Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичи. Медиация – бу низонинг ҳамкорликка айланиши
Мамлакатнинг демократик ривожланганлиги даражаси албатта ушбу мамлакатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланганлик даражаси билан чамбарчас боғлиқдир.
Мамлакатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни эса мукаммал ишлаб чиқилган норматив ҳуқуқий база ва суд-ҳуқуқ тизимисиз тасаввур қилиш қийин.
Мамлакатимизда истиқлол йилларида бу борада жуда салмоқли ишлар амалга оширилди ва давом эттирилмоқда. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири, бу – қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдан иборат бўлди.
Бу борадаги ишлардан мамлакатни демократлаштириш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни яна бир қадам олға илгарилатишга туртки бўлган мамлакатимиз биринчи президенти И.А.Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисида илгари сурган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси»ни атаб ўтиш жоиз.
Ушбу Концепцияга асос давлат бошқарувини демократлаштириш ва суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштиришга қаратилган 50 дан зиёд қонунчилик ташаббуслари илгари сурилиб, бугунги кунга келиб ушбу ташаббусларнинг деярли барчаси ҳаётимизга татбиқ этилган.
Мамлакатимизда бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар дунёда тезкорлик билан рўй бераётган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёвнинг 2016 йил 21 октябрдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Ушбу Фармонга илова билан «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар» Дастури тасдиқланди.
Дастурга мувофиқ Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини изчил такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш мақсадида умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида бир қатор алоҳида қонунлар қаторида «Медиация тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам ишлаб чиқиш ва қабул қилиш назарда тутилган эди.
Ушбу қонун лойиҳаларидан «Медиация тўғрисида»ги қонун суддан ташқари фуқаролик ва иқтисодий низоларини тартибга солишнинг асосий тушунчалари, мақсадлари, вазифалари, механизмларини белгилаб беришга қаратилгандир.
Президентимиз Фармонида назарда тутилган мазкур қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 12 июнда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2018 йил 28 июнда маъқулланиб, Президентимиз томонидан 2018 йил 3 июль санасида имзоланиб, 2019 йил 1 январдан кучга кирди.
Медиация институти тарихига назар соладиган бўлсак мутахассислар фикрича ушбу тушунча инсон жамиятида низо қачон пайдо бўлган бўлса медиация ҳам бўлган. Тарихдан маълум фуқаролар низолашаётган тарафлар ўртасида сўзлашувлар олиб боришга, бетараф (нейтрал) шахс иштирокида низони ҳал қилишга кўпинча мурожаат қилишган. Инсоният жамияти ривожланишининг ҳар қандай босқичларида медиация усуллари ҳар хил шаклларда намоён бўлган бўлса да, унинг асосий – тарафларни мустақил тараф иштирокида яраштириш мақсади ўзгармаган.
Тарихдан маълум бўлишича низоларни ҳал қилишнинг яраштирув усуллари ибтидоий жамоа давридан бери қўлланиб келинган. Олимлар фикрига кўра низоли вазиятларни ҳал қилиш учун учинчи мустақил (нейтрал) томонни жалб қилиш зарурлиги энг аввало бу тирик қолиш нияти билан боғлиқ (айрим шахс ёки гуруҳлар). Ушбу яраштирув усулларини биринчилардан бўлиб қўллаганлар бу ибтидоий қабилаларда қабила бошлиқлар бўлди. Улар шу йўл билан жами қабиланинг қирилиб кетишига сабаб бўлиши мумкин бўлган зўравонликларни тўхтатиб қолишган.
Ушбу усулни қўллаш Финикия ва Вавилон савдогарлари ўртасида ривожланган бўлган. Қадимий Грецияда воситачиларни қўллаш амалиёти мавжуд бўлган (proxenetas). Рим ҳуқуқи ҳам Юстиниан кодексидан бошлаб (530—533 б. э.), воситачиликни тан олган. Римликлар «воситачи» тушунчасини белгилаш учун ҳар хил терминлардан фойдаланган — «internuncius», «medium», «intercessor», «philantropus», «interpolator», «conciliator», «interlocutor», «interpres» ва ниҳоят«mediator».
Медиация ўзининг замонавий тушунчасида 20 асрнинг иккинчи ярмидан, дастлаб англо-саксон ҳуқуқи давлатларида – АҚШ, Австралия, Буюк британияда ривожлана бошлаган ва кейинчалик Европага кенгдан тарқала бошлаган. Медиацияни қўллаш бўйича дастлабки уринишлар одатда, оилавий низоларни ҳал қилишга тегишли. Кейинчалик, медиация маҳаллий жамоалар ўртасидаги низолардан тортиб, тижорат ва оммавий соҳалардаги кўп қиррали бўлган низоларни ҳал қилишда ҳам ўз ўрнини топди.
Медиация институти бугунги кунга келиб дунёнинг АҚШ, Германия, Буюк британия, Австрия, Япония, Хитой, Гонконг, Корея, Индия ва бошқалар каби кўпгина мамлакатларида ташкил этилган ва муваффақиятли амал қилмоқда. Шу билан бирга бир қатор давлатларда медиациянинг зарурлиги шу даражага бориб етдики, уни қонунчилик даражасида тартибга солиш мақсадга мувофиқ, айрим ҳолларда эса зарур деб топилди.
Шуни ва ушбу институтнинг аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда 2002 йил 24 июнда БМТнинг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссияси (ЮНСИТРАЛ) томонидан «Халқаро тижорат келиштирув процедураси ҳақида»ги (айрим манбаларда унинг номи «Халқаро савдо арбитражи ҳақида» деб берилган) намунавий қонун қабул қилинган. Келиштирув процедураларига оид тавсиявий характерга эга бўлган ушбу қонуннинг тушунтириш хатида, ушбу институт ўзининг қўлланилишини топган давлатлардаги медиация жараёнларида эришилган келишувларнинг юридик натижадорлиги ва мажбурийлиги юзасидан таҳлил (обзор)лар ишлаб чилган.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда 2008 йил 21 майда Европа парламенти ва Европа Иттифоқи Кенгаши томонидан қабул қилинган «Фуқаролик ва тижорат ишларидаги медиациянинг айрим жиҳатлари ҳақида»ги директива, 2004 йил 2 июнда қабул қилинган медиаторлар ахлоқи ва муомалаларини ўзида акс эттирган Европа кодекси мавжуд.
Ушбу кодекс нормалари асосан фуқаролик ва тижорат ишларига оид медиацияга мўлжалланган. Кодексда медиаторни тайинлаш тартиби, унга қўйиладиган талаблар, ушбу фаолиятда қўлланадиган тамойиллар ўз ифодасини топган.
АҚШда бугунги кунда медиация тўғрисида яхлит қонун мавжуд бўлиб, у бунгача АҚШнинг ҳар хил штатларида воситачилик фаолиятини тартибга солиб келган, илгаридан мавжуд бўлган 2500 дан зиёд қонун-ҳужжатларини жамлаган.
Ўзбекистон Республикасининг Медиация тўғрисидаги Қонуни 4 боб, 34 та моддалардан иборат.
Мазкур Қонуннинг 3-моддасига кўра, унинг амал қилиши чет эл амалиётидан фарқли ўлароқ, фақат фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, шунингдек якка меҳнат низоларига ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.
Ушбу Қонуннинг амал қилиши медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қиладиган ёки дахл қилиши мумкин бўлган низоларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, тарафлар ўртасидаги низоларнинг судсиз, медиация ёрдамида ҳал этилиши фуқаролик ва иқтисодий соҳадаги ишларни соддалаштиришда, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги низоларнинг ўзаро муносабатларини низо сабабли ўзишга эмас балки, давом этишига хизмат қилади деб ишонч билдириш мумкин.
Еркин Утениязов,
Қорақалпоғистон Республикаси суди
Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси