Биринчи инстанция судида иш юритиш. Суд буйруғи

Кейинги йилларда республикамизда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш, судларнинг мустақиллигини, судларда ишларни кўришнинг ошкоралигини таъминлаш билан биргаликда суд ишларини юритиш тартибини соддалаштириш борасида ҳам бирмунча ижобий ишлар амалга оширилди ва бу айни пайтда одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда ўз самарасини бермоқда.

 

Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро иқтисодий судларида
2023 йил давомида суд буйруғини бериш тўғрисидаги жами 27 та ишлар кўрилган, шундан қаноатлантирилган ишлар 19 тани, рад этилган ишлар 8 тани ташкил қилган.

Ушбу кўрилган ишларнинг туркумлар бўйича таҳлил қилганимизда қайд этилган даврда суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризалар 5 таси олди-сотди,
4 таси маҳсулот етказиб бериш, 9 таси пудрат, 7 таси қарз ва бирттадан кредит ва коммунал хизмат кўрсатиш шартномалари юзасидан берилганлиги аниқланди.

 

Суд буйруғи биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг алоҳида бир тури бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 135-моддасида кўрсатилган талаблар юзасидан, судья томонидан қуйидаги ҳолларда якка тартибда берилади, яъни солиқ қарзини ундиришни юридик шахсларнинг ва фуқароларнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисида талаб билдирилган бўлса, коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари тўлови бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган талаб билдирилган бўлса, ҳужжатлар асосида тан олинган дебиторлик қарзини ундириш тўғрисида талаб билдирилган бўлса, талаб тўланмаган, акцептланмаган ва акцептга сана қўйилмаган вексель нотариус томонидан протест қилинишига асосланган бўлса, ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб билдирилган бўлса берилади ва у ижро ҳужжати кучига эга бўлади.

 

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги талаб Иқтисодий процессуал кодексининг 135-моддасининг 1 ва 2-бандларига асосан қўйилган бўлса, қарздор томонидан солиқ қарзининг ёки қарздор томонидан қарздорликнинг тан олиниши талаб этилмайди.

 

Иқтисодий процессуал кодексининг 135-моддасининг 3-бандига асосан тақдим этилган суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризада дебиторлик қарзини қарздорнинг мол-мулкидан ундириш тўғрисида талаб қўйилиши мумкин эмас. Бундай талаб билдирилганда, аризани қабул қилиш мазкур кодексининг 140-моддасининг биринчи қисмига асосан рад этилади.  Кодексининг 135-моддасининг 3-бандига асосан қарздорликни ундириш тўғрисида талаб қўйилганда, дебиторлик қарзини қарздор томонидан ҳужжатлар асосида тан олинган бўлиши лозим.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза юридик шахс мақомига эга бўлмаган кредитор томонидан ёки юридик шахс мақомига эга бўлмаган қарздорга нисбатан берилганда, аризани қабул қилиш Иқтисодий процессуал кодексининг 140-моддаси биринчи қисмига асосан рад этилади.

 

Ариза билан юридик шахснинг алоҳида бўлинмаси (филиали, ваколатхонаси) юридик шахс номидан ишончнома асосида мурожаат этса, суд аризани қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.

Бунда талаб қилинаётган сумма (талаб қилиб олинаётган мол-мулк) алоҳида бўлинма (филиал, ваколатхона) фойдасига эмас, балки манфаатлари кўзланиб ҳаракат қилинаётган юридик шахс фойдасига ундирилади.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг мазмуни Иқтисодий процессуал кодексининг 136-моддасининг иккинчи қисми талабларига мос келиши лозим, акс ҳолда аризани қабул қилиш юқоридаги кодексининг 141-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан қайтарилади.

 

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага кредиторнинг талабини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши лозим. Ҳужжатлар асосида тан олинган дебиторлик қарзни ундириш учун суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:

қарздор билан тузилган шартноманинг асли ёки нусхаси;

товарлар етказилганлиги, ишлар бажарилганлиги, хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

қарздорлик тан олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (солиштириш далолатномаси, ёзишмалар ва ҳ. к.)нинг асли.

 

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага арз қилинган талабни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинмаган тақдирда, ариза Иқтисодий процессуал кодексининг 141-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига асосан қайтарилади.

 

Агар қонунда ёхуд шартномада низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя қилиниши белгиланган бўлса, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага ушбу тартибга риоя қилинганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилиниши керак. Бундай далиллар илова қилинмаган тақдирда, ариза Иқтисодий процессуал кодексининг 141-моддаси биринчи қисмининг 6-бандига асосан қайтарилади.

 

Қонун ҳужжатлари талабига кўра нотариал тасдиқланиши ва (ёки) давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган битимлар асосида вужудга келган қарздорликни ундириш ёки мол-мулкни талаб қилиб олиш бўйича суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага ушбу талабларга риоя этилганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилиниши лозим, акс ҳолда суд буйруғини бериш Иқтисодий процессуал кодексининг 144-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан рад этилади. Ушбу тартиб ғазначиликдан рўйхатдан ўтказиш мажбурий бўлган шартномаларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

 

ИПКнинг 137-моддасига мувофиқ аризачи (кредитор) суд буйруғини бериш тўғрисида ариза берганида қарздорга аризанинг кўчирма нусхасини топшириши шарт. Қарздор — юридик шахсга суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси топширилганлигининг далили бўлиб, унинг раҳбари ёки ходимининг муҳр (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) ёки штамп билан тасдиқланган имзоси, қарздор — фуқарога эса унинг шахсий имзоси ҳисобланади. Ушбу тартибга риоя қилинмаган тақдирда, суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза Иқтисодий процессуал кодексининг 141-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига асосан аризачи (кредитор)га қайтарилади.

Иқтисодий процессуал кодексининг 139-моддасининг биринчи қисмига кўра суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза учун судга даъво аризаси билан умумий тартибда мурожаат қилинганда низолашилаётган сумма асосида ҳисоблаб чиқилган ставканинг эллик фоизи миқдорида давлат божи тўланади.

 

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилиш Иқтисодий процессуал кодексининг 154-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан рад этилганда, ариза Иқтисодий процессуал кодексининг 141-моддаси биринчи қисмининг 5, 6 ва 7-бандларига асосан қайтарилганда, шунингдек суд буйруғини бериш Иқтисодий процессуал кодексининг 144-моддасининг биринчи қисмига асосан рад этилганда, кредитор томонидан тўланган давлат божи қарздорга нисбатан умумий тартибда кредитор томонидан даъво тақдим этилганда тўланиши лозим бўлган бож ҳисобига ўтказилади.

 

Агар суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинмаган бўлса, ариза Иқтисодий процессуал кодексининг 141-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига мос ҳолда қайтарилади.

 

Агар суд буйруғи берилгунга қадар кредитордан суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қайтариш ёки талабдан воз кечиш ҳақида ариза берилган бўлса, суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза Иқтисодий процессуал кодексининг 141-моддаси биринчи қисмининг 7-бандига асосан қайтарилади.

 

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг қайтарилганлиги кредиторнинг судга бундай ариза билан қайта мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади. Мазкур ажрим устидан шикоят қилиниши мумкин.

 

Иқтисодий процессуал кодексининг 142-моддасининг биринчи қисмига кўра, қарздор унга суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси топширилган пайтдан бошлаб ўн кунлик муддатда судга кредитор талабларига қарши эътирозларини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли.

 

Агар қарздор узрли сабаб билан ўз вақтида кредиторнинг талабига қарши эътироз билдириш имкониятига эга бўлмаган бўлса, суд буйруғининг кўчирма нусхаси олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда ўша судга суд буйруғини бекор қилиш тўғрисида ариза беришга ҳақли. Суд бундай ҳолда буйруқни бекор қилишга ҳақли, шундан кейин кредиторнинг талаби даъво ишини юритиш тартибида кўрилиши мумкин.

 

Суд буйруғини бекор қилиш ҳақидаги ёки бекор қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай суд муҳокамасисиз, кредитор ва қарздор чақиртирилмасдан, уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан чиқарилади.

 

Мазкур ҳуқуқий институтнинг афзаллик жиҳатлари шундаки, ундирувчининг қарздордан пул маблағларини ундириш каби аризалари судлар томонидан қисқа муддат ичида, ортиқча оворагарчиликларсиз, тарафлар суд муҳокамасига чақирилмасдан кўриб чиқилади ва аризадаги талаб асосли бўлган тақдирда уни қаноатлантириш ҳақида суд буйруғи берилади.

 

 

 

Гулмира Арзиева,

Нукус туманлараро иқтисодий судининг судьяси