ЁПИҚ СУД МАЖЛИСИ МАЪЛУМОТЛАРИНИ ОШКОР ҚИЛГАНЛИК УЧУН ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИК ЖОРИЙ ЭТИЛДИ
Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шахсий ҳаёт дахлсизлигини, оилавий сир ҳамда шаъни ва қадр-қимматни ҳимоя қилиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу йўналишда 2025 йил 22 апрелда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва 28 май куни Сенат томонидан маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1084-сонли Қонун бу борадаги муҳим қадам бўлди.
Мазкур қонун 2025 йил 26 сентябрь куни қабул қилиниб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини кучайтириш ҳамда замонавий ҳуқуқий кафолатларни яратишга қаратилган.
Амалдаги процессуал кодексларда ёпиқ суд мажлисларида иштирок этган шахслар маълумотларни ошкор қилмаслик ҳақида огоҳлантирилади, аммо бу талабни бузганлик учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган эди.
Энди эса бу бўшлиқ бартараф этилди — ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ва тафсилотларини суд рухсатисиз ошкор этган шахслар жиноий жавобгарликка тортилади.
Қонун билан Жиноят кодексининг 239-моддаси янги таҳрирда баён этилди. Энди суриштирув, дастлабки тергов ёки ёпиқ суд муҳокамаси маълумотларини тегишли рухсатсиз ошкор қилганлик жиноят сифатида баҳоланади.
Бу ўзгариш фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиради ҳамда суд жараёнларининг холислиги ва махфийлигини таъминлайди.
Қонунга мувофиқ, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал ва Маъмурий суд ишларини юритиш кодексларига ҳам қатор қўшимчалар киритилди.
Эндиликда, ёпиқ суд мажлисида иштирок этган барча шахслар суд муҳокамаси маълумотларини ошкор қилмаслик тўғрисида тилхат беради, тилхатда бу мажбуриятни бузганлик учун Жиноят кодексининг 239-моддасига мувофиқ жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантириш акс эттирилади, эксперт, таржимон, гувоҳ ва бошқа иштирокчилар ҳам суд томонидан огоҳлантирилади.
Ушбу ҳуқуқий янгилик суд тизимида махфийлик ва қонунийликни таъминлашга, шу билан бирга жамиятда ҳуқуқий маданият ва масъулиятни оширишга хизмат қилади.
Берик АЙТМУРАТОВ,
жиноят ишлари бўйича Қўнғирот тумани судининг тергов судьяси