МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ СОҲАСИДА ЮЗАГА КЕЛАЁТГАН НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ МЕХАНИЗМЛАРИ
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Сўнгги йилларда судга меҳнат ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиққан низолар бўйича даъво аризалари киритиш сони сезиларли даражада кўпаймоқда.
Меҳнат низоларининг кўпайишига жойларда меҳнат қонунчилигига ҳар доим қатъий амал қилмаслик, Конституция ва қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган меҳнат ҳуқуқларининг оёқ ости қилиниши, уларни асоссиз чеклаш ва соҳага тегишли қонуности ҳужжатлари талабларини лозим даражада бажармаслик каби салбий ҳолатлар сабаб бўлмоқда.
Даъво талаблари асосли бўлган ва меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ ноқонуний деб топилган барча ҳолларда суд ходимларни аввал ишлаб турган лавозимига ишга қайта тиклаш, мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарарни ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинмоқда.
Ишларни кўриб чиқиш якуни бўйича қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган ҳолларда суд алоҳида ажрим чиқариш йўли билан, иш берувчи ва унинг юқори ташкилотларига йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш талабини қўймоқда.
Аниқланган ҳолатлар келгусида иш берувчи томонидан меҳнат қонунчилиги талабларини чуқур ўрганиш, белгиланган қоида ва тартибларга сўзсиз амал қилиш, ходимлар билан ишлаш вазифаси юклатилган масъул шахсларнинг бунга боғлиқлиги билим ва кўникмаларини мунтазам равишда ошириб бориш каби аниқ вазифаларни бажаришни талаб этмоқда.
Янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси аввалги кодексга нисбатан мукаммал ишлаб чиқилган бўлиб, унда меҳнатга оид муносабатлар ва уларнинг иштирокчилари ўртасида, хусусан, иш берувчи ва ходим ўртасида пайдо бўладиган турли ҳолатлар кенг кўрсатиб берилди, бунда асосан ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилди.
Меҳнат низоларини суд томонидан кўришда ягона суд амалиётини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг тегишли қарорлари қабул қилинган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 ноябрда «Суд томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини қўллаш амалиёти тўғрисида»ги 26-сонли қарори қабул қилинган.
Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни, меҳнат шартномасини қўллаш масалалари бўйича якка тартибдаги меҳнат низоларини (даъво хусусиятига эга якка тартибдаги меҳнат низолари) кўриб чиқиш тартиби Меҳнат кодексида белгиланади, судда меҳнат низолари бўйича ишларни кўриш тартиби эса бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси билан белгиланади.
Ходим меҳнат низосини ҳал қилиш учун ўз танловига кўра меҳнат низолари бўйича комиссияга ёки бевосита судга мурожаат қилишга ҳақли.Ҳар қандай якка тартибдаги меҳнат низоси меҳнат низолари бўйича комиссияда ёки судда кўриб чиқишнинг исталган босқичида, суд махсус хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун киришидан олдин «Медиация тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ кўриб чиқиш учун медиаторга ўтказилиши мумкин.
Меҳнат қонунчилигида бевосита судда кўриб чиқиладиган меҳнат низолари ҳам белгиланган, шунингдек ҳар қандай якка тартибдаги меҳнат низолари ходимнинг хоҳишига кўра, бевосита судда ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
Якка тартибдаги меҳнат низосининг кўриб чиқилиши учун судга мурожаат қилишнинг тегишли муддатлари белгиланади.
Хусусан, ишга қайта тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича – ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги иш берувчи буйруғининг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан уч ой; ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар бўйича – иш берувчи зарар етказилганлигини аниқлаган кундан эътиборан бир йил; бошқа меҳнат низолари бўйича – ходим ўзининг ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши лозим бўлган кундан эътиборан олти ой.
Ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги низолар бўйича, шунингдек ходимга етказилган маънавий зарарни компенсация қилиш ҳақидаги низолар бўйича судга мурожаат этиш муддати белгиланмайди.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам, меҳнат низоларига оид даъво аризалари суд томонидан иш юритишга қабул қилиниб, мазмунан кўриб чиқилади. Меҳнат низолари бўйича судга мурожаат қилиш учун қонунда белгиланган муддатнинг ўтиб кетганлиги оқибатида даъво муддатини қўллаш бўйича иккинчи тарафнинг аризасига асосан суд томонидан даъво талабига нисбатан даъво муддати қўлланилиши мумкин.
Меҳнат шартномаси асоссиз бекор қилинган, ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган, меҳнат шартлари ўзгартирилган ёки ишдан четлаштирилган ҳолларда якка тартибдаги меҳнат низосини кўриб чиқувчи орган ходимни аввалги ишига тиклайди, шу билан бирга аввалги меҳнат шартларини тиклайди. Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишнинг қонунийлиги тўғрисидаги масалани ҳал этаётганда суд ходим билан меҳнатга оид муносабатларни бекор қилишнинг асослилигига баҳо беради.
Якка тартибдаги меҳнат даъвосини кўриб чиқаётган суд ходимга мажбурий прогулнинг бутун вақти учун ўртача иш ҳақини ёки кам иш ҳақи тўланадиган ишни бажарган бутун вақти учун иш ҳақидаги фарқни тўлаш тўғрисида қарор қабул қилади.
Ходимлар якка тартибдаги меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган талаблар бўйича судга мурожаат қилганда суд харажатларидан озод этилади.
Саодат КАИПНАЗАРОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси