозимларига номзодларни танлашда уларнинг билим ва касбий кўникмасини аниқлаш тартиби тўғрисида» алоҳида низом қабул қилинди.

 

Мазкур ҳужжатда судьялик лавозимига номзодларнинг билим даражасини турли усул ва шаклларда ўрганиш тартиблари белгиланган бўлиб, пировард мақсад — уларнинг мустақил ўқиб-ўрганиш орқали билимларини янада бойитишига қаратилгандир.

 

Ушбу низом Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг ўқув режасига муайян ўзгартиришлар киритишни ҳам тақозо этади. Бунда назарий ва амалий таълим шаклини янада такомиллаштирилади, модуль тизим имкониятлардан кенг ва самарали фойдаланиш йўлга қўйилади. Буларнинг ҳамма-ҳаммаси судьялар ўз билим ва кўникмаларини лозим даражада ошириб бориши учун Кенгаш томонидан амалга оширилаётган ишларнинг муҳим қисми бўлиши билан бирга бу борадаги ишлар доимий эътиборда эканини ҳам кўрсатади. Зеро, сўзим бошида айтилганидек, одил судлов самарадорлиги судьяларнинг билим даражаси ва амалий кўникмаларига боғлиқ.

 

 

Холмўмин ЁДГОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси