Янгиланаётган Конституцияда фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояси
Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси А.Сафаров, Нукус туманлараро маъмурий судининг раиси Б.Досимбетов, Амударё туман ҳокимлиги маъсул ходимлари иштирокида тумандаги 82-сонли мактабнинг мажлислар залида Манғит шаҳари ва шаҳар атрофи мактаб директорлари ва директор ўринбосарларининг иштирокида “Янгиланаётган Конституцияда фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояси” ва Педагог ходимини меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш билан боғлиқ қабул қилинган ЎРҚ-826-сонли Қонунининг мазмун моҳиятини тушунтириш юзасидан очиқ мулоқат бўлиб ўтди.
Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси А.Сафаров сўзга чиқиб, Янгиланаётган Конституция бўйича, таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти кенгайтирилаётганлигини, ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлишини, ижтимоий давлатга хос ёндашувлар таълим соҳасига оид кўплаб модда ва нормаларда ҳам ўз ифодасини топаётганлигини таъкидлади. Жумладан, таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга ошмоқда, фуқароларнинг олий таълим муассасаларида давлат гранти ҳисобидан ўқиш ҳуқуқи қатъий белгилаб қўйилмоқда. Маълумот тариқасида айтиш мумкинки, 2017 йилгача олийгоҳларда ўқиш учун давлат грантлари сони фақат қисқариб келган бўлса, охирги олти йилда бу борадаги аҳвол бутунлай ўзгарди. Грантлар сони 2 бараваркўпайиб, 40 мингтага етди. Магистратура учун эса 5 баравар кўпайганди. Асосий қонунда фуқароларнинг бепул бошланғич касб-ҳунарга ўқитилиши ҳам белгиланмоқда. Ногиронлиги бор болажонларимизга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитларни яратиш кўзда тутиляпти. Шунинг учун, бундай имкониятлар инклюзив таълим сифатида Конституцияга киритилмоқда. Бу шундай нуқсонларга эга болаларимизнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топиши учун муҳим кафолатдир.
Конституцияда давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтириляпти. Бу қоидалар мамлакатимиздаги 685 минг нафардан ортиқ ўқитувчиларнинг профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланиши уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми, обрўсини янада оширишга хизмат қилади.
Яна бир муҳим янгилик – давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитларяратиши конституциявий мустаҳкамланмоқда. Ушбу норманинг киритилиши жамиятимизда оила мустаҳкамлиги ва мўътабарлигини барқарор таъминлашга хизмат қилади.
Энди фарзандлар тарбияси, уларга таълим бериш, баркамол вояга етказиш ҳам ота-она мажбурияти сифатида белгиланмоқда. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш эса давлатнинг бурчи сифатида белгиланмоқда.
Конституцияда ҳар кимнинг меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқи кафолатланмоқда. Мазкур норманинг Конституцияда белгиланиши фуқароларнинг иш ҳақлари миқдори шунчаки эмас, айнан уларнинг муносиб турмуш кечиришини таъминлашда, пировард натижада аҳоли турмуш даражасини яхшилашда ва мамлакатимизда ижтимоий адолатни устувор қадриятга айлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Лойиҳада ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши белгиланмоқдаки, булар давлатимизда гендер тенглиги принциплари тўлақонли амал қилишига олиб келиши тайин.
Бундан ташқари, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши ҳам мустаҳкамланётганлигини.
Қолаверса, давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайтатайёрланишини ташкил этиши ҳамда рағбатлантириши қайд қилинмоқда. Бу янги норма иш билан таъминланмаган фуқароларни камбағаллик ҳолатига тушиб қолишининг олди олишга ёки камбағаллик тоифасига кириб қолган фуқароларни ундан чиқариш бўйича давлат томонидан тегишли чоралар кўрилишига конституциявий кафолат сифатида хизмат қилишини.
Конституцияда болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, аҳлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланиши белгиланмоқда. Бугунги Ўзбекистонда узоқ йиллар юртимизнинг халқаро имиджига салбий таъсир қилиб келган мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилди.
Мулоқотлар чоғида, Нукус туманлараро маъмурий судининг раиси Б.Досимбетов сўзга чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, айниқса, таълим ташкилотларининг педагог ходимларини ўз хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ҳолларига қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.
Бироқ педагог ходимларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга жалб этиш ҳоллари давом этмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма киритилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, шунингдек уларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши назарда тутилмоқда.
Ушбу Қонун таълим ташкилотининг педагог ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарликни кучайтиришга, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.
Асқар Сафаров,
Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси