КОРРУПЦИЯ – ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИГА ТЎСИҚ

 

Коррупция – бугунги кунда жаҳон миқёсидаги энг оғриқли муаммолардан бири ҳисобланади. У фақат иқтисодий ўсишни секинлаштирибгина қолмай, инсон ҳуқуқларига, жамият адолат ва ишонч муҳитига ҳам жиддий путур етказади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолиятининг илк кунлариданоқ коррупцияга қарши курашишни давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгилади. 2016 йилги сайловолди дастурида у мазкур иллатга қарши кескин курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва давлат идораларида шаффофликни таъминлашни асосий вазифа сифатида кўрсатган эди.

 

Мазкур йўналишдаги илк ҳуқуқий қадамлардан бири — 2016 йил 24 ноябрда қабул қилинган ва 2017 йил 3 январда Президент томонидан имзоланган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун бўлди. Ушбу қонунда биринчи марта коррупцияга аниқ таъриф берилди:

 

«Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий ёки бошқа шахслар манфаати учун қонунга хилоф равишда моддий ёки номоддий наф олиш ёхуд бундай нафни тақдим этишдир.»

 

Халқ тилида айтганда, бу — порахўрлик, таниш-билишчилик ва мансабдан фойдаланиш орқали шахсий манфаат кўриш ҳолатларидир.

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши тизимли курашиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

 

Жорий йилнинг 5 мартида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда соҳадаги натижадорлик таҳлил қилиниб, келгусида амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди.

 

Шунингдек, 2025 йил 21 апрель куни қабул қилинган ПФ–71-сонли Фармон билан коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш, жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтларини фаол жалб этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

 

Шу куни қабул қилинган ПҚ–147-сонли қарорда эса давлат органлари ва ташкилотларидаги ички назорат бўлинмалари фаолиятини мустақил ва самарали йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратилди. Унда “ҳалоллик вакцинаси” тамойили асосида давлат хизматчиларида коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш вазифаси илгари сурилди.

 

Бундан ташқари, 2025 йил 19 сентябрдаги ПҚ–288-сонли қарор орқали фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтириш, коррупция ҳолатларини илмий жиҳатдан тадқиқ этиш ва уларнинг сабабларини бартараф этишга қаратилган “Йўл харитаси” тасдиқланди. Ушбу ҳужжат коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик назоратининг кучайишига хизмат қилади.

 

Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш фақат ҳуқуқий ёки маъмурий чоралар билан чекланиб қолмаяпти. Энг муҳими — жамият онгида “ҳалоллик” қадриятини қарор топтириш, ёш авлодни пок ният, адолатпарвар руҳда тарбиялаш орқали бу иллатга қарши мафкуравий иммунитет яратишга эътибор кучаймоқда.

 

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида яратилган ҳуқуқий асослар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар давлат ва жамиятнинг барқарор ривожига хизмат қилади, деб ишонч билан айтиш мумкин.

 

 

 Жанат АЙМАГАНБЕТОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси