ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИ ҚОНУН ВА АМАЛИЁТ

 

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасига мувофиқ, ҳар бир инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз бўлиб, ҳеч ким тазйиқ, зўравонлик ёки таҳқирлашга дучор этилмаслиги лозим. Мазкур конституцион тамойилдан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилган.

 

 

 

Хусусан, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, унда жисмоний, руҳий, иқтисодий ва жинсий зўравонлик, шунингдек тазйиқ ва таъқиб тушунчаларига аниқ ҳуқуқий таъриф берилди. Қонунда жабрланувчиларни ҳимоя қилиш механизмлари, ҳимоя ордерини бериш тартиби ҳамда масъул давлат органларининг ваколатлари белгилаб қўйилган.

 

 

Жабрланувчиларни ҳимоя қилишнинг самарали ҳуқуқий воситаларидан бири сифатида ҳимоя ордери институти жорий этилган. Унга кўра, тазйиқ ёки зўравонликка дуч келган шахс ваколатли органлар ёки суд томонидан белгиланган муддатга ҳимоя ордери олиши мумкин. Ушбу ордер зўравонлик содир этган шахсга жабрланувчи билан алоқа қилиш, уни таъқиб этиш ёки қидиришни тақиқлайди. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, ҳимоя ордери зўравонлик ҳолатларининг такрорланишини олдини олишда муҳим профилактик ҳуқуқий чора сифатида ўз самарасини бермоқда.

 

Шу муносабат билан жиноят ишлари бўйича Нукус тумани судининг тергов судьяси Г.Утепбергенова томонидан Нукус тумани ҳокимлигида учрашув ўтказилди. Унда туман ҳокимининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи С.Абатова, туман ички ишлар бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, подполковник Р.Сарманова ва ибратли нуроний онахонлар иштирок этди.

 

 

Учрашув давомида хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, зўравонлик ҳолатларига барҳам бериш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Шунингдек, хотин-қизларни оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмлари, хусусан, ҳимоя ордерини бериш тартиби ва уни бузганлик учун белгиланган жавобгарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

 

Тадбир доирасида тергов судьяси томонидан жамоатчилик иштирокида оилавий зўравонлик билан боғлиқ иш материали кўриб чиқилди. Аёлига нисбатан берилган ҳимоя ордери талабларини бузган ҳуқуқбузарга нисбатан қонунга мувофиқ маъмурий жарима жазоси тайинланди.

 

 

 

Бундай очиқ суд мажлислари аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда фуқароларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.