ФУҚАРО М.САПАРОВАНИНГ YOUTUBE ВИДЕОХОСТИНИГИДА ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН ВИДЕОМУРОЖААТИ ЮЗАСИДАН

 

Мурожаатчи ўзини нечоғлик ҳақ деб билмасин, афсуски судда бу ўз тасдиғини топмаган. Аниқроғи, унинг турмуш ўртоғи, даъвогар Дж. Авезов уч йиллик даъво муддати ўтиб бўлганидан кейин судга даъво ариза билан мурожаат қилган. Унинг ўтказиб юборилган даъво муддатини узрли, деб топиш ва уни тиклаш тўғрисидаги аризасида келтирилган важлар ҳам суд томонидан текширилган. Бироқ, судда даъво муддатини тўхтатиб туриш ёки судга мурожаат қилишга монелик қиладиган узрли деб топишга асос бўлувчи ҳолатлар аниқланмаган.

 

Яъни, Фуқаролик кодексининг 154-моддасига мувофиқ, даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлаши белгиланган бўлиб, даъвогар Дж. Авезов даъво муддатини узрли сабабларга кўра ўтказиб юборганлигини тасдиқловчи мақбул далилларни судларга тақдим қилмаган.

Даъвогар Дж. Авезовнинг акаси Султон Авезов (ака) 2004 йил 31 июлда вафот этганлиги, шу вақтда мерос очилганлиги, бунда айнан низоли уй-жойга бевосита қўшни бўлиб яшаган Дж. Авезов ўз ҳуқуқлари бузилганлигини билган бўлиши лозим эди ва ўтган вақт давомида эса Дж. Авезов узрсиз сабабларга кўра даъво талаби билан судга мурожаат этмаган.

 

Олий суд Пленумининг 2019 йил 24 майдаги “Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида”ги 12-сонли қарорининг 15-бандига кўра даъво муддати ўтказилганлиги муносабати билан даъво рад қилинганда, шу жумладан, уларни ўтказиш сабаблари узрсиз деб топилганда, ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида ушбу ҳолатнинг кўрсатилиши етарли бўлади.

 

Даъвогар Дж. Авезов ўз ҳуқуқи бузилганлигини (2005 йил февраль) билган бўлса-да, уч йиллик даъво муддатини 11 йил ўтказиб юбориб (2021 йил 22 апрель) судга мурожаат қилган бўлиб, ушбу даъво муддати жорий этиладиган талаб эканлигини суд эътиборга олган ва муддат қўллаган ҳолда даъвони 2008 йил 18 январдаги нотариал ҳаракатни, шундан келиб чиқиб даъво талабларининг қолган қисмини ҳам рад қилишни лозим топган.

 

Шунинг баробарида Дж.Авезов ўзига тегишли уй-жойдан фойдаланиб келиш жараёнида даъвогар Э. Юлдашевга тегишли уй-жой жойлашган ер майдонининг бир қисмини эгаллаб олиб, қурилиш қилган.

 

Давлат кадастрлари палатаси Беруний туман филиалининг 2021 йил 7 июндаги хулосасида, Дж.Авезовга тегишли Янги ҳаёт кўчаси 14-уйнинг қозонхона биноси 14Б-уйга тегишли ер майдонига 30 см ўтиб қурилганлиги ва газ қувурлари ўтказилганлиги қайд этилган.

 

Фуқаролик кодексининг 164, 228-моддаларига асосан, даъвогар Э. Юлдашев ер майдони ва уй-жой мулкдори сифатида ундан ўз хоҳиши ва манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш, ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

 

Бундан ташқари, даъвогар Э. Юлдашев жавобгар Дж. Авезовга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда ўзбошимчалик билан қурилган қурилишни буздириш ва ерни дастлабки ҳолатга келтиришни сўраган.

 

Суднинг 2021 йил 3 майдаги ажрими билан даъво талаблари битта фуқаролик ишига бирлаштирилган. Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг 2021 йил 7 июндаги ҳал қилув қарори билан Дж. Авезовнинг даъвоси рад қилинган.

 

Э. Юлдашевнинг даъвоси қисман қаноатлантирилиб, даъвогар Э. Юлдашевга тегишли бўлган Беруний тумани, “Амир Темур” МФЙ, Янги ҳаёт кўчаси, 14Б-уйнинг ер участкасида қурилган қозонхона биносининг ўтган 30 см қисми жавобгар Дж. Авезов ҳисобидан мажбурий бузиб ташлаш ва ернинг шу қисми яроқли ҳолатга келтириши, 14Б-уйнинг ички қисмидан ўтиб турган сув қувурлари Дж. Авезов томонидан олиб ташлаш, жавобгар Дж. Авезовдан даъвогар Э. Юлдашевнинг фойдасига 507.150 сўм суд ҳаражати ундириш белгиланган.

Шундан сўнг мазкур низо суд инстанцияларида кўриб чиқилиб, суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган. Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 1 июлдаги ажрими билан фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг 2021 йил 7 июндаги ҳал қилув қарори ва Қоракалпоғистон Республикаси суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 13 августдаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилганлиги маълум қилинади.

ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР

 

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни 2024 йил 21 ноябрь куни қабул қилиниб, ушбу қонуннинг ўзида Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгилаб қўйилди.

 

Кейинги йилларда мамлакатимизда инсоннинг ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун тенг имкониятлар яратиш, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона аниқлашга доир қонун талабларига сўзсиз риоя этиш, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципларини ҳаётга татбиқ этиш орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

 

Шу билан бирга жамият ҳаётининг турли соҳаларини жадал рақамлаштириш, одамларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда янада кўпроқ ҳамкорлик қилиши ва бунинг оқибатида жиноятлар содир этилиши, рақамли муҳитда фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши ҳолларининг кенг тарқалиши рақамли далилларнинг институционаллаштирилишини ва улар билан боғлик ишларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланишини талаб этмоқда.

 

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига, Фуқаролик процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига рақамли далиллар тушунчасини, рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, уларни сақлаш, қайтариш ҳамда йўқ қилиш тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

 

Бундан ташқари «Нотариат тўғрисида»ги, «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги ва «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида рақамли далилларни гувоҳлантириш ва уларни текшириш тартиби назарда тутилмоқда.

 

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган электрон маълумотлар, шу жумладан электрон тарздаги файллар, аудио-, видеоёзувлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғида сақланаётган маълумотлар, шунингдек бошқа электрон маълумотлар рақамли далиллардир.

 

Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга, башарти унинг яхлитлиги ва айнан ўхшашлиги сақланса, йўл қўйилади.

 

Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга йўл қўйилиши ўзидан мазкур кўчирма нусха олинган рақамли далилнинг асли мавжудлиги билан таъминланади.

 

Гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва бошқа шахслар рақамли далилларнинг кўчирма нусхаларини қоғозда чоп этилган шаклда тақдим этиш ҳуқуқига эга. Бунда рақамли далилнинг қоғоздаги шакли ёзма далил деб ҳисобланиши мумкин эмас.

 

Терговга кадар текширув, суриштирув, тергов ва суд жараёнида тузилган процессуал баённомаларга илова қилинган, электрон маълумотлар тарзида шакллантирилган аудио-, видеоёзувлар ҳам рақамли далиллар ҳисобланади.

 

Рақамли далилнинг кўчирма нусхаси иш материаллари билан бирга сақланади.

 

Ушбу Қонун фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

 

 

 

Жанат АЙМАҒАНБЕТОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси  маъмурий суди судьяси

СУДЬЯ МАКТАБДА ДАРС МАШҒУЛОТИНИ ЎТДИ

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлидаги орзу-интилишлари ўз аксини топган муҳим ҳужжатдир. Шу сабабли “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги Фармонида таълимни ривожлантириш илмий-методик Маркази, Мактабгача ва мактаб таълими Вазирлиги, Фан ва инновациялар Вазирлиги, Адлия Вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб барча таълим турлари ва босқичларидаги ўқув режалари ва дастурлари қайта кўриб чиқилиши, конституциявий норма ва қоидаларга мослаштирилиши белгиланган эди.

 

Шунга кўра, умумтаълим мактаблари ўқувчиларига ёш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, Янги таҳрирдаги Конституцияни ўргатиш бўйича ҳам методик асосда янгиланган дарсликлар, ўқув қўлланмалари, махсус адабиётлар яратилиб, таълим тизимига кенг жорий этилди.

 

Ўсиб келаётган ёш авлоднинг конституциявий билимини оширишга қаратилган бу каби чора-тадбирларни амалга оширишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ҳам иштироки таъминланаётгани эса ўзининг ижобий натижасини бермоқда.

 

“Судьялар томонидан умумий ўрта таълим муассасаларида амалий дарс-машғулотларини ўтказиш бўйича режа” асосида Фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман суди томонидан амалга оширилаётган маънавий-маърифий ўқув машғулотлари ўқувчи-ёшларнинг конституциявий билимларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шундай дарс машғулотларидан бири туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги 6-сонли мактабда ҳам ўтказилди.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман суди судьяси Зебо Базарбаева томонидан “Ҳуқуқбузарлик ва жавобгарлик” мавзусида ташкиллаштирилган мазкур дарс машғулотида мактаб ўқитувчилари ва юқори синфлар ўқувчилари иштирок этдилар.

 

Дарс машғулоти жараёнида Зебо Базарбаева ўқувчиларга “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармонида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти юзасидан кенг тушунчалар бериб, ҳар бир инсоннинг, хусусан, ўқувчиларнинг конституциявий бурч ва мажбуриятлари бўйича ҳаётий мисоллар орқали маълумотлар тақдим этди.

 

Дарс жараёнида Конституцияда белгиланган янги нормалар, судларнинг эркинлиги, жиноий жавобгарликни белгилаш, қамоққа олиш ва фуқароларнинг адвокатлик хизматларидан фойдаланиш бўйича ҳақ-ҳуқуқлари ҳақидаги моддалар бўйича батафсил тушунтириш билан бирга ўқувчи-ёшлар зиммасидаги бурч ва мажбуриятларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

 

Айниқса, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ва уларни шаффоф малакалаш, жавобгарлик белгилаш, жавобгар шахсга нисбатан содир этилган ҳуқуқбузарлик бўйича тегишли жазо чораларини қўллашда адолат тамойилларига риоя этиш, одил судловни амалга ошириш бўйича ўқувчилар иштирокида шартли суд жараёнлари ўтказилгани ўқувчиларнинг конституциявий ва ҳуқуқий билимларини оширишда муҳим аҳамият касб этди.

 

Судья томонидан ўтказилган дарс машғулоти ўқувчилар учун бири-биридан қизиқарли савол-жавобларга бой бўлди ва Амударё туман фуқаролик ишлари бўйича суди судьяси Зебо Базарбаевага амалга оширилган қизиқарли дарс машғулоти учун мактаб маъмурияти томонидан миннатдорчилик билдирилди.

ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИМИЗ КАФИЛИ

 

 Мустақил мамлакатимизнинг янги конституцияси 155 моддадан иборат. У бевосита халқимиз томонидан қабул қилинди. Таъкидлаш лозимки, биз қабул қилган ушбу бош қомусимизда иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқларларга оид янги нормалар белгиланди.

 

Ушбу ҳуқуқлар – инсон ҳуқуқларининг бир тури бўлиб, у бизга муносиб ҳаёт кечириш, жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиш учун зарур шарт-шароитларни кафолатлайди. Бунда, ҳар бир киши фаровонликка эришиши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши ҳамда бахтли бўлиши ва ўз ҳаётидан рози бўлишини таъминлаш назарда тутилади.

 

Масалан, меҳнат қонунчилигида ҳомиладорлик ёки фарзандлари борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра ишга қабул қилмаслик таъқиқланган. Конституцияда эса ушбу норма мустаҳкамланиб, унга кӯра ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланди.

 

Бош қомусимизнинг 42-моддасида “ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

 

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

 

Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади”-деб белгиланди.

 

Бу нормаларнинг белгиланиши, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш, уларни иш билан таъминлаш ва ишсизликдан ҳимоялаш муносиб меҳнат учун муносиб иш ҳақи билан таъминлаш ижтимоий давлатнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.

 

Конституциянинг 43-моддасида давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш ва давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этиши ҳамда рағбатлантириши мустаҳкамланди.

 

Бир сӯз билан айтганда, шу ва инсон қадри ҳимоясига қаратилган бошқа нормалар фуқароларнинг барча ҳуқуқларининг кафолатланганлигини тасдиқловчи ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилишини англатади.

 

 

 

Зебо БАЗАРБАЕВА,

фуқаролик ишлари бўйича Амударё тумани суди судьяси

ЯНГИЛАНГАН КОНСТИТУЦИЯДА МУЛК ҲУҚУҚИ КАФОЛАТЛАРИ

 

Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли.

Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 41-модда

 

Маълумки, жамиятнинг иқтисодий негизини мулк ташкил этади. Шунингдек, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тузилиши ҳам мулк билан, мулкнинг кимларга тегишли эканлиги билан белгиланади. Мулксиз ижтимоий муносабатларни ривожлантириш, мамлакатда халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш имконсиз. Сўнгги йиллар давомида юртимизда хусусий мулк устуворлигини таъминлаш ва ҳамда унинг ҳуқуқий муҳофазасини кучайтиришга оид бир қатор қонунлар қабул қилинди.

 

Хусусан, мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш, хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, мулкий, шу жумладан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш, хусусий мулк устуворлигини асосий тамойил сифатида белгилаш, давлат идорасининг расмий маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш шулар жумласидандир.

 

Юртимизда сўнгги йилларда тадбиркорлар ҳуқуқлари янада кенг ҳимоя қилинаётгани ҳам бежиз эмас. Соҳа эгаларининг ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилаётгани, уларга кўплаб имтиёз ва енгилликлар берилаётгани уларни руҳлантирибгина қолмай, иқтисодиётимизнинг ривожи, халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Тан олиш керак, хусусий мулкни ҳимоя қилиш соҳасидаги амалга оширилган ислоҳотлар ва кўрилаётган чораларга қарамасдан хусусий мулк дахлсизлиги билан боғлиқ муаммо ва низолар мавжуд эди.  Хусусан, давлат органи мансабдор шахснинг ноқонуний қарори асосида хусусий мулкни “снос” шаклида олиб қўйиши, мулкдорга етказилган зарарни қопламаслиги, асоссиз важлар билан кўчмас мол-мулкни бузиш кабилар мулкдорларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганди.

 

Ўзбекистон учун муҳим сиёсий ҳужжат ҳисобланган янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 41-моддасига кўра,  энди “Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади”, деб белгилаб қўйилган.

 

Конституциямизга ушбу модданинг киритилгани аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, юртимизда тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, мулкчилик муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаш, хусусий мулкнинг дахлсизлигини кучайтиришга катта туртки бўлди. Фуқароларнинг мулки билан боғлиқ муносабатларнинг ҳуқуқий жиҳати, аҳолининг уй-жойга бўлган ҳуқуқлари дахлсизлигини кафолатлаш билан боғлиқ нормалар конституция орқали мустаҳкамлаб қўйилди ва судларда уларнинг ҳимояси ҳамда  дахлсизлигини таъминлаш мустаҳкамланди.

 

Бунда уй-жой мулкдорларига нисбатан 2 турдаги муҳим конституциявий кафолат белгиланди: суд кафолати ва уй-жойдан маҳрум этилганда компенсация олиш кафолати. Суд кафолати уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи суд қарорисиз маҳрум этилишига йўл қўйилмаслигини англатади. Бунда суд томонидан мулк ҳуқуқини бекор бўлишига сабаб бўлувчи ҳолатлар амалдаги қонун ҳужжатлари асосида объектив тарзда кўриб чиқилади. Албатта, мазкур тартиб мулкдор ҳар қандай ҳолатда асоссиз равишда мулк ҳуқуқидан маҳрум этилмаслигини кафолатлайди.

 

Иккинчи кафолат, яъни уй-жойдан маҳрум этилганда компенсация олиш кафолати мулкдор иқтисодий манфаатлари ҳимоясига йўналтирилгани билан эътиборга молик. Мазкур норма қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорни шу уй-жой ва етказилган зарар учун тенг қийматда компенсация олишини кафолатлайди.

 

Жумладан, Конституцияда илк маротаба ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги назарда тутилди. Ушбу норма асосий қонундаги ҳақиқий инқилобий янгиликлардан бири сифатида мулкчилик муносабатларидаги бўшлиқни тўлдирди.

 

Бундан ташқари, суд орқали хусусий мулк ҳимояси ва дахлсизлигини таъминлаш мақсадида хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишга тўсқинлик қилувчи тартиблар, талаблар ва чекловлар бекор қилинди.

 

Хусусан, ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш амалиётига чек қўйилди. Ушбу ҳужжатлар фақат суд томонидан бекор қилиниши ёки ҳақиқий эмас деб топилиши белгиланди.

 

Мулк дахлсизлиги ҳар кимнинг ўз бойликларига эгалик қилиш, фойдаланиш ва бошқариш ҳуқуқига эга эканидир. Бу ҳуқуқ одамларга ўз мулкидан қандай фойдаланишни эркин танлаш имконини беради ва қонун олдида тенгликни яратади. Конституциямизнинг 66-моддасида таъкидланганидек, “Мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак».

 

Бугун мулкдор ва  тадбиркорлар нимага ишонади? Улар қачонки, ўз мулки ишончли ҳимоя қилинишига ишонсагина инвестиция киритади, бизнесини ривожлантиришга бор вужуди билан ҳаракат қилади. Бу ишончнинг мустаҳкамлиги эса белгиланган қонунларнинг қатъий белгиланган тартибда ишлашига боғлиқ. Бундан ҳам мулкдор, ҳам давлат иқтисодиёти ривожланади.

 

Умуман олганда, Конституцияда мулкдорларнинг мулк дахлсизлиги тамойилларининг мустаҳкамлангани уларнинг мол-мулкига  ўзбошимчалик билан қонунга хилоф равишда тортиб олиш ва улардан фойдаланиш ҳолатларидан ҳимоя қилинишини таъминлайди. Бу мулкдорларнинг ўз мулкига эгалик қилишлари ва улардан фойдаланишлари учун замин яратиб, давлатга бўлган ишончларини мустаҳкамлайди.

 

 

 

Саёра АЙТНИЯЗОВА,

фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро суди судьяси

 

СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ ИЖРО ЭТИШ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш соҳасида салмоқли ишлар амалга оширилиб, замонавий технологиялар қулайликлари амалиётга жорий этилган.

«Ўзбекистон – 2030» Стратегиясида белгиланганидек суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш орқали одил судлов самарадорлигини таъминлаш вазифаси белгиланган.

Бу йўналишда аҳолига қандай енгилликлар жорий этилмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 – йил 3 – январдаги ПФ-1-сонли «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ 2024 – йил 1 – майдан бошлаб:

а) суд ҳужжатлари асосида ижро ҳужжатларини электрон шаклда бериш (юбориш, тақдим этиш) тартиби жорий этилди. Бунда:

иқтисодий ишлар бўйича суд ҳужжатлари асосида ижро ҳужжатларини фақат электрон шаклда бериш (юбориш, тақдим этиш) тартиби жорий этилади (Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ижро этилиши лозим бўлган ижро ҳужжатлари бундан мустасно);

фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича суд ва маъмурий суднинг ҳужжатлари асосида бериладиган ижро ҳужжатлари, қоида тариқасида, электрон шаклда, ижро ҳужжати Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ижро этилиши лозим бўлган тақдирда ёки тарафларнинг илтимосномасига кўра эса – суднинг муҳри билан тасдиқланган ҳолда қоғоз шаклда берилиши (юборилиши, тақдим этилиши) мумкин;

суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро ҳужжатлари QR-код (матрик штрихли код) билан тасдиқланган ҳолда электрон рақамли имзо билан расмийлаштирилади;

юридик шахслар томонидан суд ҳужжатлари асосида берилган ижро ҳужжатлари ва ижро иши юритиши доирасида қабул қилинган қарорлар ва бошқа ҳужжатлар уларнинг солиқ тўловчи шахсий кабинети орқали олинади ва тақдим этилади;

жисмоний шахслар учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки интерактив хизматларни кўрсатадиган терминаллар орқали суд ҳужжатлари асосида берилган ижро ҳужжатларини ва ижро иши юритиши доирасида қабул қилинган қарорлар ва бошқа ҳужжатларни олиш ва тақдим этиш имконияти яратилади;

б) фуқаролардан қарздорликлари учун ундирув қаратилиши мумкин болмаган энг кам кафолатланган даромад белгилансин. Бунда:

даромадларнинг кафолатланган энг кам миқдори фуқароларнинг қарздорликлари бўйича пул маблагларини ундиришда қўлланилади ва белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ярмига мос келади;

фуқаронинг банк ҳисобварақларидан, жумладан банк карталаридан ижро ҳужжатлари юзасидан қарздорлик бўйича пул маблағларини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ярмидаги маблағлар ҳисобидан ушлаб қолиш (ҳисобдан чиқариш) тақиқланади;

в) ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби почта харажатлари бўйича қарздорликни ундиришга ҳам татбиқ этилиши белгиланди.

Фармонга кўра, 2024 – йил 1 – декабрдан бошлаб суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминловчи «Мажбуриятлар реестри» институти жорий этилмоқда.

Мажбуриятлар реестри ким томонидан юритилади ва ундан қандай фойдаланса бўлади?

Реестр Мажбурий ижро бюроси томонидан юритилади.

Қарздор мол-мулки йўқлиги сабабли ундирув амалга ошириш имконияти бўлмаганда, у ҳақидаги маълумотлар мажбурий тартибда Реестрга киритилади. Қарздор ҳақида маълумот Реестрга киритилгандан кейин унга нисбатан ижро иши доирасида қўлланилган барча чекловлар сақлаб қолинади. Реестрга киритилган қарздорнинг мол-мулки ва пул маблағлари аниқланганда мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилади.

Қарздор ижро ҳужжати бўйича мажбуриятини бажарганда, у вафот этганда, ижро ҳужжатини беришга асос бўлган суд ҳужжати ёки бошқа органнинг ҳужжати бекор қилинганда ёхуд ижро ҳужжати бўлган ҳужжат бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, қарздорнинг 10 йил давомида мол-мулки ёки пул маблаглари ҳақида маълумот аниқланмаганда ёки қарздор банкрот деб топилганда, ундирувчининг аризасига кўра, у ҳақидаги маълумотлар Реестрдан чиқарилади.

Хусусан, 2024 – йил 1 – апрелдан бошлаб:

– суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари мажбурий ижроси доирасида мол-мулкни шартнома-воситачилик асосларида сотиш фақатгина мол-мулкни қабул қилишдан уни сотишгача бўлган жараёнларни масофавий мониторинг қилиш электрон тизимини жорий қилган савдо ташкилотлари томонидан амалга оширилади;

– суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари мажбурий ижроси доирасида мол-мулкни шартнома-воситачилик асосларида сотиш бўйича савдо дўконларини танлаб олишда мол-мулкни Интернет-дўконлар орқали сотишни амалга оширувчи савдо ташкилотларига устунлик берилади.

Суд ҳужжатларининг ижросини таъминлаш, шу орқали аҳолини суд тизимига ишончини ошириш демократик ва ҳуқуқий давлат қуриш йўлидаги муҳим вазифаларининг бири ҳисобланади.

Жолдасбай КЕЎНИМЖАЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро суди раиси

“МИРАНДА ҚОИДАСИ” ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗ ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ ЗАМОНАВИЙ УСУЛИ

Янги таҳрирдаги Конституция мамлакатимизнинг яқин ва узоқ истиқболдаги барқарор тараққиёти, халқимиз фаровон ҳаётининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси ва ишончли кафолатидир. Бош қомусимизда ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди.

 

Хусусан, инсон манфаати ҳар нарсадан устун қўйилиши эътироф этилди ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланди. Булар, инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, инсон ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги ва бошқаларда ўз аксини топди.

 

Шунингдек, инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилди. Жумладан, Конституциямизда ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмаслиги, ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши ҳамда шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланди.

 

Бундан ташқари, шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги конституция доирасида мустаҳкамланди.

 

Бу каби нормалар шахснинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суд қарори асосида амалга оширилиши шартлигини билдириб, тергов ва суриштирув органлари томонидан инсонларни ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамоққа олиш ёки қамоқда сақлашга йўл қўймасликка қаратилгандир.

 

Конституцияда шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши кераклиги айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, сукут сақлаш ҳуқуқи берилди. Яъни, халқаро эътироф этилган “Миранда қоидаси” фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий усули сифатида Асосий қонунда ўз ифодасини топди.

 

Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги қайд этилган. Мазкур норма тўғридан-тўғри амал қилувчи қоида бўлиб, тергов ва суд жараёнида фақат ишончли ва қонуний далиллардан фойдаланишни таъминлайди ҳамда шахсни асоссиз равишда жавобгарликка тортилишдан ҳимоя қилади.

 

Қолаверса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги мустаҳкамланиб, ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги белгиланди. Бу қоидалар жиноий таъқиб остидаги ҳар қандай шахсга ёки унинг яқин қариндошларига руҳий босим ва турли таҳдидлар ўтказиш, унинг шаъни ва қадр-қимматни камситиш каби бошқа ноқонуний усуллар қўлланишининг олдини олади.

 

Яна бир муҳим норма — агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор дебтопилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги кафолатланди. Бу ҳол жиноят бўйича ҳақиқатни аниқлаш, шунингдек, айбсиз инсонларнинг жавобгарликка тортилишини олдини олишга, айни пайтда, жиноят содир этган ҳақиқий айбдор шахс ёки шахсларни аниқлашга хизмат қилади.

 

Маълумки, инсоннинг ажралмас ҳуқуқлардан бири – ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ умумеътироф этилган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам ўз аксини топган. Шу норма Конституциямизнинг 55-моддасида ҳам белгиланиб, ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли эканлиги эътироф этилди.

 

Ушбу қоиданинг мазмун-моҳияти шундаки, фуқаро ўз бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини, ўзгалар ҳуқуқларини бузмаган ҳолда, мустақил ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Бунда фуқаро томонидан ўзини ҳимоя қилишда қўлланиладиган усуллар ёки чоралар қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бўлиши лозим.

 

Шунингдек, фуқаро Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақлилиги белгиланган. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳам ҳимояланишини таъминлашнинг ҳуқуқий кафолатидир.

 

Бундан ташқари, шахсга давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлганидан сўнг, халқаро органларга мурожаат этиш ҳуқуқининг берилаётганлиги Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида зиммасига олган халқаро мажбуриятларини самарали бажаришга хизмат қилади.

 

Умуман олганда, ушбу қоидалар инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди, давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига хизмат қилади.

 

 

Жасур Уразбоев,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси

КОНСТИТУЦИЯ ФУҚАРОЛАР ҲУҚУҚИ ТАЪМИНЛАНИШИНИНГ КАФОЛАТИДИР

 

 Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинди. Ҳар қандай жамият қонунлари инсон учун яралади  ва унинг бахтли ҳаёти ҳамда турмушини кўзлайди, ҳақ-ҳуқуқ ва эркинлигини ифодалайди ҳамда  кафолотлайди.   Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.   Бу борада самарали ҳуқуқий база яратилди.    Том маънода Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатимизда инсон ҳуқуқлари таъминлашининг кафолати ҳисобланади.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасида, Суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади.

 

 

Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади, деб белгиланган.

 

Дарҳақиқат қонунуда белгиланмаган тартибда бирор инсон мажбурий меҳантга жалб этилиши мумкин эмас.

 

Эски совет тузумидан қолган ёмон одатлардан бири бу ижтимоий соҳа вакиллари, талабалар ва ҳаттоки мактаб ўқувчиларини мажбурий меҳнатга, хусусан, пахта териш ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш эди.  Натижада ўқувчи ва талабалар тайинли таълим олмас, ўқитувчи ва шифокорлар ўз устида ишлаб, сифатли хизмат кўрсатишнинг ўрнига далага чиқиб, пахта терар эди. Бу нафақат ижтимоий-иқтисодий аҳволимизга, балки Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги имиджига ҳам ўта салбий таъсирини  кўрсатди.

Ўзбекистон Республикаси 2008 йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида”ги Конвенцияни (1999) ратификация қилган.

 

Ушбу конвенцияга мувофиқ “болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари” деганда қуллик, жинсий эксплуатация, болаларни қуролли тўқнашувларда, ноқонуний фаолиятда ёки уларнинг соғлиғига, ахлоқий ва психологик ҳолатига зарар етказадиган хавфли ишларда ишлатиш тушунилади.

 

Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларида бундай қилмишлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.

 

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни бартараф этиш ишлари ўзининг ижобий натижасини бериб ушбу саъй-ҳаракатлар халқаро миқёсда эътироф этилди. Халқаро рейтинглардаги ўрнимиз анча яхшиланди, бу эса юртимизга кўплаб инвестициялар жалб қилинишига, иқтисодиётнинг ва ижтимоий соҳанинг ривожланишига хизмат қилаяпти.

 

Болалар ўқишда, шифокор ва ўқитувчилар ишда бўлишлари тўғри сиёсий қарор эди. Мажбурий ва болалар меҳнатининг ман этилиши Конституцияда белгилаб қўйилиши ушбу сиёсий қарор абадий эканлигини кўрсатади.

 

Хулоса қилиб айтганда, бўлсак охирги йилларда мактаб ўқувчилари ва шифакорларниг пахта йиғим-теримига жалб қилинмаганлигининг ўзи ҳам Давлатимизда инсон ҳуқуқлари таъминланганлигини кўрсатмоқда.

 

Шунингдек,  Конституциямизнинг 47-моддасида, «Ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади.  Давлат уй-жой қурилишини рағбатлантиради ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратади. Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланади»,-деп кўрсатилган.

 

Мухтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан Республикамизда камбағалликни қисқаритиш бўйича олиб борилаётган сиёсат ҳозирги кунда ўз натижасида кўрсатмоқда.

 

Мисол тариқасида камбағал оилаларга ўз иқтисодиётини тиклаш учун уларга бир марталик компенсация пуллари берилиши, ёки тадбиркорлик орқали даромад топиши учун ўз уйида касаначилик, қандолатчилик ва бошқа турли фаолият турлари билан шуғулланиши учун субсидия пуллари ажратилиши натижасида халқнинг моддий аҳволи анча яхшиланди.

 

Уй-жойга муҳтожлиги бўлган оилaларнинг арзон нархлардаги уй-жой билан таъминланиши, суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланишиниг Конституцияга киритилиши ахолининг уй жойининг “СНОС” га тушиши ва уй-жойдан маҳрум бўлиб қолишнинг олдини олди.

 

Зеро, Конституция фуқаролар ҳуқуқи таъминланишининг кафолатидир.

 

 

Раъно КАМАЛОВА, 

Жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди раиси  

АРБИТРАЖ МУҲОКАМАСИ БИЛАН БОҒЛИҚ ИШЛАРНИ ЮРИТИШ

2022-йилнинг 16-майида “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлиги муносабати билан Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Кодексга арбитр тушунчаси киритилиб, арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар, жумладан, арбитрни тайинлаш, арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар муҳокамаси кўрилиши белгиланган.

Шунингдек, арбитрлар, арбитраж таркиби томонидан тайинланган экспертлар, арбитраж муассасасининг ходимлари, ҳакамлик судьялари – арбитраж ёки ҳакамлик муҳокамаси давомида ўзларига маълум бўлиб қолган ҳолатлар тўғрисида гувоҳ сифатида чақирилиши ва сўроқ қилиниши мумкин эмаслиги белгиланган.

Қонун билан арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларни юритиш тартиби белгиланган.

Арбитраж судлари ўз фаолиятида ҳеч кимга бўйсунмайди ва мустақилдир. Арбитраж судларининг фаолиятига бирор-бир аралашувга, худди шунингдек унга бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатишга йўл қўйилмайди ҳамда бу Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Арбитрлар, арбитраж таркиби томонидан тайинланган экспертлар, арбитраж муассасаси ва унинг ходимлари арбитраж муҳокамасига тааллуқли ҳар қандай ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик учун, агар бундай ҳаракат ёхуд ҳаракатсизлик қасддан содир этилганлиги исботланмаса, тарафлар ёки бошқа шахслар олдида жавобгар бўлмайди.

 

Рустам ҚУРБАНБАЕВ,
Беруний туманлараро иқтисодий суди раиси

ҲАДЯ ШАРТНОМАСИ ТУШУНЧАСИ, УНИ БЕКОР ҚИЛИШ ВА ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИШ ТАРТИБИ  

 

Бугунги кунда судлардаги статистик маълумотлардан  фуқаролар ўртасида ҳадя шартномасини бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар ҳам бор эканлиги кўринади.

 

Авваломбор ҳадя шартномаси – бу қандай шартнома деган савол туғилиши бежиз эмас, албатта.

 

Ушбу шартномага Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 502-моддасида қўйидагича тушунтириш берилган бўлиб, унга кўра,  ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ё бериш мажбуриятини олади, ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади.

 

Агар ашё ёки ҳуқуқ муқобил берилганида ё бўлмаса, муқобил мажбурият мавжуд бўлганида шартнома ҳадя деб тан олинмайди. Бундай ҳолда бу  шартномага нисбатан ушбу Кодекс 124-моддасининг иккинчи қисми қоидалари, яъни  қалбаки ва кўзбўямачилик учун тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги ҳақидаги норма қўлланилади. Демак, юридик оқибатлар туғдириш нияти бўлмаган ҳолда, номигагина тузилган битим (қалбаки битим) ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Агар битим бошқа битимни ниқоблаш мақсадида тузилган бўлса (кўзбўямачилик битими), тарафлар ҳақиқатда назарда тутган битимга доир қоидалар қўлланилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 113-моддасига кўра,  ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмасдир.

 

Битим ҳақиқий бўлмаганида тарафларнинг ҳар бири бошқасига битим бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб бериши, олинган нарсани аслича (шу жумладан олинган нарса мол-мулкдан фойдаланиш, бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат билан ифодаланганда) қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса, агар битим ҳақиқий эмаслигининг бошқа оқибатлари қонунда назарда тутилган бўлмаса, унинг қийматини пул билан тўлаши шарт.

 

Ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади.

Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга.

 

Агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши хавфини солса, ҳадя қилувчи ҳадя бекор этилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли.

 

Манфаатдор шахснинг талабига биноан суд якка тадбиркор ёки юридик шахснинг банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидаларини бузиб, банкрот деб эълон қилинишидан олдинги бир йил ичида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ маблағлар ҳисобидан қилган ҳадясини бекор қилиши мумкин.

 

Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин.

 

Ҳадя бекор қилинган тақдирда ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни, агар у ҳадя бекор қилинган пайтда асл ҳолатда сақланиб қолган бўлса, қайтариши лозим.

 

Демак шартномани бекор қилиш билан ҳақиқий эмас деб топишнинг фарқи қуйидагилардан иборат:

 

– шартномани ҳақиқий эмаслигига асос унинг ноқонунийлигидир.  Бекор қилишга эса – унинг қонунийлиги низолашилмасдан  шартномани бекор қилишга сабаб бўладиган ҳолатларнинг юзага келиши сабаб бўлади.

 

– шартномани бекор қилиш у амалда бўлган вақтдаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларга таъсир этмасдан, фақатгина келгусидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга тааллуқлидир.

 

Қайд қилиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан битимлар билан боғлиқ низоларни судда кўриш амалиёти тез-тез умумлаштирилиб борилади ва  судларда битимларга оид муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини тўғри татбиқ қилиш, шу билан бирга суд амалиётида низоли ҳуқуқий муносабатларга нисбатан қўлланиши лозим бўлган моддий қонун нормаларини аниқлаш ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни ҳар томонлама текшириш бўйича йўл-йўриқлар берилиб келинади.

 

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан 2006 йил 22 декабрда “Суд амалиётида битимларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини татбиқ қилишда вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида”ги 17-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, Қарорда айнан юқорида қайд қилинганидек ҳадя шартномаси бўйича низоларни кўриб чиқишда қандай моддий ҳуқуқ нормалари қўлланилиши ва низони ҳал этиш бўйича тавсиялар берилган.

 

 

 

Зульфия БАБАДЖАНОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси          

 

Skip to content