ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУД ХАРАЖАТЛАРИНИ УНДИРИШ ТАРТИБИ

 

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

 

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан суд-ҳуқуқ соҳасидаги кенг кўламли ўзгаришлар ўзининг ижобий самарасини бериб келмоқда. Буни халқимизнинг суд ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қилаётган мурожаатлари, судларда кўрилаётган ишларнинг мазмуни ва унда иштирок этаётган шахсларнинг ҳуқуқий маданияти даражасидан ҳам кўзатишимиз мумкин.

 

Айниқса, сўнги йилларда фуқаролик ишлари бўйича судларнинг иш юритувидаги ишлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

 

Одил судловни амалга ошириш бевосита давлат бюджети ҳисобидан таъминланади. Бунда, судларга мурожаат қилишда ундириладиган давлат божи тўловлари бошқа мажбурий тўловлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантиришнинг таркибий қисмини ташкил қилади.

 

Шунинг учун давлат божини тўғри белгилаш ва вақтида ундириш муҳим аҳамият касб этади. Судларга ариза, даъво ариза беришда ҳамда суд ҳужжатларига нисбатан апелляция, кассация ва тафтиш шикояти беришда давлат божи ундириш миқдори, ҳамда давлат божи тўловидан озод қилинган жисмоний ва юридик шахслар рўйхати, шунингдек давлат божини кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва камайтириш тартиби Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси нормалари билан белгиланган.

 

Шу кунгача амалда бўлган “Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги пленуми қарори 15 йил аввал қабул қилинган бўлиб, бу давр ичида қонунчиликда бир қатор ўзгаришлар юз берди. Бу эса, мазкур пленум қарорини ҳам қайтадан кўриб чиққан ҳолда унинг янги таҳририни қабул қилиш заруриятини юзага келтирди.

 

Шу сабабли, судлар томонидан қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш, фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиётида мавжуд камчиликларни бартараф қилиш мақсадида 2024 йил 16 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида»ги 37-сон қарори қабул қилинди.

 

Мазкур Пленум қарори суд харажатларини ундириш масаласига доир қонунчиликни судлар томонидан тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

 

Пленум қарорига судлар томонидан давлат божини ундиришнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, судларда турлича амалиёт юзага келишига сабаб бўлган ҳолатларга батафсил тушунтиришлар бериш ҳақидаги янги бандлар киритилди.

 

Хусусан, даъво баҳоси чет эл валютасида белгиланган мулкий низо бўйича судга ариза берилганда, давлат божининг миқдори ариза тақдим этилган санада Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютада белгиланиши;

 

«Давлат божи тўғрисида»ги Қонун билан белгиланган давлат божи ставкаларининг фуқаролик ишлари бўйича судларига оид қисмида шартнома олди низолари бўйича тўланиши лозим бўлган давлат божи ставкалари белгиланмаганлиги ҳамда Фуқаролик процессуал кодекси 129-моддасининг 2-бандида мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволар бўйича даъвонинг баҳоси талаб қилинаётган мол-мулкнинг қийматига қараб белгиланиши назарда тутилганлиги сабабли, шартномани ҳақиқий эмас деб топиш ёки бекор қилиш ҳақидаги талаблар юзасидан низолашилаётган шартномада кўрсатилган пул қиймати (шартнома баҳоси) даъво баҳоси ҳисобланиши ва давлат божи мулкий хусусиятга эга даъво аризалар учун қонунда белгиланган ставка бўйича тўланиши лозимлиги;

 

«Давлат божи тўғрисида»ги Қонун 8-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар суд ҳужжатлари устидан апелляция, кассация, тафтиш шикояти билан мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этилганлиги;

 

апелляция, кассация, тафтиш шикоятидан воз кечилганлиги сабабли шикоят бўйича иш юритиш тугатилганда, тўланган давлат божи қайтарилмаслиги, агар шикоят беришда давлат божи тўланмаган бўлса, давлат божи шикоят берган шахсдан ундирилиши ва бошқа қатор суд амалиётида мавжуд камчиликларни бартараф қилиш бўйича тушунтиришлар берилган.

 

Мазкур Пленум қарори одил судловга эришишга хизмат қилиш билан бирга, суд амалиётини бирхиллаштириш, қонунларни аниқ ва тўғри қўллашга хизмат қилади.

 

 

Абдимурат КЕРИМБАЕВ,

Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси ўринбосари