ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШДА ХУСУСИЙ АЖРИМЛАРНИНГ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Жиноятчиликка қарши кураш фақат жиноят содир этилгандан кейин айбдорни жазолаш билан чекланмаслиги лозим. Бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятида жиноятларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган профилактик чоралар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ана шундай таъсирчан ҳуқуқий воситалардан бири — хусусий ажрим ҳисобланади.
Хусусий ажрим суд томонидан жиноят ишини кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилишлар, тизимли камчиликлар, шунингдек, жиноят содир этилишига сабаб бўлган омилларни бартараф этиш мақсадида тегишли ташкилот, мансабдор шахс ёки органларга юбориладиган ҳуқуқий ҳужжатдир. У суд ҳукми ёки қароридан мустақил равишда чиқарилиб, жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилади.
Амалда хусусий ажримлар орқали меҳнат жамоаларидаги назоратсизлик, идоралардаги хизмат интизомининг бузилиши, масъул шахсларнинг лоқайдлиги, қонун талабларига риоя этилмаслиги каби ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилади. Энг муҳими, хусусий ажрим жиноятга олиб келган сабаблар келгусида яна такрорланмаслиги учун аниқ вазифаларни белгилаб беради.
Хусусий ажримларнинг жиноятчилик профилактикасидаги аҳамияти, аввало, уларнинг олдини олувчи таъсирида намоён бўлади. Суд томонидан юборилган хусусий ажрим ташкилот ва мансабдор шахслар учун огоҳлантирувчи сигнал бўлиб, масъулиятни кучайтиради. Натижада, қонунбузилишларга бепарволик билан қараш ҳолатлари камаяди, ички назорат ва интизом мустаҳкамланади.
Шунингдек, хусусий ажримлар жамоатчилик онгида ҳам ҳуқуқий маданиятни оширишга хизмат қилади. Улар орқали жиноят фақат шахсий айб эмас, балки муайян ижтимоий муҳит, бошқарувдаги камчиликлар, тарбиявий бўшлиқлар натижаси эканлиги яққол намоён бўлади. Бу эса жиноятчиликка қарши курашда барча идора ва ташкилотларнинг ҳамжиҳат ҳаракатини таъминлайди.
Қонунчиликка мувофиқ, хусусий ажрим юборилган орган ёки мансабдор шахс уни белгиланган муддатда кўриб чиқиши ва кўрилган чора-тадбирлар ҳақида судга ахборот тақдим этиши шарт. Бу тартиб хусусий ажримларнинг амалий самарасини таъминлаб, уларнинг формал ҳужжат бўлиб қолиб кетишининг олдини олади.
Хулоса қилиб айтганда, хусусий ажримлар жиноятчиликка қарши кураш тизимида муҳим профилактик механизм ҳисобланади. Ушбу ҳуқуқий восита орқали жиноятларнинг илдизига етиб бориш, сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга эришилади. Демак, хусусий ажримларнинг мазмунан тўғри ва ўз вақтида қўлланилиши жиноятчиликнинг олдини олишда самарали натижа беришининг муҳим кафолатидир.
Бекбаулы ДОСЫМБЕТОВ,
жиноят ишлари бўйича Мўйноқ тумани суди тергов судьяси






