ҚАРЗДОРЛАРГА ҚОНУНИЙ ЧОРА КЎРИЛМОҚДА

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, Қорақалпоғистон Республикаси суди ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида “Алимент ундируви билан боғлиқ муаммоли ижро ҳужжатлари ижросини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни белгилаш ҳамда бундай оилаларда тарбияланаётган болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қўшимча вазифалар тўғрисида” қўшма фармойиш тасдиқланган.

 

Мазкур ҳужжат асосида Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлимлари иш юритувида бўлган алимент ундириш билан боғлиқ 1 минг 675 та муаммоли ижро ҳужжатининг 342 таси ўрганилди. Шундан 589 миллион сўмлик алимент пули ундириб берилди.

 

Тузилган ишчи гуруҳ аъзолари аралашуви билан 28 та ажрашган ёш оила яраштирилди, 139 нафар алимент тўловчи қарздор доимий иш билан таъминланди. 12 нафар ундирувчи, уларнинг 14 нафар вояга етмаган фарзанди соғломлаштирилиб, тўгаракларга жалб қилинди.

 

Ишчи гуруҳ томонидан моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандларини моддий жиҳатдан таъминлашдан бўйин товлаб юрган қарздорларга ҳам қонуний чоралар кўрилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 20 февраль куни жиноят ишлари бўйича Хўжайли туман судида алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб юрган қарздорнинг жавобгарлик масаласи кўриб чиқилди.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман судининг 2021-йил 19 ноябрдаги суд буйруғига асосан, М.Д. вояга етмаган икки нафар фарзанди таъминоти учун ҳар ойдаги жами даромадининг 3/1 қисми миқдорида алимент тўлаши лозимлиги белгиланган. Ушбу суд буйруғи Мажбурий ижро бюроси Хўжайли туман бўлими иш юритувига келиб тушиб, бўлим ходимлари томонидан қарздорга алимент пулларини ўз вақтида тўлаб бориши лозимлиги, шунингдек, уларни тўламаслик оқибати ҳақида бир неча маротаба огоҳлантиришлар берилганлигига қарамасдан, унинг қарздорлиги 32 миллион сўмдан ошиб кетган. Шу сабабли, Мажбурий ижро бюроси Хўжайли туман бўлими томонидан қарздорга нисбатан жавобгарлик масаласини ҳал қилиш мақсадида тўпланган иш ҳужжатлари жиноят ишлари бўйича Хўжайли туман судига юборилган.

 

Суд томонидан қарздор М.Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасига мувофиқ 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиб, суд залининг ўзида қамоққа олинган.

 

Ҳозирги кунда алимент ундируви билан боғлиқ муаммоли ижро ҳужжатлари ижросини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар давом этмоқда.