ОРТИҚЧА ТЎЛАНГАН ВА УНДИРИЛГАН СОЛИҚЛАРНИ ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ

 

 

Ўзбекистон Республикаси давлат ғазнасининг асосий манбалари ичида солиқлар ва мажбурий тўловлар алоҳида ўрин тутади. Солиқ тўлаш – ҳар бир фуқаро ва хўжалик юритувчи субъектнинг Конституцияда белгилаб қўйилган бурчи ҳисобланади.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида солиқлар ва йиғимларни белгилаш, жорий этиш, ҳисоблаш ҳамда тўлаш тартиблари, шунингдек, солиқ мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ муносабатлар аниқ тартибга солиб қўйилган.

 

 

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, агар солиқ тўловчи томонидан солиқ ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган бўлса ва у солиқ бўйича қарздор бўлмаса, мазкур сумма солиқ тўловчига қайтарилиши ёки келгусидаги солиқ тўловлари ҳисобидан ҳисобга олиниши лозим.

 

 

Агар солиқ тўловчининг солиқ бўйича қарзи мавжуд бўлса, ортиқча тўланган ёки ундирилган сумма аввало шу қарзни, кейин пеня ва жарималарни қоплаш учун босқичма-босқич ҳисобга олинади.

 

 

Ортиқча тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш ёки қайтариш тўғрисидаги қарор солиқ органи томонидан тегишли ҳолат аниқланган ёки солиқ тўловчининг ёзма аризаси қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида қабул қилинади.

 

 

Солиқ тўловчи ариза билан мурожаат этган тақдирда, ортиқча тўланган сумма тўлиқ ёки қисман қайтарилиши мумкин. Бу қоида қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича ҳам татбиқ этилади.

 

 

Қайтариш ёки ҳисобга олиш миллий валютамиз – сўмда амалга оширилади. Ортиқча тўланган ёки ундирилган солиқ суммаси солиқ тўловчининг ёзма аризаси олинган кундан эътиборан 15 кун ичида, барқарорлик рейтинги юқори бўлган тадбиркорлик субъектларига эса 3 кун ичида қайтарилиши шарт (ҚҚС бундан мустасно).

 

 

Бундай аризалар солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўлов қилинган кундан ёки ортиқча ундирилгани маълум бўлган кундан бошлаб уч йил ичида тақдим этилиши мумкин.

 

 

Солиқ органи аризани кўриб чиқиб, ортиқча тўланган сумма қайтарилиши ёки ҳисобга олиниши ҳақидаги қарорни одатда 10 кун ичида, юқори рейтингли тадбиркорлар бўйича эса 2 кун ичида қабул қилади. Агар рад этиш ҳақида қарор қабул қилинса, бу ҳақда солиқ тўловчига 3 кун ичида маълум қилиниши шарт.

 

 

Агар солиқ органи белгиланган муддатда ортиқча тўланган суммани қайтармаса, кечиктирилган ҳар бир кун учун фоизлар ҳисобланади. Ушбу фоизлар Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси асосида белгиланади ва давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади.

 

 

 

Спартак НИЯЗОВ,

Нукус туманлараро иқтисодий суди раиси