ГЕНДЕР ТЕНГЛИК — АДОЛАТ ВА ИНСОН ҚАДРИ УСТУВОРЛИГИНИНГ АСОСИ

 

Бугунги кунда гендер сиёсати инсон қадрини улуғлаш, адолатли жамият барпо этиш ва барқарор тараққиётга эришишнинг муҳим омилларидан бири сифатида қаралмоқда. Гендер тушунчаси хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, таълим, маданият ва бошқа барча соҳалардаги ижтимоий жиҳатини ифодалайди. Гендер тенглик эса фақат аёллар ҳуқуқлари билан боғлиқ масала эмас, балки бутун жамият манфаатларига дахлдор ижтимоий адолат тамойилидир.

 

Ўзбекистонда сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни зўравонлик ва камситишдан ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида бу масалага алоҳида тўхталиб, қуйидаги муҳим фикрларни таъкидлади:
“Ўзбекистонда – фуқароларимиз, тадбиркорларимиз ва инвесторларни ҳар қандай вазиятда ҳам ишончли ҳимоя қиладиган давлат бор, Конституция бор, қонунлар бор!”

 

Давлат раҳбари хотин-қизларнинг қадр-қимматини ҳимоя қилиш, болаларни зўравонликдан асраш қадимдан халқимиз учун шаън ва ғурур масаласи бўлиб келганини алоҳида таъкидлаб, жамиятимизда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари мавжудлиги асло қабул қилиб бўлмас ҳолат эканини очиқ-ойдин билдирди. Хусусан, мурожаатномада келтирилишича, сўнгги икки йилда аёллар ва болаларга нисбатан оилавий зўравонлик билан боғлиқ 2 мингдан зиёд жиноят ҳолати аниқланган.

 

Президент таъбири билан айтганда, оилавий зўравонлик фақат оиланинг ички иши эмас, балки бутун жамиятни ташвишга солиши лозим бўлган муаммодир. Аёлни ўз муаммоси билан ёлғиз қолдиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шу боис, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича республика мувофиқлаштирувчи кенгаши барча давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтларини сафарбар этган ҳолда, самарали тизим яратиши зарурлиги қайд этилди. Парламент ва жамоатчиликнинг фаол иштироки эса бу борада ижобий натижаларга олиб келиши шубҳасиз.

 

Ўзбекистонда гендер сиёсатининг ҳуқуқий асослари мустаҳкам шаклланган. 2019 йилда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонун миллий қонунчилигимизда гендер тенглик масаласини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлади. Шунингдек, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун аёлларни жисмоний, жинсий, руҳий ва иқтисодий зўравонликдан муҳофаза қилишнинг аниқ механизмларини белгилаб берди.

 

2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси эса аёлларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда. Гендер масалалари бўйича республика комиссияси фаолияти ҳам давлат сиёсатини изчил амалга оширишда муҳим ўрин тутади.

 

 

Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш ва зўравонликка қарши курашиш бўйича қатъий сиёсий ирода мавжуд. Қонунлар қабул қилинди, институтлар шакллантирилди. Энди эса ушбу ҳуқуқий нормаларни амалиётга тўлиқ татбиқ этиш, жамиятда муросасиз муносабатни шакллантириш ҳар биримиздан масъулият талаб этади. Зеро, хотин-қизларнинг қадр-қимматини ҳимоя қилиш — адолатли жамият, мустаҳкам оила ва барқарор тараққиётнинг ишончли кафолатидир.

 

 

Зульфия БАБАДЖАНОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси