ИШГА ЖОЙЛАШИШ ҲУҚУҚИ

 

 Унумли ва ижодий меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолият билан шуғулланиш ҳар кимнинг мутлақ ҳуқуқидир.

 

Ҳар ким иш берувчига бевосита мурожаат қилиш ёки меҳнат органларининг бепул воситачилиги орқали, шунингдек, хусусий бандлик агентликларининг хизматлари воситасида иш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эгадир.Ишга жойлаштириш меҳнатга лаёқатли аҳолининг бандлигини таъминлаш учун иқтисодий, ташкилий, молиявий ва ҳуқуқий тадбирлар мажмуидан иборатдир. Ишга жойлаштириш қуйидагилар орқали амалга оширилади:

 

иш берувчига бевосита мурожаат қилиш йўли билан;

 

меҳнат органларининг бепул воситачилиги орқали;

 

хусусий бандлик агентликлари хизматлари орқали.

 

Давлат иш билан таъминлаш турини, шу жумладан, турли меҳнат режимидаги ишни танлаш эркинлигини; ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишдан ва меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилишдан ҳимояланишни; мақбул келадиган иш танлаш ва ишга жойлашишга бепул ёрдам беришни; ҳар кимга касбга ва ишга эга бўлишда, меҳнат қилиш ва иш билан таъминланиш шарт-шароитларида, меҳнатга ҳақ олишда, хизмат поғонасидан юқорилаб боришда тенг имкониятлар яратишни; янги касбга (мутахассисликка) бепул ўқитишни, маҳаллий меҳнат органларида ёки уларнинг йўлланмаси билан бошқа таълим муассасаларида стипендия тўлаб малакасини оширишни; бошқа жойдаги ишга қабул қилинганда моддий харажатлар учун қонун ҳужжатларига мувофиқ компенсация тўлашни; ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш учун муддатли меҳнат шартномалари тузиш имкониятини кафолатлайди.

 

Ишга жойлаштириш кафолатларини тақдим этиш тартиби Қонун ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланади.

 

Иш берувчи иш берувчининг аризасида кўрсатилган малака талабларини инобатга олган ҳолда ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахсларни ишга жойлаштиришни ташкил этиш учун иш жойларининг белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга жойлаштириш учун юбориладиган шахсларни ишга қабул қилиши шарт.

 

Қуйидаги сабабларга кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ходимлар учун иш қидириш даврида икки ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади, бунда ходимга тўланган бир ойлик ишдан бўшатиш нафақаси ҳам қўшиб ҳисобга олинади: – ходимнинг иш берувчи билан биргаликда бошқа ҳудудда ишлашга ўтишдан бош тортиши сабабли; ходимнинг соғлиғи туфайли тиббий хулосага мувофиқ соғлигига хавф туғдирмайдиган бошқа ишга ўтказишдан бош тортиши; технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (хизматлар) ҳажмининг қисқарганлиги муносабати билан;

 

ташкилот муассислари (иштирокчилари) ёки таъсис ҳужжатларида ваколат берилган юридик шахс органларининг қарори билан ташкилотнинг тугатилиши; ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқлиги сабабли; шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга қайта тикланиши сабабли; ташкилотни тугатиш тўғрисидаги суд қарорининг қонуний кучга кириши муносабати билан.

 

Ушбу кафолатлар ташкилот мулкдорнинг алмашиши муносабати билан, ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, ташкилотда бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам татбиқ этилади.

 

Агар ушбу ходимлар меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб ўн календарь кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтсалар, маҳаллий меҳнат органи берган маълумотномага биноан учинчи ой учун ҳам олдинги иш жойларидан ўртача иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

 

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмида кўрсатилган ходимларга уч ой мобайнида мақбул келадиган иш топиб берилмаган тақдирда, улар ишсиз деб эътироф этиладилар.

 

Башарти иш берувчи ночор (банкрот) деб топилса, у билан меҳнат муносабатларида бўлган ходимлар иш ҳақи ва ўзларига тегишли бошқа тўловлар хусусида бошқа барча кредиторларнинг талабларига нисбатан имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланадилар. Тугатилаётган ташкилотларнинг маблағи бўлмаган тақдирда, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ходимларга компенсациялар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

 

Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги  2020 йил 20 октябрдаги қонунига кўра, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишга жойлаштириладиган давлатда ҳимоя қилиш: – Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари; Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги; юборувчи ташкилотлар; нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

 

 

Саодат ҚАИПНАЗАРОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси