ЭКОЛОГИЯ – ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

 

Инсоният тараққиёти ва саноат ривожланиши турмуш даражасини яхшилаш билан бир қаторда, табиат ва атроф-муҳитга жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бугунги кунда ҳаво ифлосланиши, сув танқислиги, чўлланиш жараёнлари, чанг бўронлари каби экологик муаммоларни бартараф этишда нафақат маънавий, балки ҳуқуқий масъулият ҳам катта аҳамиятга эга.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 62-моддасида фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурлиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, 68-моддага кўра ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси умуммиллий бойлик ҳисобланади ва давлат муҳофазаси остидадир.

 

Ана шу нормалардан келиб чиқиб, мамлакатимизда муҳим бўлган “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги , “Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг XIV боби (193–204-моддалар)да атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги жиноятлар учун жавобгарлик назарда тутилган. Жумладан, ер ва сув ресурсларини ифлослантириш, ноқонуний дарахт кесиш ёки ҳайвонот дунёсига зарар етказиш, ерларнинг унумдорлигини йўқотиш, уларни зарарлантириш, саноат чиқиндиларини қонунга хилоф равишда ташлаш каби қилмишлар оғир жиноят ҳисобланади ва улар учун қонунчиликда қатъий жазо чоралари белгиланган.

 

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг VIII боби (65-96-моддалар)да экология ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жазо чоралари кўрсатилган. Масалан, ерлардан хўжасизларча фойдаланиш ёки уларни яроқсиз ҳолга келтириш, сув, ҳаво ва атроф-муҳитни ифлослантириш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етказиш учун маъмурий жарималар ва бошқа чоралар белгиланган.

 

Ҳуқуқий асослардан кўринадики, табиатга етказилган ҳар бир зарар учун жавобгарлик муқаррар. Бу эса давлатимиз атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласига катта аҳамият қаратаётганини кўрсатади.

 

Шу боис, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш — фақат маънавий бурч эмас, балки қонун олдидаги жавобгарлик ҳамдир.

 

 

Алишер Аметов,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси