ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР

Одил судловни таъминлаш давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Судлар фаолияти самарали ва барқарор бўлиши учун давлат бюджети асосий манба бўлиб хизмат қилади. Бу жараёнда давлат божи алоҳида аҳамиятга эга, чунки у судларга мурожаат қилишда ундириладиган тўлов сифатида давлат бюджети шаклланишининг таркибий қисмига айланган.

Давлат божини тўғри белгилаш ва ўз вақтида ундириш нафақат давлат молияси учун, балки ҳар бир фуқаро ва тадбиркорлик субъекти учун ҳам муҳимдир. Судларга даъво аризаси беришда, апелляция, кассация ва тафтиш шикоятларини киритишда давлат божи тўланиши шарт. Бироқ қонун айрим шахсларни бож тўлашдан озод этади, айрим ҳолатларда эса тўловни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ёки камайтириш имкониятини беради. Бу эса иқтисодий қийинчиликка дуч келган шахслар учун ҳам одил судловдан фойдаланиш имкониятини сақлаб қолади.

Шу ўринда, 2025 йил 20 февралда қабул қилинган ЎРҚ-1032-сонли Қонун айрим муҳим ўзгаришларни жорий этди. Хусусан, электр ва иссиқлик энергияси етказиб берувчи ташкилотлар истеъмолчилар қарздорлиги учун судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилинди. Бу хизмат кўрсатувчиларнинг молиявий юкини енгиллаштириб, уларга барқарор маблағ топланишига ёрдам беради. Натижада аҳоли учун электр ва иссиқлик таъминотида узилишлар камаяди, хизмат сифатининг ошишига замин яратилади. Бироқ агар суд даъвони рад этса, давлат божи хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўзи томонидан тўланиши белгиланган. Бу эса қонун нормасининг адолатли ишлашига хизмат қилади.

Қонун хорижий тижорат ташкилотлари ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартибини ҳам аниқлаштирди. Энди давлат божи қайси муддат учун тўланиши белгилаб қўйилди. Бу хорижий бизнес учун ҳуқуқий тартибларнинг очиқ ва равшан бўлишига ёрдам беради, шу билан бирга мамлакатимизга инвестициялар кириб келишини рағбатлантиради.

Якуний хулоса шуки, давлат божи — давлат бюджети ва одил судлов тизимининг асосий таянчи. Унинг тўғри белгиланиши ва адолатли тартибда ундирилиши жамиятда ҳуқуқий тенглик ва молиявий барқарорликни таъминлайди. ЎРҚ-1032-сонли Қонун эса бу йўналишдаги ислоҳотларни янада такомиллаштириб, аҳоли, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва хорижий бизнес манфаатларини уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда.

Еркин УТЕНИЯЗОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси