“МИРАНДА ҚОИДАСИ” ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗ ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ ЗАМОНАВИЙ УСУЛИ
Янги таҳрирдаги Конституция мамлакатимизнинг яқин ва узоқ истиқболдаги барқарор тараққиёти, халқимиз фаровон ҳаётининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси ва ишончли кафолатидир. Бош қомусимизда ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди.
Хусусан, инсон манфаати ҳар нарсадан устун қўйилиши эътироф этилди ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланди. Булар, инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, инсон ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги ва бошқаларда ўз аксини топди.
Шунингдек, инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилди. Жумладан, Конституциямизда ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмаслиги, ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши ҳамда шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланди.
Бундан ташқари, шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги конституция доирасида мустаҳкамланди.
Бу каби нормалар шахснинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суд қарори асосида амалга оширилиши шартлигини билдириб, тергов ва суриштирув органлари томонидан инсонларни ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамоққа олиш ёки қамоқда сақлашга йўл қўймасликка қаратилгандир.
Конституцияда шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши кераклиги айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, сукут сақлаш ҳуқуқи берилди. Яъни, халқаро эътироф этилган “Миранда қоидаси” фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий усули сифатида Асосий қонунда ўз ифодасини топди.
Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги қайд этилган. Мазкур норма тўғридан-тўғри амал қилувчи қоида бўлиб, тергов ва суд жараёнида фақат ишончли ва қонуний далиллардан фойдаланишни таъминлайди ҳамда шахсни асоссиз равишда жавобгарликка тортилишдан ҳимоя қилади.
Қолаверса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги мустаҳкамланиб, ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги белгиланди. Бу қоидалар жиноий таъқиб остидаги ҳар қандай шахсга ёки унинг яқин қариндошларига руҳий босим ва турли таҳдидлар ўтказиш, унинг шаъни ва қадр-қимматни камситиш каби бошқа ноқонуний усуллар қўлланишининг олдини олади.
Яна бир муҳим норма — агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор дебтопилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги кафолатланди. Бу ҳол жиноят бўйича ҳақиқатни аниқлаш, шунингдек, айбсиз инсонларнинг жавобгарликка тортилишини олдини олишга, айни пайтда, жиноят содир этган ҳақиқий айбдор шахс ёки шахсларни аниқлашга хизмат қилади.
Маълумки, инсоннинг ажралмас ҳуқуқлардан бири – ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ умумеътироф этилган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам ўз аксини топган. Шу норма Конституциямизнинг 55-моддасида ҳам белгиланиб, ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли эканлиги эътироф этилди.
Ушбу қоиданинг мазмун-моҳияти шундаки, фуқаро ўз бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини, ўзгалар ҳуқуқларини бузмаган ҳолда, мустақил ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Бунда фуқаро томонидан ўзини ҳимоя қилишда қўлланиладиган усуллар ёки чоралар қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бўлиши лозим.
Шунингдек, фуқаро Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақлилиги белгиланган. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳам ҳимояланишини таъминлашнинг ҳуқуқий кафолатидир.
Бундан ташқари, шахсга давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлганидан сўнг, халқаро органларга мурожаат этиш ҳуқуқининг берилаётганлиги Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида зиммасига олган халқаро мажбуриятларини самарали бажаришга хизмат қилади.
Умуман олганда, ушбу қоидалар инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди, давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига хизмат қилади.
Жасур Уразбоев,
Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси