ҚОНУН ҚЎЛЛАНИЛИШИДА ЯГОНА ЁНДАШУВ — СУД АМАЛИЁТИНИНГ УСТУВОР ВАЗИФАСИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Қорақалпоғистон Республикасидаги сектори, Мажбурий ижро бюроси ва Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаларида тегишли соҳа вакиллари билан Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьялари Г.Байназарова, К.Хожамуратов ва Ж.Аймаганбетовалар иштирокида ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Семинарда суд амалиётида қонун ҳужжатларини бир хил қўллашни таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги 23-сонли қарори билан бир қатор қарорларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти кенг ёритилди. Мазкур ўзгартишлар кредит ва гаров муносабатлари, ижро иши юритиш ҳамда ерга оид низоларни кўриб чиқиш тартибини такомиллаштиришга қаратилгани таъкидланди.
Судьялар томонидан кредитни муддатидан олдин ундириш шартлари, гаровдаги мол-мулкка ундирув қаратиш тартиби, ер ижараси муносабатларида юзага келаётган низоларни ҳал этишда ягона ёндашувни таъминлаш, шунингдек, прокурор иштирокининг мажбурий ҳолатлари юзасидан аниқ тушунтиришлар берилди. Амалда учраётган муаммолар, суд амалиётидаги тафовутлар ва уларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилинди.
Очиқ мулоқот шаклидаги семинарда иштирокчилар томонидан амалий саволлар берилди, судьялар эса қонун нормаларини тўғри қўллаш бўйича аниқ мисоллар асосида жавоблар берди.






