ПРОКУРОР ИШТИРОК ЭТАДИГАН ВА ИШТИРОКИ ШАРТ БЎЛГАН ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИ

 

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги фуқаролик процессуал қонунчилигида прокурорнинг суд ишларида иштирок этиши учун аниқ асослар белгиланган.

 

Жумладан, прокурор қонунда назарда тутилган ҳолларда,  ўзининг даъво аризаси (ёки аризаси) асосида қўзғатилган ишлар бўйича суд жараёнида иштирок этади.

 

Прокурорнинг судлардаги фаолиятининг ҳуқуқий асоси — бу, аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясидир. Конституциянинг 143-моддасида белгилаб қўйилганидек, мамлакат ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Бош прокурор ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади.

 

Шунингдек, “Прокуратура тўғрисида”ги Қонун ҳамда Меҳнат кодексининг 534-моддасида прокурор органларига фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ваколати берилган.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 50-моддасига кўра, прокурор-давлат манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ишлар (ер муносабатлари, давлат мулки, давлатга етказилган зарар ва бюджет тўловлари каби) бўйича, қонунда белгиланган бошқа ҳолларда, ёки прокурорнинг даъво аризаси асосида қўзғатилган ишлар бўйича иштирок этади.

 

Прокурор бошқа шахслар аризаси билан қўзғатилган ишда ўз ташаббуси билан қатнашиши мумкин эмас. Бироқ фуқаро ёши, соғлиги ёки бошқа сабабларга кўра ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаса, прокурор унинг манфаатларини судда ҳимоя қилиш учун мурожаат этиши мумкин.

 

Қонунчиликка кўра, қуйидаги тоифадаги ишлар прокурор иштирокисиз кўриб чиқилмайди:

 

фуқарони бедарак йўқолган ёки вафот этган деб эълон қилиш;

 

спиртли ичимлик ёки гиёҳванд моддаларни суиистеъмол қилган шахсни муомала лаёқати чекланган деб топиш;

 

руҳий касаллик ёки ақлий заифлик туфайли муомалага лаёқатсиз деб топиш;

 

фарзандликка олиш, психиатрия ёки сил касаллигига қарши муассасага ғайриихтиёрий ётқизиш ишлари;

 

вояга етмаган шахсни тўла муомала лаёқатли деб эълон қилиш;

 

ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, уни тиклаш ёки чеклаш билан боғлиқ ишлар.

 

Бу тоифадаги ишлар албатта прокурор иштирокида кўриб чиқилади.

 

 

Прокурор ариза билан мурожаат этган ҳолда даъвогарнинг барча процессуал ҳуқуқларига эга бўлади, аммо келишув ёки медиатив битим тузиш, суд харажатларини тўлаш мажбурияти — унга тааллуқли эмас.

 

Прокурор даъводан воз кечиши, суд ҳужжатлари устидан протест келтириши, иш бўйича тушунтиришлар бериши мумкин. Аммо даъвогар розилигисиз у даъво асоси ёки предметини ўзгартиришга ҳақли эмас.

2024 йил октябридан 2025 йил июнигача бўлган даврда фуқаролик ишлари бўйича судларда прокурор иштирокида биринчи инстанцияда – 2 431 та, апелляцияда – 166 та, кассацияда – 82 та, тафтиш инстанциясида – 62 та иш кўриб чиқилган.

 

Бу кўрсаткичлар судлар билан биргаликда прокурорлар олдидаги иш ҳажми тобора ортиб бораётганидан далолат беради.

 

 

Прокурорлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишда, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда муҳим ўрин тутади.

 

 

Судлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган бу фаолият келгусида ҳам самарали давом эттирилишига ишонч билдирилади.

 

 

Еркин УТЕНИЯЗОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси