ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИ КУРАШ — АДОЛАТ ВА ИНСОНИЙЛИК МЕЗОНИ
Ҳар қандай демократик давлатнинг асосий вазифаларидан бири — инсон ҳуқуқлари, айниқса, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдан иборатдир. Зўравонлик ва тазйиқ — нафақат шахсга, балки бутун жамиятга қарши жиноят ҳисобланади. Шу боис Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш ва бундай ҳолатларнинг кескин камайиши давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда зўравонликка қарши курашиш борасида муҳим ҳуқуқий асослар яратилди. Хусусан, 2019 йилда қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун, ҳамда Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар зўравонликни жиноий қилмиш сифатида белгилади.
Қонунга мувофиқ, зўравонлик нафақат жисмоний, балки психологик, иқтисодий ёки жинсий кўринишда ҳам намоён бўлиши мумкин. Бу эса жамиятдаги кўп йиллик стереотипларни йўқотиш ва ҳар қандай тазйиқ шаклини ҳуқуқий нуқтаи назардан баҳолаш имконини беради.
Давлат даражасида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун, “Гендер тенгликни таъминлаш стратегияси” ҳамда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор дастурлар амалга оширилмоқда. Бу ташаббуслар нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий-маънавий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Судлар фақат жазо тайинловчи орган эмас, балки инсон қадрини тикловчи, жамиятда адолат ҳиссини мустаҳкамловчи институтдир. Зўравонлик ҳолатларига оид ишлар кўриб чиқилаётганда, судьялар жабрланувчи шахснинг ҳуқуқларини, унинг дахлсизлиги ва хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратади.
Сўнгги йилларда суд амалиётида зўравонлик ишлари бўйича ҳимоя ордерлари берилиши, зўравон шахсни муайян муддатга жабрланувчи билан мулоқот қилишдан чеклаш амалиёти йўлга қўйилди. Бу эса зўравонликнинг такрорланишининг олдини олишда самарали ҳуқуқий механизм сифатида ўзини оқламоқда.
Бироқ зўравонликка қарши кураш фақат суд ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас. Бу — бутун жамиятнинг маънавий ва фуқаролик бурчидир.
Агар ҳар бир фуқаро ўз атрофидаги зўравонлик ҳолатларига бефарқ бўлмаса, жабрланувчига ёрдам беришни инсонпарварлик вазифаси деб билса, биз нафақат қонун билан, балки инсоф ва виждон билан ҳам жиноятларга қарши тура оламиз.
Зўравонлик — бу нафақат бир инсонни, балки бутун оиланинг, ҳатто авлодларнинг тақдирига салбий таъсир кўрсатадиган иллатдир. Шунинг учун унинг олдини олишда таълим муассасалари, маҳалла тизими, нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга.
Адолат ва инсонийлик — ҳар бир жамиятнинг таянчи. Зўравонликка қарши курашда энг катта куч — қонун устуворлиги ва жамоавий масъулият ҳиссидир.
Азат СЕЙТАНОВ,
жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман судининг тергов судьяси