ОНА ТАБИАТ НЕЪМАТЛАРДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШ – ҚОНУН ТАЛАБИ

 

Экология ва табиат неъматларидан нотўғри фойдаланиш, ёки уларга зарар етказиш жиноят ҳисобланади. Чунки она табиат — инсониятнинг ҳаётий манбаи, жамият тараққиёти ва келажак авлодлар саломатлигининг асосидир. Мамлакатимизда табиатни асраб-авайлаш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлат дастурлари ва қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари орқали барқарор ривожланишни таъминлаш, экологик маданиятни юксалтириш ва табиий бойликларни муҳофаза қилиш устувор вазифа қилиб белгиланган.

 

Ер ва ер ости бойликлари ҳар бир мамлакатнинг энг муҳим миллий бойликлари ҳисобланади. Улар нафақат иқтисодиётнинг турли соҳалари учун асосий манба, балки халқнинг ҳаёт сифати ва келажак авлодлар фаровонлиги учун ҳам бебаҳо хазинадир.

 

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 197-моддасида ер ёки ер ости бойликларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш жиноят ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Бу норма табиий ресурслардан оқилона ва адолатли фойдаланишни таъминлаш, шу билан бирга уларни муҳофаза қилиш мақсадида жорий этилган.

 

Шунингдек, 197-1-моддада суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларига қарши курашиш нормалари белгиланган. Ердан фойдаланувчи ёки ижарачи ўз ҳудудида ернинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани ҳақида маълум бўлса, у бу ҳолат ҳақида тегишли органларга хабар беришга мажбур. Агар бу бурч бажарилмаса ёки чора кўрилмаса, шахс жавобгарликка тортилиши мумкин.

 

Ер ва ер ости ресурсларидан нотўғри фойдаланиш тупроқнинг деградациясига, сув ресурсларининг ифлосланишига ва экологик мувозанат бузилишига олиб келиши мумкин. Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш эса нафақат қонунбузарлик, балки аҳолининг турмуш тарзига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

 

Шунингдек, ер қазилмалари, сув захиралари ва минерал ресурслар мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсишига хизмат қилади. Белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиш ҳар бир фуқаро ва корхонанинг бурчи ҳисобланади.

 

Жиноят кодексининг мазкур моддаларида жарима, маълум ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, айрим ҳолларда эса озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазо чоралари белгиланган.

 

Ер ва ер ости бойликлари – ҳар биримизнинг умумий бойлигимиздир. Уларни асраб-авайлаш, қонун доирасида ва оқилона фойдаланиш ҳар биримиздан масъулият талаб этади. Чунки бугунги куннинг тўғри муносабати эртанги авлод учун муносиб мерос қолдириш демакдир.

 

 

 

Жасур УРАЗБАЕВ,

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси